Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроққа экин экишдан олдин ишлов бериш

22/Noyabr/2024 01:37
  1232

Ерга экин экиш олдидан ишлов бериш уруғларни тўлиқ униб чиқиши ва кейинги парвариш ишларини бажаришга қулай шароит яратиш учун ўтказилади. Ишлов бериш орқали тупроққа керакли тузилиш ва мўътадил зичлик берилади, бегона ўтлар йўқотилади. Бу ишлар қуйидагилардан иборат:

1)     ерни жорий текислаш;

2) уруғларни бир хил чуқурликка экиш ва қийғос униб чиқишини таъминлайдиган юмшоқ қатлам ҳосил килиш;

3) бегона ўтларни йўқотиш.

Ерларни текис бўлиши уруғларни бир хил чуқурликка тушиши ва сифатли қилиб суғоришга имконият яратади. Вегетация даврида ўтказиладиган ҳамма парвариш ишларининг сифати ва самарадорлиги кўп жиҳатдан далаларни текис бўлишига боғлиқ. Далаларни шудгорлаш пайтида ҳосил бўлган марза ва эгатлар, тракторларнинг бурилиш жойларидаги дўнглик-чуқурликлар ҳар йили жорий текисланади. Ерни текислаш учун узун базали текислагич грейдер, кенг қамровли мола, темир-бетон брус ёки оддий ёғоч молалардан фойдаланилади. Агрегатлар ёрдамида текисланмай қолган дўнглик ва пастқам жойлар кўлда текисланади.

Навбатдаги тадбирлар намликни сақлаб, юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йўқотишга қаратилмоғи лозим. Ерни экин экишга тайёрлаш, шудгорни бороналашдан бошланади. Бороналаш даврида тупроқ намлиги ва уни саклашга эътибор бериш лозим. Ерни бороналашга тупроқ етилган пайтда киришилса, кесаклар яхши майдаланади, тупроқ донадор ҳолатга келади. Тупроқда намлик сақлаб қолишга эришилади.

Бороналаш кўпинча молалаш билан биргаликда ўтказилади. Бунда тупроқ юзаси текисланади ва маълум даражада зичланади. Бегона ўтлар энди униб чиқаётганда бороналаш ўтказилса, уларнинг майсалари нобуд бўлади. Ер бетидаги қатқалоқни юмшатиб туриш намликни беҳуда буғланиб кетишини олдини олади.

Ерларни бороналашда икки қатор қилиб уланган «зиг-заг» бороналардан фойдаланилади. Бороналашни иложи борича занжирли тракторлар ёрдамида амалга ошириш лозим. Чунки, ғилдиракли тракторлар ерларни зичлаштириб юборади. Далалар дастлаб ер ҳайдалиш йўналишига кўндаланг, иккинчи марта эса узунасига бороналанади (1-расм).

1125317-heu231fnv-kbmr86kgf.jpg (29 KB)

1-расм. Тишли борона

Ерни экишга тайёрлаш, бороналаш ишларини экишдан бир неча кун илгари режалаштирилган ҳолда амалга оишрилиши мақсадга мувофиқ. Ҳозирги пайтда Тошкент вилоятида ерлар экишдан 10-15 кун илгари бороналаниб, тайёрлаб қўйилмоқда. Экиш олдидан эса ернинг ҳолатига қараб яна бир марта бороналанмоқда.

Бороналаш ишларини бошлаш муддатини тўғри белгилашга катта эътибор бериш лозим. Юқорида айтиб ўтилганидек, бороналаш ишларини муддатидан эрта ёки кеч бошлаш ерни сифатсиз тайёрланишига сабаб бўлади. Шудгорнинг 5-10 см чуқурликдаги тупроғи етилиши билан ерни ишлай бошлаш лозим.

Сурхондарё ва Кашқадарё вилоятларида февраль ойининг иккинчи ўн кунлиги, Бухоро вилоятида февралнинг иккинчи ярми ва март ойининг биринчи ярми, Тошкент, Жиззах, Самарқанд вилоятларида март ойининг иккинчи ярми, Фарғона водийсида март ойининг биринчи ярми, Хоразм ва Қорақалпоғистонда март ойининг учинчи ўн кунлиги қулай муддат ҳисобланади.

Яхоб суви берилган, шўри ювилган ерларни экин экишга тайёрлаш учун ерлар аввал яхшилаб текисланади, кейин эгат ва ўқ ариқлар олинади. Тупроқнинг ҳолатига қараб гектарига 1500 м3 гача сув берилади. Ер етилиши билан ўқ ариқлар текисланади, чизель-культиватор ва культиваторлар ёрдамида юмшатилади. Сўнгра икки қатор қилиб тақилган бороналар ёрдамида бороналанади. Агар кесаклар кўп бўлса, дискли бороналар ёрдамида майдаланади (2-расм).

nnaia-disk-borona-bgydn-741-321-963.png (49 KB)

2-расм. Дискли борона

Шўрланмаган ва яхоб суви берилмаган ерлар икки марта бороналаниб, сўнгра мола бостирилади. Тошкент вилоятининг бўз ва ўтлоқи бўз тупроқлари шароитида молага икки қатор уланган борона ёрдамида ишлов берилади. Агарда, бороналанган ерга ёмғир ёғиб, катқалоқ ҳосил бўлса, қайта бороналаш лозим бўлади.

Далаларни ғумай, ажриқ каби илдизпояли кўп йиллик бегона ўтлар билан ифлосланган қисмини бороналашни алоҳида бажариш лозим. Шунда бу ўтларнинг илдизпоялари бороналарга илашиб далаларнинг тоза қисмларига тарқалмайди. Шунингдек, бундай ерларда дискли бороналардан ҳам фойдаланиш мумкин эмас. Чунки, илдизпояларни бўлакларга бўлиниши ва тарқалиши бу бегона ўтларни кўпайиб кетишига олиб келади.

Баҳорда ерларни қайта ҳайдамаслик лозим. Агар ер зичлашиб кетган бўлса, чизель-культиваторлар ёрдамида юмшатиш керак. Баҳорда ҳайдаладиган ерларни экин экишга тайёрлаш кузда ҳайдалган ерларга нисбатан қийинроқ бўлиб, кўп ишлашни талаб этади. Бундай жойларда ишлов беришни ер етилиши билан бошлаш ва қисқа муддатлар ичида тугатиш лозим. Шундай қилинганда тупроқнинг намлиги сақлаб қолинади, экиладиган уруғларни қийғос униб чиқиши учун қулай шароит яратилади.

Манба:

С.А. Азимбоев (2006). Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. Тошкент: Iqtisod-Moliya.

Улашиш: