Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахт кўчатларини озиқлантириш

21/Noyabr/2024 15:55
  1276

Кўчатзор ерини тайёрлаш. Боғ яратиш дарахт кўчатларини етиштиришдан бошланади. Кўчат етиштириш эса бир неча (2—3) йил давом этади. Бу даврдаги тадбирлар тизимида тупроқларни маданийлаштиришга алоҳида эътибор берилади. Тупроқ кузда 30—45 см чуқурликда ҳайдалади. Шудгор олдидан тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда гектарига 30—100 т чала чириган гўнг, 60—100 кг фосфор, 70—80 кг калий сочиб чиқилади (бедапоя ўрнида барпо этиладиган кўчатзорларга маҳаллий ўғитлар киритилмаса ҳам бўлади), сўнгра сидерат сифатида биронта дуккакли дон экин етиштирилади.

Мевали дарахт уруғи экиладиган майдонга кузда 20—50 т чала ёки тўла чириган гўнг, 100—150 кг фосфор ва 60—90 кг калий киритилади. Экиш билан бир пайтда гектарига 20 кг Р2О5 берилса, уруғлар тез ва қийғос унади. Бу даврда азотли ўғит киритилмайди.

Ниҳоллар ўзини яхши тутиб олгандан кейин (3—4 чин барг даври) гектарига 40—50 кг азот киритиб, биринчи қўшимча озиқлантириш, орадан 20—25 кун ўтгач шу меъёрдаги азот билан иккинчи қўшимча озиқлантириш амалга оширилади.

Озиқлантириш учун гўнг шалтоғи ва парранда ахлатидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда гўнг шалтоғи 5— 10 марта суюлтирилади ва гектарига 10—15 т ҳисобида 4—5 см чуқурликка киритилади. Парранда ахлати сув билан 1:2 нисбатда аралаштирилади ва бир неча кун қолдирилади. Кейин 8—10 марта суюлтирилиб, гектарига 0,8—1,0 т ҳисобида киритилади.

Ўзини тутиб олган ниҳоллар иккинчи йилнинг баҳорида 100—150 кг, июнь ойида 75—100 кг меъёрида азот (N) билан озиқлантирилади. Данакли мева ниҳоллари учун бу меъёр 1/3—1/4 марта камайтирилади.

Мевали дарахт кўчатларини озиқлантириш. Етилган ниҳолларни кўчат қилиб ўтказишда кўпроқ хандақ (эни 40—50 см чуқурлиги 50—60 см) усулидан фойдаланилади. Маҳаллий ўғит йиллик меъёрининг ярми хандақ ковлаш учун режалаштирилган чизиқ бўйлаб ва қолган ярми хандақ остига ташланади. Азотли ўғитлар киритилмайди. Фосфор ва калий ҳам хандақ остига ташлангач, бульдозер билан кўмилади ва кўчатлар механизмлар ёрдамида ўтқазилади. Ҳар бир кўчат ўрасига 20—30л сув қуйилади ва кўчат танасининг атрофи торф, компост ёки гўнг билан мульчаланади.

Кўчат учун ковланадиган ўранинг катталиги қуйидагича: олма ва нок учун 100—60—0,5; олча, гилос ва олхўри учун 80—40—0,3; смородина, малина ва бошқа бутасимонлар учун 50—30—0,15. Биринчи рақам ўранинг эни см, иккинчи рақам чуқурлиги см ва учинчи рақам ҳажми, м3.

90-жадвалда битта кўчат ўраси учун белгиланган ўғит меъёрлари келтирилган. Ўранинг ҳажми оширилса, шунга мос равишда ўғит меъёри ҳам ўзгартирилади.

Кўчат ўраларига янги ёки чала чириган гўнг ташлаш мақсадга мувофиқ эмас, чунки уларнинг чиришидан тупроқ қатламларида ҳосил бўладиган чала оксидланган бирикмалар кўчатларни тутиб кетишини қийинлаштиради. Калийли ўғит сифатида калий сульфат топилмаса, калий хлориддан ҳам фойдаланиш мумкин.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: