Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошка ўсимлигини тупроқ ва ҳаво намлигига талаби

21/Noyabr/2024 19:43
  1124

Картошкани намга талаби тўқималарининг сувга тўйинганлиги (75-85 фоиз), кўп сув парлантирадиган ер устки қисмини ҳосил қилиши, илдиз тизимини кучсиз ривожланганлиги ва ер сатҳига юза жойлашганлиги ҳамда юқори ҳосил шакллантириши билан аниқланади. Картошка бошқа экинларга нисбатан намликга талабичанлиги ўртачадир. 1 кг қуруқ модда ҳосил қилиш учун сарфлайдиган сув миқдори – транспирацион коэффициент ўртача 550 л/кг (1-расм).

Untitled213-1452chf-gkj23lf0n-6bx148fs.png (245 KB)

Картошка нам шароитга мослашган, кутикула қатлами жуда кучсиз, паст осмотик босимли гидрофиль хилдаги ўсимлик. У ҳаво намлиги ва ҳароратни кескин ўзгаришига жуда сезгир. Шунинг учун туганаклари шаклланиш даврида ва ундан барқарор ҳамда юқори ҳосил олишда, кўпчилик регионларда сув билан таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади. Картошкага сутка мобайнида тупроқ захирасидаги сувдан 5-6 мм керак. 10 т/га қуруқ модда олиш учун (50 т/га туганак ҳосил) 3 минг т сув ёки 300-400 мм табиий ёғин зарур. Картошка  ўсимлигини сув билан таъминлашда нафақат ёғин ёки суғориш миқдори керак, балки уни ўсув даврида суғориш сонини тўғри тақсимлаш катта аҳамиятга эгадир.

Картошкани сувга бўлган талаби ўсув даврининг турли босқичларида турличадир. Кўзчаларини кўкара бошлаш даврида она туганак таркибидаги сув уларга етарлидир. Бу даврда картошка тупроқ намлигига муҳтож бўлмай, ҳароратни юқори ва кислородни кўп бўлишини талаб этади. Картошка бу қурғоқчиликни ва бошқа даврларида ҳам зарарланмасдан ўтказади. Шунинг учун баҳор фаслини эрта келиши, ёғингарчиликларни кам бўлиши ва тупроқни тез қизиши, бу даврда экилган картошка учун қулай шароит ҳисобланади. Она туганакни ўсиши ва илдиз тизимини ҳосил қилиш даврида тупроқни меъёридан ортиқ қуруқ бўлиши ниҳоллар ҳосил бўлишини кечиктиради. Ёз фаслида ҳароратни юқори бўлиши тупроқни тез қиздириб уни қуритиб юборади, шунинг учун Ўзбекистон шароитида кечки картошкани экишдан олдин эгатлар суғорилиб етилган вақтда экиш мақсадга мувофиқ ёки картошка экилган куни суғорилиши керак.

Картошка туганак ҳосил қилгунча сувга кам талаб бўлиб, сўнг гуллаш босқичи тугагунча уни етарли даражада сув билан таъминлаш зарур. Ер устки қисмини ўсиши ва барг сатҳини катталашиш даврида картошкани сувга талаби ошиб бориб, ғунчалаш, гуллаш босқичи туганак ҳосил бўлаётган даврда у ўзининг энг юқори нуқтасига етади. Турли навларда сербарглиги ва гуллаш муддати бир хил эмас, шунинг учун бир муддатда экилган ҳар хил навларнинг сувга бўлган энг юқори талаб вақти ҳар хил вақтга тўғри келади. Ўсув даврида 1 кг туганакни ҳосил қилиш учун 80-100 л сув сарфланади. Тупроқ намлиги 70-85 % ЭКНС (энг кам нам сиғими) бўлса палаги, 85-95% ЭКНС (энг кам нам сиғими) бўлганида туганаклари яхши ўсади. Картошка ўсиш ва ривожланиш босқичи охирларида сувга талаби камаяди. Тупроқда намликни кўп  бўлиши туганакларни яхши ўсишини таъминлайди, аммо уни таркибида қуруқ моддалар камаяди ва пўсти ғоваксимонроқ бўлиб, сақланиш сифати пасаяди.

Картошка тупроқ намлигига талабчан бўлишига қарамасдан, узоқ давом этмайдиган қисқа муддатли қурғоқчиликга чидайди. Қурғоқчилик бошланганида картошка ҳосилдорлиги пасаяди, ўсимликлар нобуд бўлмайди ва намлик кўтарилганида туганаклар янгидан ҳосил бўла бошлайди. Қурғоқчилик узоқ муддат давом этиб, тупроқ намлиги 50% ЭКНС (энг кам нам сиғими)дан пасайса, ҳосилдорлик кескин камаяди.

Туганаклар шаклланаётган даврда намлик етишмаса, оқ томирларни ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади ва натижада шаклланадиган туганаклар сони камаяди. Намлик етишмаса туганакларни йириклашиши тўхтайди. Буларни барчаси туганаклар ҳажми ва ҳосилдорликка салбий таъсир этади.

Туганак пўсти пробкалашиб, дағаллашади. Тупроқ намлиги суғориш ва табиий намлик ҳисобига кўпайса, туганаклар иккиламчи ўса бошлайди, яъни «болалайди», бунда болачалар ва столонларда шаклланмаган туганаклар пайдо бўлади.

Картошка тупроқни ўта нам бўлишини ёқтирмайди. Тупроқ таркибида намликни меъёридан кўп ёки кам бўлиши картошка ҳосилдорлигига салбий таъсир этади. Туганак таркибида қуруқ модда ва крахмал миқдори камаяди, ўсимлик касалликлар билан кўп зарарланади. Туганакларни етилиш даврида тупроқ намлигини кўп бўлиши, уни пишишини кечиктиради, ҳаво етишмаслиги эса туганакларни димлаб қўяди ва натижада бундай туганаклар истеъмолга яроқсиз бўлади.

Манба:

В.И. Зуев, Ҳ.Ч. Бўриев, О. қодирхўжаев, Б.Б. Азимов (2005). Картошкачилик. Дарслик. Тошкент.

Улашиш: