Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Туман ҳокими “ерни ижарага топшириш ҳақида ариза ёз” деганда нима қиласиз?

16/Aprel/2024 01:47
  643

Шу кунларда вилоятларимизда фермерларни ташвиши ортиб қолди. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерлардан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра жойларда мақбуллаштириш ишлари бошланди.

Сабаб эса бир нечта. Мисол учун, ерларни ноқонуний ажратиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш, шахсий манфаати йўлида якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино-иншоотлар қуриб олиш ҳолатлари, ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаш кабилар ҳолатлар кузатилмоқда.

Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида қабул қилган бу қарорнинг ижросини таъминлаш учун тузилган ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.

Шундай бўлса-да жойларда юз бераётган айрим тушунмовчиликлар туфайли тўхтовсиз мурожаатлар ва саволлар келиб тушмоқда. Уларнинг мазмуни деярли бир хил “туман ҳокими мендан ерингни ижарага топшириш ҳақида ариза ёз деяпти, нима қилайин?”.

Бундай вақтда мақсад ер майдонларини мақбуллаштириш бўладиган бўлса, фермерлар ерини захирага топшириш ҳақида эмас, балки “ер майдонларимни қарор талабига кўра мақбуллаштириб беришингизни сўрайман” деб ариза ёзиб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер бериш ва уни реализация қилиш комиссиясига топшириши мақсадга мувофиқ бўлади.

Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича ўтказилган таҳлилларда ҳар бир туманнинг аҳоли зичлиги ва иш билан таъминланганлик даражаси, хўжаликларнинг ихтисослашуви ва ўзига хос хусусиятларини алоҳида ҳисобга олиниши қарорда мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу ўринда барчамиз билиб қўйишимиз керак, аҳоли зич жойлашган жойларда ер майдонларини мақбуллаштириш учун қарорда кўрсатилган ҳажмлардан кам гектарларда яъни 100 гектар ўрнига 90 ёки 80 гектар қилиб, сув йўлини, контурлар яхлитлигини инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштириш мумкин. Мақбуллаштиришнинг бу амалиёти эксперимент тариқасида очиқ танлов орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.

Очиқ танловда ер участкалари қайта лойиҳаланган фермер хўжаликлари ёки қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари иштирок этиб пул маблағлари, ўзига ёки ўзининг оила аъзоларига тегишли яроқли қишлоқ хўжалиги техникалари мавжудлигини, етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортга йўналтирганлигини, яратиладиган янги иш ўринлари сонини, сўнгги уч йил давомида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларнинг бажарилишининг аҳволини батафсил кўрсатиб муҳокамада қатнашишга ва ошкора ўз фикрларини баён этиб, рақиб талабгорларининг тақдим этган маълумотлари билан танишиб чиқишга ҳам ҳақли.

Агар талабгор бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг доллар эквиваленти миқдорида, сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг доллар эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган бўлса ва кластер корхоналарига маблағлар банкдаги ҳисобварағида кўринганидан сўнг, жорий йилда мақсадли ишлатиш шарти билан ҳамда туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратилади. Бунда бизнес режасида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, ер ижара шартномасини туман ҳокими бир томонлама бекор қилиниши мумкин.

Мақбуллаштиришда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг охирги уч йиллик фаолияти бўйича таҳлилий маълумот тайёрланади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари уларнинг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 10 гектар, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 5 гектар, деб белгиланган.

Чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга берилади.

Ер участкаларини мақбуллаштиришда контурларнинг яхлитлигини сақлаган ҳолда, тупроқ шароити, сув йўли ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Эски, иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги паст бўлган (кўчат сони кам бўлган, кўчатлар интенсив усулда экилмаган) боғ ва токзорлар белгиланган тартибда бузилиб, экин ер майдонлари таркибига қўшилади.

Ўйлаётган бўлсангиз керак, хўжалик учун харажат қилиб қўйган-у, лекин режаларни бажара олмаган фермерлар тақдири нима бўлади? деб. Бу ҳам ҳисобга олинган. Мулкдор билан ер ижара шартномаси бекор қилинаётганда тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатлари, боғ ва токзорларга қилинган харажатлар, ер участкаси бириктириб берилаётган ёки янгидан ташкил этиладиган фермер хўжаликлари, кластерлар, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарининг ўзаро келишув (келишилган нархлар) ёки баҳолаш натижалари асосида қоплаб берилади.

Қайд этиш жоизки, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкаларини мақбуллаштириш жараёнида қонун ҳужжатларига ҳамда холислик, ошкоралик ва очиқлик тамойилларига қатъий риоя қилиниши таъминланади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларнинг тўртта сектор раҳбарлари ҳамда туман комиссияларининг барча аъзолари шахсан жавобгар ҳисобланади.

Чорихон Қодиров,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси

Манба: www.uza.uz

Улашиш: