Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Альтернантера гули

23/Noyabr/2024 07:49
  1433

Альтернантера — амарантлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Жанубий Америка (Бразилия)дан келтирилган. Альтернантера — гиламли гулчиликда қўлланувчи асосий ўсимликлардан биридир. Чунки унинг барглари ёрқин рангли, бир текис ўсади ва гулдонларнинг тоза кўринишини таъминлайди. Пастак, ихчам, баландлиги 8-12 см гача бўлган ўсимлик. Барглари ништарсимон, ранги қизғиш-пушти ёки сарғиш-кўкдир, қуёшда уларнинг ранглари ёрқинлашади.

Манзарали боғдорчиликда энг кўп тарқалганлари қуйидагилар: Ёқимли альтернантера баландлиги 10 см гача бўлган ўсимлик, ингичка эллиптик баргли, яшил, қизил ва олов рангининг турли тусларида. Бетзик альтернантераси— турлари катта миқдорда мавжуд, барглари яшил, қизил ва сариқ рангда. Шу гуруҳга тилла ранг альтернантера — тилла-сарғиш рангидаги баргли ва уч рангли альтернантера, унинг барглари яшил, қизил, пушти рангларда, айрим ҳолларда эса сариқ рангда ҳам бўлади, турли рангли альтернантера — баландлиги 15 см гача, ялтироқ-бинафша рангли баргларида пушти-қизил ва oқ доғлари мавжуд.

alternant-9512044658993-65478133.jpg (44 KB)

1-расм. Бетзик альтернантераси

Қаламчалар билан кўпайтиришда туплар қиш давомида ёруғ иссиқхонада 14-16° ҳароратда сақланади. Ўзгарувчан ҳарорат, нотекис суғориш ўсимликка ёмон таъсир қилади ва нобуд бўлиши мумкин.

Қаламчалар март ойида олинади. Қаламчалар субстрат ҳарорати 20—22° бўлган иссиқ токчаларда ёки токчаларга ўрнатилган парникчаларда илдиз отади. Апрел ойининг иккинчи ярмидан улар яхши иситилган иссиқхоналарда ҳам тез илдиз отади. Иссиқхона ёки токча ерини 0,5— 1 см қалинликдаги эланган қум билан қоплайдилар. Қаламчалар экилгандан кейин иссиқхона ромлари бирмунча муддатга соя солинади. Март ойида қаламчалар 10— 12 кундан кейин, апрел ойида эса 5—8 кундан кейин илдиз отади. Шундан кейин, совуқ уриш эҳтимоли бўлмаса, ромларни очиш мумкин. Бу ҳолда қаламчалар тоза ҳавога ўрганади, барглар эса қуёшда ёрқин рангда товланади. Совуқ тугаши билан, май ойи бошларида кўчатлар доимий жойига экилади. Экишда ўсимликлар орасидаги масофа 6— 10 см бўлади.

Альтернантера иссиқ, қуёш яхши тушадиган томорқада, енгил, унумдор, нордон бўлмаган, ўртача нам тупроқларда яхши ўсади. Кесилганда ўсимлик кучли шохланади ва катта миқдорда барглар чиқаради, бу билан у чиройли кўринишга эга бўлади. Ўсимлик баландлиги 20 см гача чегарада кесиш билан таъминлаш мумкин. Альтернантера гиламли клумбалар, ҳошиялар, расмлар, портретлар ва ҳоказолар учун ишлатилади. Уни яна манзарали — баргли тувак ўсимлиги сифатида ва гуллар кўргазмасида таг ранглар ташкил қилиш учун ҳам экиш мумкин.

Манба:

Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: