Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқдаги намликнинг аҳамияти ва уни аниқлаш

21/Noyabr/2024 18:18
  1396

Суғориш вақтида сув тупроқда йиғилади, суғоришлар оралиғида эса буғланади ва ўсимликлар истеъмолига сарф бўлади. Ҳар хил тупроқда (енгил, ўрта, оғир) бу жараён ҳар хил кечади. Нам тўпланиши ва қуриши енгил тупроқларда тез, оғир тупроқларда секин давом этади. Бу тупроқнинг сувни ушлаб туриш қобилияти ёки нам сиғими билан боғлиқ. Нам сиғими оғир тупроқларда юқори, енгил тупроқларда эса кам бўлади.

Ўсимлик тупроқдаги ҳамма намликдан фойдалана олмайди, намлик хажмининг фақат 35-40 % идан фойдаланиши мумкин. Суғорилгандан кейин тупроқда маълум сув заҳираси ҳосил бўлади, у ўсимлик томонига етиб борадиган (ўзлаштириладиган) ва ета олмайдиган (ўзлаштира олмайдиган) намликлардан ташкил топади.

Ўзлаштириладиган намлик – бу капиллярнайчалар орқали ҳар тамонга ҳаракат қиладиган сув бўлиб, у ўсимликлар томонидан истеъмол қилинади.

Ўсимлик ўзлаштира олмайдиган намлик – бу тупроқ зарралари сиртида юпқа пленкасимон бўладиган намлик ва уни ўсимлик илдизлари тупроқ зарраларидан шимиб ололмайди.

Тупроқ намлигини аниқлашнинг ҳар хил  лаборатория, механик ва дала усуллари мавжуд. Қуйида ҳар бир фермер суғориш жараёнида тупроқ намлигини аниқлай оладиган энг содда дала усулини кўриб чиқамиз.

Тупроқнинг бир метрлик қатламида ўртача намликни қуйида кўрсатилган услуб билан аниқлаш мумкин эканлиги олимлар ва амалиётчилар томонидан тасдиқланган. Бурғи, кетмон ёки бел билан 35-40 см чуқурликдан тупроқ намунасини олиш керак. Дала шароитида, одатда, тупроқнинг намлик даражаси қуйидагича ажратилади:

Қуруқ тупроқ

чангийди

Соф тупроқ

чангимайди, қўлни озгина совитади

Нам тупроқ

сезиларли даражада намлик аломатлари кўринади, қўл билан кесак бўлиб сиқилади, тупроқга қўйилган қоғоз тез зах тортади

Зах тупроқ

қўлни намлайди ва унга ёпишади

Ҳўл тупроқ

чуқур деволларидан сув сизиб чиқади

Тупроқ нам, зах ва ҳўл сифатида тавсифланса, тупроқ намлиги ўсимлик ўзлаштира оладиган намлик деб ҳисобланади, қуруқ ва соф келган тупроқда ўсимлик ўзлаштира олалмайдиган намлик бўлади. Тупроқ намлигини аниқлаш учун махсус асбоб, яъни тензиометрдан фойдаланиш мумкин (1-расм).

1-7841211Un15633325titl669710ed.png (852 KB)

1-расм. Тензиометрлар, ўрнатишга тайёрланган (а)  ва далада ўрнатилган (б)

Тупроқ сув режими унинг механик таркибига (қум, енгил, ўртача, оғир тупроқ) боғлиқ. Ҳар хил ўлчамдаги тупроқ заррачаларининг нисбати механик таркиб дейилади. Ўлчами 0,01 мм дан кам бўлган заррачалар қанча кўп бўлса тупроқнинг механик таркиби шунча оғир бўлади. Тупроқ механик таркибини далада ўрганиш қуйидагича амалга оширилади: тупроқ намунаси хамир бўлганча сувда намланади, кейин намланган тупроқ 3-4 мм қалинликгача қўл билан уқаланади ва тахминан 3 см диаметрда халқа қилиб ўралади.

2-U26548nt47856991itl756344ed.png (136 KB)

2-расм. Тупроқ механик таркибини «намлаш» усули билан аниқлаш кўрсаткичлари (уқалаш усули)

Тупроқ механик таркибини далада ўрганиш кўрсатгичлари 2- расмда келтирилган. Ушбу қўлланмадаги тавсиялардан фойдаланиб, ҳар бир фермер ўз даласидаги тупроқ механик таркибини ва намлигини мустақил аниқлаши мумкин.

Манба:

Қурғоқчилик ҳудудларида сув ресурсларини минимал сарфлайдиган ирригация ва мелиорация ҳамда қишлоқ хўжалигини юритиш усуллари бўйича қўлланма. Тошкент 2012.

Улашиш: