Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Орол бўйида маҳаллий аҳоли иштирокида саксовул уруғини йиғиш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда

22/Noyabr/2024 01:39
  1259

Орол муаммосининг оқибатларини бартараф қилиш, экологик вазиятни яхшилаш, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган саксовул экиш тадбирлари самарали давом этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўтган йилнинг 17 декабридан бошланган Оролнинг қуриган майдонига саксовул экиш ишлари натижасида бугунги кунда 103 минг гектардан ортиқ майдон қамраб олинди.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари Ўрмон хўжаликлари, Ободонлаштириш бошқармаларининг ходимлари, маҳаллий аҳоли иштирокида саксовул уруғини йиғиш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида ташкил қилинган штаб маълумотларига кўра, тадбирларга жами мингдан ортиқ ишчи, 549 техника, 2 самолёт жалб қилинган. Бошқа вилоятлардан 550 га яқин ҳашарчилар қатнашмоқда.

Бугунги кунга келиб саксовул экиш учун жами 326 минг 60 гектардан ортиқ ер майдони тайёрланди. Шундан 103 минг 235 гектарига 412 минг 275 килограмм саксовул уруғи экилган. Самолётлар ёрдамида 51 минг 800 гектар ерга 156 минг 600 килограмм саксовул уруғи сепилди. Экиш учун 622 минг 500 килограмм саксовул уруғи тайёрланган.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: