Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хонадонларда эчкиларни парваришлаш бўйича тавсиялар

25/Noyabr/2024 08:18
  1439

Эчки аҳоли хонадонларида сут, гўшт, жун, тивит, териси учун боқилади. Эчки ўзига ўлат, чечак ва сил касалликларини юқтирмаслиги, оқсил ва енгил ўзлаштирилувчи ёғларга бой сут бериши билан эътиборли. Эчки сутида мис, рух, марганец, йод каби микроэлементлардан ташқари камқонликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кобальт моддаси нисбатан кўп учрайди.

Эчки сути таркиби жиҳатидан она сутига жуда яқин туради.

Зотлари: Жайдари (қора жунли), Ангар эчкиси, Заане, Оренбург зотлари боқилади.

Ўртача 9–10 йил (баъзилари 17 йилгача) яшайди, хўжаликда 7–8 йил фойдаланилади. Улоқлари 5–8 ойлигида жинсий етилади, 14–18 ойлигида қочирилади. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Хонаки зотларининг кўпи серпушт: ҳар 100 бош урғочи эчкидан 150–250 улоқ олинади. Яхши озуқа шароитида асраб боқилганда йилига 2 марта болалайди. Такаларининг тирик вазни 60–65 кг дан 100 кг гача, урғочилариники 40–60 кг. Серсут зотларидан йилига ўртача 450–550 кг гача сут соғиб олинади. Сутининг ёғлилиги 3,8–4,5%. Такалардан 4–6 кг, урғочилардан 3–5 кг. дан жун қирқиб олинади. Сертивит зотларидан 0,2–0,5 кг. дан 2 кг. гача тивит тараб олиш мумкин. Яхши боқилган катта ёшдаги эчки 20–28 кг гўшт ва 4–6 кг ёғ, 7–10 ойлик эчкилар эса 12 кг гўшт ва 1,5 кг ёғ беради.

Парваришлаш. Эчкилар озуқага талабчан эмас: экин қолдиқлари, сабзавот-полиз чиқиндилари, бўта ва дарахт барглари билан озиқланаверади. Куз ва қиш фаслида ҳар бир бош эчкига 0,5 кг табиий ўт ва 300–400 г ем берилади. Хонадон соҳиблари ёз даврида қишлов учун ҳар бир бош эчки ҳисобига150–200 кг дағал хашак ва 30–40 кг концентрат озуқа ғамлашлари лозим.


   А.Нурматов, Б.Аллашов 

Улашиш: