Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонани иситишда ноодатий ечим

23/Noyabr/2024 02:23
  1390

Қашқадарёлик тадбиркор Шавкат Қурбонов ўтган йили Ғузор тумани ҳудудидан ер олиб, 1,5 гектарлик йирик иссиқхона комплексини барпо этди. Бу ҳақда “Қашқадарё” газетаси хабар берди.

- Иссиқхонада 30 сотих майдонда помидор ҳамда 50 сотих майдонда бодринг парваришлаяпмиз, - дейди жамият иш юритувчиси Миробид Жовлиев. - Бу экинларни ноябрь ойининг охири ва декабрнинг бошларида экканмиз. Насиб этса, бодрингни февралнинг иккинчи ўн кунлигидан, помидорни эса Наврўз арафасида бозорга чиқаришни мўлжаллаб турибмиз.

Эътиборли томони, тадбиркор иссиқхонанинг ушбу 80 сотих майдонида бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ўзига хос иситиш тизимини барпо этган.

Ташқаридаги махсус бинода ўрнатилган асбоб-ускуналар бир вақтнинг ўзида 1 тонна сувни белгиланган даражада қиздириб беради. У табиий газ билан ҳам, электр энергиясида ҳам ишлайди. Керакли даражада қизиган сув эса махсус металл қувурлар орқали иссиқхона ичига йўналтирилади.

- Ана шу жойда биз одатдагидан фарқли усулни қўлладик, - дейди Миробид Жовлиев. - Аксарият иссиқхоналарда иссиқ сув айланма қувурлар орқали ҳаракатланиб, ҳавони қиздириб туради. Бу ҳам яхши, аммо катта ҳудудни эгаллайдиган иссиқхоналарда қувурдан кўтарилган ҳарорат майдоннинг барча қисмларига бирдек етиб бормайди. Қувурга яқин жойда ҳарорат юқори, узоқроқ жойда эса паст бўлади. Натижада экинларнинг ривожланиши бир маромда кечмайди.

Тадбиркор ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида, ўзига хос ҳаво айланишини таъминловчи тизимни ишга туширган. Аҳамиятли томони, бу иш оддий қўлбола усулда, эски кондиционерларнинг махсус парлатувчи қисми, яъни яроқсиз ҳолга келиб қолган "испарител"лардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган. Ушбу мосламалар маълум масофа оралиғида қувурга уланган. Қайноқ сув "испарител"лар орқали айланади ва уларни қиздиради. Мосламанинг икки ёнида ўрнатилган парраклар эса бири иссиқ ҳавони тепага, бири ён атрофга ҳайдайди. Ҳароратнинг бирдек тарқалиши таъминланади. Айни пайтда тадбиркор иссиқхонанинг иккинчи қисмига ҳам мана шундай тизим ўрнатиш ҳаракатида.

Манба: qashqadaryogz.uz

Улашиш: