Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 05:19
  1626

Экиш учун тавсия этиладиган навлари: Тамопан, Зенжи-мару, Хиакуме ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдони яхшилаб текисланади, сўнг ерга етарли миқдорда – гўнг, чиринди, фосфорли, калийли ва азотли ўғитларни солиб, чуқур қилиб ҳайдалади.

Хурмони экиш схемаси – 6×5–6 м, кўчатларни экиш март ойи давомида амалга оширилади.

Кўчат экиладиган ўраларнинг чуқурлиги ва кенглиги 50×50 см бўлиб, чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига олиб, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олинади сўнгра экилади.

Кўчат ўрага тик қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Парваришлаш. Эрта баҳорда новдалар 30–40 см қолдириб қирқилади. Ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади.

Томорқадаги хурмо дарахтларига 250–300 г азотли, 200–220 г фосфорли ва 180–200 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Азот ўғити иккига бўлиб, 30–40 фоизи кузда, қолгани апрель ва июль ойларида тенг миқдорда солинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни ошишига ижобий таъсир этади.

Бўз тупроқларда гилос дарахтлари ўсув даври мобайнида 5–8 марта, шағалли ерларда 12–14 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Хурмо дарахтига зараркунандалардан ўргимчаккана, узум қурти зарар келтиради. Касалликлардан бактериоз, чириш хавф солади.

Ўргимчакканага қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл), 5 фоизли Каратэ эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 40–50 мл) пуркалади.

Узум қуртига қарши эрта баҳорда 5 фоизли Каратэ эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 40–50 мл) пуркалади. Ушбу препаратлар бўлмаганда тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин.

Бактериоз ва чириш касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Хурмо ҳосили кеч кузда йиғиштириб олинади. Хурмо мевалари асосан сариқ рангга кирганда пишган ҳисобланади. Пишган мевалар оҳиста узиб олинади ва саватларга жойланади. Сақлаш даврида мевалар юмшаб қолишини инобатга олиб, улар бир қатор қилиб тахланади. Теримдан сўнг бир оз муддат ўтганидан кейин мевалар истеъмол учун яроқли ҳолга келади.


    Ш.Аҳмедов 

Улашиш: