Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анжир экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 01:48
  1768

Экиш учун тавсия этиладиган анжир навлари: Кадота, Қора-анжир, Крымский, Узбекский желтый ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонини яхши текисланади, сўнг ерга етарли миқдорда – гўнг, чиринди, фосфорли, калийли ва азотли ўғитларни солиб, чуқур қилиб ҳайдалади.

Анжирни экиш схемаси – 5×4–5 м, кўчатларини экиш муддати – март ойи давомида амалга оширилади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 50×50 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига олиб, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олинади сўнгра экилади.

Кўчат ўрага қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Парваришлаш. Анжир қишга кўмиладиган субтропик экин тури. Уни бутасимон шакллантириш қишга кўмишни қулайлаштиради. Бунда асосий 3–4 та йирик шох қолдирилади. Қишдан чиққан анжир туплари новдаларини 1/3 қисмига қисқартирилади. Қалинлашиб кетган шохлар сийраклаштирилади, бу ҳосилни камайтирмасдан, балки анжир тупини ичига шамол, қуёш нури киришини таъминлайди.

Томорқадаги анжир тупларига 250–300 г азотли, 200–220 г фосфорли ва 180–200 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Азот ўғити иккига бўлиб, 30–40 фоизи кузда, қолгани апрель ва июль ойларида тенг миқдорда солинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни ошишига ижобий таъсир этади.

Бўз тупроқларда анжир ўсимлигига ўсув даври мобайнида 6–10 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Анжирга асосан ўргимчаккана зарар келтиради.

Ўргимчакканага қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Анжир мевалари ёзнинг ўрталаридан пиша бошлайди. Турли навлар ҳар хил муддатларда пишади. Мевалар банди билан узилса улар сифатини бузмай, узоқроқ сақланади. Тўқ жигарранг рангли мевалар навга хос рангга кирганда узиш бошланади. Сақлашга ва қуритишга мўлжалланган мевалар ўз муддатида узилганидагина улардан юқори сифатли анжир олиш мумкин. Пишиб кетган мевалар вақтида териб олинмаса шохида қуриб қолади. 

      Ш.Аҳмедов 

Улашиш: