Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тариқни етиштириш технологияси

21/Noyabr/2024 19:30
  1498

Ўзбекистоннинг ва суғориладиган ерларига оддий тариқнинг битта -Саратовское 853 нави экилади. Бу тариқ узун, сийрак, ғуж ва эгик рўвак чиқаради, ён шохчаларининг асосида «ёстиқчалар» бўлмайди ёки суст ривожланган бўлади. Дони тўқ қизил, 1000 донасининг вазни 6,1-7,0 келади, пўстлилиги - 16-18%, ўртача янчилади, 77-80% сўк чиқади. Сўки яхши пишади. Таъми жуда яхши. Бу нав ётиб қолишга чидамли. Дони тўкилмайди. Ўсув даври униб чиққанидан мум пишиш давригача 65-67 кун, қурғоқчиликка чидамли. Ғаллаоролда ўртача 4,4-4,5 ц ҳосил беради. Такрорий экишга яроқли.

Тариқ ўтмишдош экинга жуда ҳам талабчан бўлади. Юқори агротехника қўлланилганда ва бегона ўтлардан тоза бўлган, лавлаги, картошка, дуккакли дон экинларидан бўшаган ва яхши ўғитланган майдонларда ҳам тариқдан мўл ҳосил олинади. Маккажўхоридан кейин экиш мумкин эмас, чунки иккаласи ҳам қоракуя билан зарарланади.

Тариқ экиладиган майдонлар яхшилаб тайёрланиш керак, чунки уруғлари майда, кесакли, нотекис далаларга ташланса, майсалаларнинг камайиб кетишига сабаб бўлади. Майсалар униб чиққандан сўнг дархол бороналаш ёки культивация ўтказиш лозим.

Ўғитлаш. Тариқнинг 30 ц дон ҳосили ва 60 ц похоли ўрта ҳисобда 90 кг азот, 42 кг фосфор, 106 кг калий ва 31 кг кальцийни олиб чиқиб кетади. Азот ўзлаштириш бўйича у баҳорги буғдойга яқин туради ва қолган 1 гуруҳ ғалла экинларидан устунлик қилади. Айниқса, тупроқдан калий, кальций ва фосфорни кўп ўзлаштиради.

Экиннинг ҳосилдорлиги - экиш муддати, усули ва меъёрига кўп жиҳатдан боғлиқ. Уруғлар экишдан олдин албатта 75% беклат (2 кг/т) ишланиб экилиши керак. Агар далала икки паллали бегона ўтлар кўп бўлса, у ҳолда уруғлар 2,4-Д гербициди билан ишланади.

Экиш усули тор қаторли 15 см, кенг қаторли 30, 45 ва 60 см кенгликда қилиб экилиши мумкин. Кенг қаторлаб экилганда қатор ораларни ишлаш мумкин.

Тариқ майсалар, одатда бир текис чиқмайди, униб чиқиши анчага чўзилади, уруғнинг унувчанлиги паст (ўрта ҳисобда 52%) бўлади. Шунга кўра, унувчанлиги юқори бўлган уруғларни танлаб экиш керак, шунда ўсиш даври бошларида тариқ тез ривожланади.

Тариқ қулай муддатда, яъни тупроқнинг уруғ экиладиган қатламда нам етарли ва температура 18-20° С, га етганда экилади. уруғлари 3-4 см чуқурликка ташланади.

Ўзбекистонда тариқни анғизга экиш ижобий натижа беради. Донли экинлардан кейин далалар бегона ўтларга нисбатан тоза бўлади ва ердан икки марта ҳосил олиш имконияти бўлади. Ўсиш даврида 2-3 марта суғорилади. Узоқ вақт сувсиз қолганда тариқ деярли сулиб қолади, аммо суғорилгандан сўнг дархол яшнаб кетади.

Ҳосил ўрим-йиғими даврида ҳам пояси ҳали серсув ва кўк (намлиги 50-60%) бўлади. Дастлаб, рўвакларнинг учки қисмидаги дони етилган пайтда юқоридагилари ерга тўкила бошлайди. Шунга кўра, ҳосилни олдин ўриб, кейин йиғиб олиш усули энг самарали ҳисобланади. Бунда уруғ ерга кам тўкилади, дон ва похолнинг сифати яхшиланади, шунигдек, Ҳосил ўрим-йиғимида фойдаланиладиган машиналарнинг иш унумдорлиги ортади. Тариқ дони мум пишиқлик даврида 3-4 кун ичида олдин ўриб, кейин йиғиштириб олиш нобудгарчиликка чек қўяди. Поялари қуригандан сўнг янчиб олинади.

Манба:

Д. Ёрматова, Н. Шамуратов (2008). Донли экинларни етиштириш технологияси. Тошкент, «Ал-Фаба-Сервис».

Улашиш: