Харид Қилиш Саватчаси

Жами

FSM Traktor компанияси Ўзбекистонда трактор ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

22/Noyabr/2024 01:50
  1181

Яқинда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Туркиянинг FSM Traktor компанияси бошқаруви раиси Эрдўғон Орен билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" хабар берди.

Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда турк компанияси иштироки масаласи кўриб чиқилди.

Эрдўғон Орен яқин истиқболда Марказий Осиё ва айнан Ўзбекистон бозорига кириш режалари ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон олиб борилаётган ислоҳотлар, ўсаётган иқтисодий салоҳият ҳамда рақобат борасидаги устунликларни ҳисобга олганда ушбу минтақадаги энг истиқболли мамлакатдир.

Ўз навбатида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун яратилган шароитлар, жумладан, машинасозлик тармоғи учун берилган имтиёз ва преференциялар, меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси, муҳандислик коммуникациялари нархлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Турк сармоядорининг таъкидлашича, ўрганишлар якунидан келиб чиққан ҳолда инвестициявий лойиҳани амалга оширишнинг биринчи босқичида 75 от кучидан 150 от кучигача қувватга эга бўлган тракторларни йиғишни ташкил режалаштирилган. Келгусида эса маҳаллийлаштириш даражаси ошириб борилади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: