Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ғоз боқиш билан ҳам бир қизиқиб кўринг!

22/Noyabr/2024 03:30
  1801

Зотлари ва хусусиятлари: аҳоли хонадонларида йирик кулранг, кубань, холмогор, италия ва рейн зотли ғозларни боқиш яхши самара беради. Ғозлар тўдасида 3–4 макиёнга 1 эркак қолдирилади. Макиёни 265–350 кунлигида (қишда, баҳорда) тухумга киради. Бир мавсумда 30–50 тухум қўяди. Жўжаси 29–30 кунда тухумдан чиқади. Вояга етган эркак ғозларнинг тирик вазни 5–8, макиёнлариники 4–7 кг. гача. Яхши боқилган ғозлар 9 ойлигида (3,5–4,5 кг) гўштга сўйилади. Гўшти таркибида 16% оқсил, 35% ёғ бор. Ёш жўжалари парҳез гўшт учун 9 ҳафталигида сўйилади.

Парваришлаш. Ғоз боқиш қийин эмас. Хўраги, суви ва сузиши учун ҳовузча бўлса кифоя. Бир кунда бир бош ғоз учун озуқа рациони (граммларда): дон – 150–200; кунжара ва шрот – 400–500; ўт уни – 20–30; ачитқи ем – 7–10; минерал озуқалар.

Тухумдан чиққан жўжалар ўша кундан бошлабоқ бемалол озиқланаверади. Улар учун энг яхши озуқа қайнатилган тухум ва маккажўхори ҳамда буғдойнинг майдалаб аралаштирилганидир. Ғозчалар ўн кунликдан ошгач, уларга майдаланган кўкатларни ҳам бериш керак. Ёш жўжаларни тоза ҳавога сайрга чиқариш даркор. Улар иссиқни унча хоҳлашмайди. Иккинчи ҳафтадан бошлаб, улар яшаётган катакларнинг ҳарорати 20 даража атрофида бўлса ҳам зарар қилмайди. Аммо улар сақланаётган хонада сув доимо бўлиши шарт.

Шунингдек, уларнинг бурун йўлларини тез-тез тозалаб туриш лозим. Биринчи ўн кунликдан кейин ғозчаларни бемалол ота-онаси ёнига қўйиш мумкин. Фақат вақтида овқатлантириб турилса етарли. Ота ғоз болаларига жуда ғамхўр бўлади. У оиласини ташқи муҳитдан кучли ҳимоя қилиш баробарида, керак пайтида ғозчаларни иситади ҳам. Улар инкубатордан чиққан ғозчаларни ҳам яхши қабул қилишади. Нар ва мода ғоз ўзининг етти-тўққизта жўжаси билан бирга, 18 тагача инкубатордан чиққан ёки бошқа оиладан келтирилган ғозчаларга бемалол ғамхўрлик қила олади. Улар ҳатто турли ёшдаги ғозчаларни ҳам ўз «тарбия»сига олаверишади.

Ғоз, айниқса, донли ўтларни ейишни ёқтиради. Бу пайтда уларга бир марта янчилган дон ёки сабзавотларни аралаштириб беришнинг ўзи етарли. Нон бўлаклари ва ушоқларини ҳам бемалол еяверади. Қишда эса уларга уч маҳал тўйимли озуқа бериш керак. Асосийси, озуқа айнимаган, ачимаган ва моғорламаган бўлса бўлди. Бу ишнинг ҳадисини олганлар ғозни сўйишдан ўн-ўн беш кун олдин уни тор жойга қамаб, фақат буғдой ва сув билан боқишади. Бу ғоз сўйилишидан олдин уч сантиметргача қалинликдаги ёғ тўплашига ёрдам беради.

Манба: mehnat.uz
Улашиш: