Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистонда кам ўрганилган, лекин фойдали ўсимлик – чаканда

22/Noyabr/2024 01:42
  1927

Ҳозирги даврнинг энг муҳим масалаларидан бири – аҳолини экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ва доривор воситалар билан таъминлаш ҳисобланади. Республикамизда доривор ўсимликшуносликни ривожлантириш, Ўзбекистон флорасидаги истиқболли доривор ўсимликларни маданийлаштириш, уларни саноат плантацияларида ўстиришни йўлга қўйиш фармацевтика саноати хомашё базасини яратади. Ана шундай истиқболли доривор ўсимликлардан бири – жумрутсимон чаканда (облепиха крушиновидная) – Hippophae rhamnoidesh ҳисобланади. 

Чаканда жийдадошлар (Elaeagnaceae L) оиласига мансуб, икки уйли ўсимлик ҳисобланади, табиатда бута ёки кичик дарахт (8 м) кўринишида ўсади. Новдалари тиканли, ланцетсимон, узунчоқ, эни 3-5 мм, узунлиги 4-9 см бўлган, устки қисми кулранг-яшил, остки юзаси эса қўнғир-кумушсимон рангли баргларига эга. Гуллари сариқ рангда, жуда майда ва шингилсимон бўлади. Меваси шарсимон ёки овалсимон – чўзинчоқ, бир уруғли тилласимон-сариқ, оловранг-қизғиш ва қизғиш рангли бўлиб, шарбати нордон ва ундан ананас таъми келиб туради. 

Ушбу ўсимликни юқори қуруқ ва иссиқ ҳарорат, тупроқ унумдорлигининг пастлиги, шўрланганлиги каби салбий абиотик омилларга чидамлилиги, қиш совуқларига бардошлилиги илдиз бачкилари орқали теза кўпайиши ҳамда мева шарбати дориворлик хусусиятларига кўра, жуда фойдали ўсимликлар тоифасига киритиш мумкин. Бу пластик ва полиморф ўсимликнинг ареали жуда кенг бўлиб, унинг ғарбий чегаралари Англиянинг жанубий-шарқий қисмлари бўлса, шарқий чегараси Хитойнинг ғарбий провинцияларига тўғри келади. 

Демак, чаканда кенг ареалли ўсимлик сифатида бир неча экологик популяцияларни юзага келтирган. Чаканданинг Болтиқбўйи, Сибир, Олтой, Марказий Осиё популяциялари бой генофондга эгадир. Евроосиё қисмида 50 дан ортиқ навлари (асосан Олтой-Сибир популяциялари асосида) яратилган бўлиб, улар асосида махсус чаканда етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар ташкил этилган. Экиннинг асосий қимматли хусусияти мева шарбати ва уруғларида чаканда мойи (облепиховое масло) мавжудлиги бўлиб, унинг миқдори 8 фоизгача етади. Бундан ташқари мевасида С, Е, В1, В2, витаминлари, каротин, фолий кислотаси, флавоноидлар, органик кислоталар учрайди. Мойи ҳам ўз навбатида Е ва F витаминларига ва каротиноидларга бой. 

Мойи радиоактив нурлар таъсирида зарарланган тери, ошқозон-ичак, меъда шиллиқ қаватлари, ошқозон-ичак яраси ва гинекологик касалликларни даволашда тенги йўқ доривор воситадир. 

Республикамизда чаканда кам ўрганилган ва ишлаб чиқаришда деярли фойдаланилмаётган ўсимлик ҳисобланади. Бунинг сабаби, унинг кўчатларини ўстириш ва саноат плантацияларида етиштириш агротехникасини йўқлигидир. 

МДҲ мамлакатларида, айниқса, Россиянинг Олтой ўлкасида чакандани плантация усулда етиштириш иқтисодий самарали тадбир эканлигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтда чаканданинг табиий бутазорлари Зарафшон дарёси ҳавзасида жойлашган. У 150 км узунликда бўлиб, 1000 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. Дарё ҳавзасидаги экологик шароитлар турли-туманлиги, дарёнинг тоғ, тоғолди, текислик қисмларида чаканданинг генетик биохилма-хиллигини келтириб чиқарган. 

Чаканда экологик пластик ўсимлик сифатида дарё ўзанида юзага келган қумли-шағалли оролларни биринчилар қатори ўзлаштиради, ёнлама илдизлари орқали янги ўсимликларни юзага келтиради ва янги майдонларни тез эгаллаб олади. Типик тўқай ўсимлиги сифатида қумли, шағалли, қумоқ аллювиал ётқизиқларда, доимо намлик етарли тупроқларда ўсишга мослашган. Илдизида тупроқ ҳавосидан азотни ўзлаштирувчи тугунакли бактериялар мавжудлиги (микориза) чакандани унумдорлиги паст тупроқларда, қумли-шағалли субстратларда ҳам бемалол ўсиб, ҳосил беришини таъминлайди. 

Зарафшон дарёси ҳавзасидаги чакандазорлар тадқиқи меваси катта-кичиклиги, ранги ва биокимёвий таркибига кўра, турлича эканлигини кўрсатди. Асосан майда мевали чаканда кенг тарқалган, уларнинг резавор мевалари шарсимон-думалоқ, 5,7 мм диаметрга эга. 100 дона мевасининг оғирлиги 9,5 граммга тенг. Уруғи ҳам майда: узунлиги 4-5, йўғонлиги 2,5-3,5 мм, шаклига кўра, чўзинчоқ, овалсимон, жигар рангда. 1000 та уруғининг оғирлиги 7,7 граммга тенг. 

Республикамиздаги ушбу ягона чакандазорнинг генетик ресурсларини ўрганиш натижасида йирик мевали, кам тиканли, серҳосил ва оловранг мевали уруғчи буталардан 10 та истиқболли шакллар танлаб олинди. Танлашда қизғиш-оловрангли меваси бор буталарга кўпроқ эътибор қаратилди, чунки қизғиш рангли мева каротиноидларга бой ҳисобланади. Танланган шакллар орасида Зарафшон-3 шакли (100 дона мевасининг оғирлиги 15,2 г), Қорадарё-8 шакли (14,2 г), ва Қорадарё-9 шакли (14,8 г) йирик мевалари билан ажралиб туради. 

Чаканда меваси новдаларни буткул қоплаб олади, шингилида 10-28 тагача резавор мевалар шаклланади. Ушбу шакллардан келгусида селекция мақсадларида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Чакандани доривор ва мевали ўсимлик сифатида кўпайтиришда оналик бутадан қимматли хўжалик-биологик белгиларига кўра, фарқ қилмайдиган генетик бир хил кўчатлар етиштириш, фақатгина вегетатив усул орқали амалга оширилади. Бунинг учун 25-30 см узунликдаги ёғочлашган новда қаламчалари баҳорда ўсимлик уйғонмасдан, февралнинг 20-25 кунларида тайёрланади ва олдиндан тайёрланган эгатларга экилади ва тез-тез суғорилади. Ўз илдизига эга кўчатлар 1 йилда стандарт кўчатлар ҳолатига келади. 

Э. Бердиев


Улашиш: