Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бегона ўтларга қарши кураш чоралари

21/Noyabr/2024 23:09
  1759

Бегона ўтларга қарши кураш чоралари қуйидагиларга бўлинади:

1.     Агротехник чоралар — тупроққа ҳар хил ишлов бериш, экинларни парвариш қилиш, банд бўлган ва тоза шудгор ташкил этиш, алмашлаб экишни қўллаш, барча агротехник жараёнларни меъёрида, ўз вақтида ва сифатли ўтказиш.

Агротехник чоралар олдини олувчи ва қирувчиларга бўлинади.

Олдини олувчи чоралар: экиладиган уруғни бегона ўтлар уруғидан тозалаш (1 класс даражасига келтириш), йирик ва унувчанлиги юқори  уруғларни экиш, гўнг билан далага бегона ўтлар уруғини келишига йўл қўймаслик, дала атрофида, йўллар чеккаси ва суғориш шахобчалари қирғоғида ўсган бегона ўтларни уруғлагунча ўриб ташлаш, комбайнлар билан ҳосил йиғилганда пастдан ўриш, суғоришга берилаётган сувни бегона ўт уруғидан тозалаш, бегона ўтларга қарши карантин (таъқиқлаш) ишларини тўғри ташкил этиш.

2. Биологик кураш — айрим замбуруғ ва ҳашаротлардан фойдаланиб бегона ўтларнинг ривожланишига йўл қўймаслик.

3. Кимёвий кураш. Бегона ўтларни йўқотиш учун махсус кимёвий бирикмалар — гербицидлар қўлланилади. Гербицид лотинча «герба» ўсимлик, «цидо» ўлдириш демакдир. Гербицидлар кимёвий таркибига кўра органик ва неорганик бўлади. Ўсимликка таъсир этишига қараб гербицидлар ёппасига қирувчи ва танлаб таъсир қилувчиларга бўлинади.

Ёппасига қирувчи гербицидлар (фенорун, монурон, диурон ва бошқалар) маданий ва ёввойи ўсимликларни бараварига ўлдиради. Бундай гербицидлар маданий экинлар билан банд бўлмаган шудгорларда, йўл ва ариқ бўйларида қўлланилади.

Танлаб таъсир килувчи гербицидлар (2,4-Д, 2М-4х, днок, которан, прометрин, атрозин, симазин) айрим ўсимликларни ўлдириб, бошқаларга таъсир қилмайди. Суғориладиган деҳқончилик минтақаси тажрибаларига мувофиқ 1 гектар ерга гербицидларни сепиш меъёри — 1,5—2 кг соф модда.

Гербицидларнинг кўпчилиги захарли. Шуни назарда тутган ҳолда улар билан ишлаганда албатта эҳтиётлик чораларини кўриш зарур. Буларга қуйидагилар киради:

• гербицид билан ишлаётган одам ўзини захарламаслиги учун махсус ҳимоя кийимлари ва мосламалар (комбинезон, қулқоп, респиратор, кўзойнак ва ҳоказо) билан таъминланиши шарт;

• ўсмирлар, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларнинг гербицидлар билан ишлаши қатъиян ман этилади;

• гербицидлар билан ишлаётганда чекиш, сув ичиш, овқатланиш, меваларни истеъмол қилиш мумкин эмас;

• гербицид ишлатиб бўлингач, эритма тайёрланган жойнинг устини тупроқ билан яхшилаб кўмиб қўйиш керак;

• гербицид ишлатилган жойда ёки унинг яқин атрофида молларни боғлаш, бегона ўтларни йиғиб уларга бериш мумкин эмас;

• гербицид ва унинг эритмасини далада қолдириш мумкин эмас.

Юқорида қайд қилинган тадбирларни амалга оширилмаса, уларга риоя қилинмаса, гербицид билан ишлаган одам, мазкур дала атрофида боқилган моллар захарланиши мумкин.

4. Махсус кураш чоралари. Бунга махсус олов ёки иссиқлик таъсирида ўтларни куйдириш киради. Бу тадбир махсус механизм (оловли культиватор) ёки мосламалар билан амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, бегона ўтларга юқорида кўрсатилган чораларни бир-бири билан ўзаро боғланган ҳолда амалга ошириш зарур. Акс ҳолда улар мўлжалланган натижани бермайди.

Манба:

О. Рамазонов, О. Юсупбеков (2003). Тупроқшунослик ва деҳқончилик. Тошкент: «Шарқ».

Улашиш: