Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ёш токзорларни парваришлаш

23/Noyabr/2024 12:38
  1510

Кўчатларнинг тутиши ва ривожланиши, уларнинг мевага кириши, бўлажак ҳосил ва унинг сифати ёш токзорни парваришлашга боғлиқ.

Қатқалоқ пайдо бўлишига, бегона ўтларнинг ривожланишига йўл қўймаслик зарур. Ток кўчатлари ўтқазилгач дастлабки йилда уларнинг илдиз тизими унча яхши ривожланмаган бўлади. Шу сабабли токзорни деярли ҳар ойда суғориб туриш лозим. Бунда тупроқ камида бир метр чуқурликда намланиши керак. Бундан ташқари, ноябрдан мартгача бир-икки марта захира суви берилади. Сизот сувлар юза жойлашган ерларда кўпи билан 3–4, шағалли ерларда 1,5–2 марта кўпроқ, вегетация суғоришлари ўтказилади. Ҳар суғоришдан 2–3 кун ўтгач қатор оралари культивация қилинади.

Ердан ва сувдан унумли фойдаланиш учун токзор қатор ораларига дастлабки икки йилда сабзавот, полиз экинлари, эртаги картошка ва бошқа (баланд бўйли ўсимликлардан ташқари) экинлар экилади. Бу экинларни токзор қаторидан камида 50 см масофада жойлаштириш зарур.

Кўчатлар ўтқазилган йили ток баргларини ранги ўзгаришидан (август-сентябрь) ва тўкилишидан олдин навлар аралашганлигини аниқлаш учун улар белгиланади ва ўрнига шу асосий нав кўчатлари октябрда ёки эрта баҳорда экилади. Тутмаган кўчатлар ўрни ҳам тўлдирилади. Токлар ўтқазилган йили кесмасдан қўлда кўмилади.

Баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин туплар очилади. Дастлабки йилларда токлар баҳорда кесилади. Токзорлар иккинчи йили биринчи йилдагидек, учинчи йили ҳосилга кирган токзорлар каби парвариш қилинади. Агар дастлабки икки йилда токзорда айрим туплар қуриган бўлса, уларнинг ўрнига ўша навли кучли кўчатлар ўтқазилади.

Учинчи йилдан бошлаб (кучли тупларда иккинчи йилдан) нобуд бўлган туплар асосан пархиш қилиш йўли билан тикланади. Бунда оналик тупдаги соғлом, пишган бир йиллик новда олиниб, қатор бўйлаб 50–60 см чуқурликда ковланган чуқурга ётқизилади. Чуқурга ётқизилган новданинг учи керакли жойда тупроқ юзасига чиқарилади, қолган қисми эса кўчат ўтқазилгандаги каби тупроқ билан кўмилади. Тупроқ юзасига чиққан новда икки-учта кўзча қолдириб кесилади ва қозиққа боғланади. Икки-уч йилдан кейин пархиш оналик тупдан ажратилади. Яхши ривожланган ўсимликдан пархиш ётқизиш учун июль-сентябрь ойлари қулай. Жойлашган, зарур узунликка эга кўк новдалардан қолдирилади. Барглари узиб ташланган кўк новдалар ерга пишган новдалар каби ётқизилади.

Манба: www.agro.uz

Улашиш: