Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Томорқада беда экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 04:24
  1557

Беда ер унумдорлигини ошириш ва чорва озуқа базасини яратишда асосий экин ҳисобланади. Уч йил давомида бир гектар майдонда 600–900 кг соф азот тўплайди, тупроқ донадорлигини тиклаб, сув-физик хоссаларини яхшилайди, эриши қийин бўлган фосфорли бирикмаларни парчалаб, уларни кейинги экинлар ўзлаштириши учун тайёрлаб беради, тупроқни турли касаллик тарқатувчи инфекция унсурлари (замбуруғ, бактерия, вирус)дан тозалайди. Беда (кўк масса, пичан, сенаж) билан боқилган чорва молларининг маҳсулдорлиги, гўшти ва сутининг сифати ошади.

Экиш учун тавсия этилган навлар: томорқанинг тупроқ-иқлим шароитига қараб Тошкент–1, Тошкент–1728, Тошкент–2009, Хоразм–2, Қорақалпоқ–15, Аридная ва Бойгул навларидан бири экилади.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Беда уруғи майда бўлгани учун 1000 донасининг вазни 1,5–2,2 грамм атрофида. Уруғлар бегона ва карантин ўтлар, айниқса, зарпечак уруғидан яхшилаб тозаланган, намлиги 13–14% ва унувчанлиги камида 93–95% атрофида бўлиши керак.

Ер тайёрлаш. Баҳорги беда экиш учун шахсий томорқа ери кузда 15–20 см чуқурликда юмшатилади. Агар техника кира олса 30–40 см чуқурликда шудгор қилинади. Юмшатиш олдидан ернинг ҳолатига қараб, 1 м2 майдонга 5–10 кг гўнг, фосфорли (суперфосфат, супрафос, аммафос; 1 м2 га 100 г соф ҳолда) ҳамда калийли (1 м2 га 50 г соф ҳолда) ўғит солиш мақсадга мувофиқ. Қор-ёмғир сувлари билан тўйинган ер февралнинг охири–март ойининг бошларида енгил чопиқ қилинади. Кесаклар майдаланиб, майин тупроқ олинади.

Беда кузги муддатда экилганда ер экинлар қолдиғидан тозаланиб, майин тупроқ олиш мақсадида суғорилади. Қолган тадбирлар юқорида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Экиш. Беда асосан икки муддатда – эрта баҳорда (февралнинг охири мартнинг боши) ва кузда (августнинг охири ва сентябрнинг боши) экилади.

Экиш меъёри: кенг қаторлаб, 60 см кенгликда экилганда 1 сотих (10×10 м) га 150–160 г, ёппасига экилганда – 200 г.

Экиш чуқурлиги 2–3 см. Уруғни бу меъёрдан чуқурроқ экиш тавсия этилмайди. Чунки уруғнинг униб чиқиши қийин кечиб, кўчат сийрак бўлади.

Ёппасига экишда ер текислаб, уруғ сепилади. Уруққа қум (ёки майда тупроқ) аралаштириб (худди сабзи уруғидек) бир текисда сепилади. Томорқа майдонинг узунасига ва кўндалангига қараб юриб уруғни сочган маъқул. Шунда уруғ текис сепилади.

Уруғ сепилгач, тупроқ хаскашланади. Хаскашлаш ҳам олдин узунасига кейин кўндалангига амалга оширилади. Рўзғорда бор бўлган тахта ёки енгил ёғочлардан мола ясаб, тупроқ енгил молаланади. Пушта кенглиги 60 см дан катта бўлмагани маъқул. Акс ҳолда, пушта ўртасига намни бориб етиши қийинлашади.

Пуштанинг устки қисми текис бўлса, тупроқ яхши наланади, қуёш нурлари таъсирида уруғ ёппасига униб чиқади. Эгат чуқурлиги 15–20 см бўлиши керак. Ёппасига экилиб, бостириб суғориладиган ҳудудларда пол (чел) олинади.

Беда экилган майдонга яхши чириган гўнгни сепиш кони фойда. Бу биринчидан, ер ва униб чиқадиган ниҳоллар учун озуқа бўлса, иккинчидан, ёмғирдан кейин қатқалоқ бўлишини олдини олади. Чиримаган гўнгни (айниқса, қўй гўнгини) томорқага солиш асло мумкин эмас. Чунки унда бегона ўт уруғи кўп бўлиб, далани ўт босишига олиб келади.

Қоплама усулда беда экиш. Бедани бошқа экинлар (арпа, сули, маккажўхори, буғдой) билан аралаштириб ҳам экиш мумкин. Экиш учун тайёрланган ерга аввал арпа (сули ёки буғдой) уруғи 1 сотих учун 600–700 грамм сепилиб, кетмон билан чопиб чиқилади, сўнг хаскашланади. Кейин беда уруғи сепилиб, қайта хаскашланади, енгил мола қилинади ва суғориш эгатлари очилади.

Маккажўхори билан бирга экиш мақсад қилинганда, олдин беда экилиб, кейин унинг уруғларини суғориш йўналишида эгат бўйлаб (1 сотих майдонга 600–800 г) қадаб чиққан маъқул. Қоплама экинлар уруғини қалин сочиб бўлмайди. Чунки қоплама экин ниҳоллари бедани сиқиб қўйиб, яхши ўсиб ривожланишига халақит қилади.

Бошоқли дон билан экиб, донни пишириб олиш мақсад қилинганда, дон пишгунча кутилади. Кўк масса учун етиштирилганда сут-мум пишиш даврида ҳам ўримга тушиш мумкин. Бунда чорва моллари учун тўйимли ва сероқсилли озуқа олишга эришилади.

Суғориш. Баҳорги экишда ернинг нами етарли бўлса, экишдан кейин суғориш тавсия этилмайди. Намлик кам бўлса, суғориш керак. Ариқдан суғориш имконияти бўлмаса, кичик майдонларда кун оралатиб лейка ёрдамида ёмғирлатиб (албатта тўйинтириб) суғориш орқали ҳам бедани ундириб олиш мумкин.

Ерни қатқалоқ бўлишига йўл қўймаслик керак. Қатқалоқни енгил сув бериш (ёки сепиш) йўли билан бартараф этиш мумкин. Ҳаво ҳароратига қараб (+5+8оС) беда 7–8 кунда униб чиқа бошлайди. Майсаларнинг бўйи 10–12 см. га етганда албатта суғориш керак. Оқизиб суғориладиган томорқа ерларида суғориш давомийлиги 10–12 соат. Бостириб суғориладиган майдонларда сувнинг қалинлиги 8–10 см. Намни юқори бўлиши уруғни димиқиб, чиришга, намни етишмаслиги эса уни палағда (чала бўртиш) бўлишига олиб келади.

Тупроқ-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда, биринчи ўримга қадар, камида 2–3 марта суғориш талаб этилади. Меъёрдан ошиқча суғориш (айниқса, бостириб суғориш) кўчат сонини сийраклашишига ва бегона ўтларни кўпайишига, кам суғориш эса униб чиққан нихолларни нобуд бўлишига олиб келади.

Суғориш жараёнида биринчи йилги бедаларнинг 1 сотихига соф ҳолда 300–400 грамм азотли ўғит бериш тавсия этилади.

Зараркунанда ва бегона ўтларга қарши курашиш. Беданинг асосий зараркунандалари бўлган фитономус, шира, уруғхўр ва бошқаларга қарши қуйидаги кимёвий препаратлардан бири ишлатилиши лозим: 20 фоизли Мосплан н.кук. (10 сотихга 30 мл), 5 фоизли Каратэ эм.к. (15–20 мл), 25 фоизли Циперметрин (30 мл/га) препаратлари қўлланилади.

Ишланадиган суюқлик меъёри 400–600 л/га бўлиб, ўсимликнинг ривожланиш фазаси ва ҳашарот билан зарарланганлик даражасига эътибор бериш керак. Кимёвий препаратлар билан ишловни кечки ёки эрталабки пайтларда ўтказиш зарур. Зарпечакка қарши 25 фоизли Титус қ.о.сус. (40–50 г/га) препарати беданинг биринчи ўримидан 7–10 кундан кейин пуркалади. Зарпечак тушган пайкалдаги бедани қўлда тозалаш, агар буни имкони бўлмаса, дарҳол ўриб, эҳтиётлик билан даладан ташқарига олиб чиқиш керак.

Ўриш. Биринчи йилги беданинг биринчи ўрими ниҳолларнинг гуллаши 40–50 фоиз бўлганда бошланади. Ўриш олдидан томорқа ери лой бўлмаслиги керак. Ўроқ ёки чалғи ўткир бўлиши шарт.

Бедани жуда паст ўриш тавсия этилади. Иложи бўлса, бедани чалғида эмас, ўткир ўроқда ўрган маъқул. Бедани ернинг юзасига тақаб ўриш, битта ниҳолдан кўплаб янги ён новдалар ҳосил қилиш имкониятини яратади. Айниқса, беда сийрак чиққан томорқа ерларида бу ўзининг ижобий натижасини беради.

Ўрилган кўк масса дарҳол чорва молларига берилиши мумкин. Агар бунга эҳтиёж бўлмаса, томорқада маълум муддат қолдирилиб қуритилгач, қишки мавсумга боғ қилиб ғарамлаш керак.

Биринчи ўрим ва кейинги ўримлар ҳосили йиғиштириб олинган кейин, майдонни ўсимлик қолдиқларидан тозалаш (иложи бўлса енгил хаскашлаш) ва албатта суғориш зарур.

Беда ёруғни ва қуёшни яхши кўрадиган ўсимлик. Дарахтлар тагига экилганда унчалик яхши ҳосил бермайди. Кимёвий препаратлар билан ишлов беришни ўримдан 15–20 кун бурун тўхтатиш керак. Акс ҳолда, беда озуқаси чорва молларига зиён етказиши мумкин.

Имкон қадар кимёвий воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилмаслик керак. Чорва ва инсонлар учун учун зарарсиз бўлган усуллар масалан, олтингугурт, оҳакли сув, ИСО, Бордо суюқлиги каби препаратларидан фойдаланган маъқул.

    И.Массино 


Улашиш: