Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқнинг иссиқлик режимини бошқариш

22/Noyabr/2024 04:19
  992

Ўсимликларнинг уруғдан униб чиқиши, нормал ўсиб ривожланиши ва тупроқдаги турли микроорганизмларнинг ҳаёти бевосита тупроқдаги иссиқликка боғлиқ.

Ўсимликлар ҳаётининг дастлабки даврида тупроқ ҳарорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлса, майсалар чиққандан кейин эса ҳаво ҳарорати катта аҳамиятга эга бўлади.

Экилган уруғларга уларнинг униб чиқиши ва кейинги ўсиши учун тупроқда маълум ҳарорат бўлиши керак. Уруғлар муайян ҳароратда униб чиқади. Агар ҳарорат уруғнинг униб чиқиши учун етарли бўлса, минимал, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун қулай бўлса, оптимал, агар ундан юқори бўлса, максимал ҳарорат дейилади. Максимал ҳарорат ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир этади.

Ўсимлик уруғининг униб чиқиши учун зарур ҳарорат, яъни минимал ҳарорат билан ўртача суткалик ҳарорат орасидаги фарқ фойдали, яъни эффектив ҳарорат дейилади.

Ўсимликлар турига қараб ҳароратга турлича муносабатда бўлади. Масалан, улардан баъзилари юқори ҳароратда (ғўза, сули, маккажўхори ва бошқалар) нормал ўсиб ривожланса, бошқалари (баҳорги дон экинлари) нисбатан пастроқ ҳароратни талаб этади. Кузги дон экинлари қишни енгил ўтказади, баҳоргилари эса қишки паст ҳароратда нобуд бўлади.

Ғўза учун оптимал ҳарорат 25-30°, максимал ҳарорат эса 35-37°; кузги ғалла экинлари (кузги жавдар, кузги буғдой, баҳорги арпа, сули, баҳорги буғдой) учун оптимал ҳарорат 20-25°, максимал ҳарорат эса 30-35° ҳисобланади.

Маккажўхори учун оптимал ҳарорат 25-30° ва максимал ҳарорат 35- 40° ҳисобланади.

Ҳарорат кўтарилганда иссиқликнинг ўсимликлар ҳаёт фаолиятига таъсири тубдан ўзгарадиган даражаси ҳарорат нуқталари дейилади.

Ўсимликлар иссиққа бўлган талабига кўра икки гуруҳга бўлинади.

1. Мўътадил иқлим поясида ўсадиган ўсимликлар.

2. Жанубий кенгликларда ўсадиган ўсимликлар.

Биринчи гуруҳга мансуб ўсимликлар: арпа, сули, буғдой, жавдар, кўк нўхат, беда ва бошқалар. Уларнинг уруғи ўртача ҳарорат 1-5° бўлганда униб чиқади, 10-12° да гуллайди ва етилади. Бу ўсимликларнинг майсаси 5-10° да ҳам ҳаёт фаолиятини давом эттираверади. Шунинг учун бу ўсимликнинг уруғи эрта баҳорда - февралнинг охири ва мартнинг бошларида экилади. Айрим экинлар совуққа анча чидамли бўлади. Масалан, беда қор тагида - 40°, қор бўлмаганда эса -30° совуққа чидайди.

Иккинчи гуруҳга иссиқсевар ўсимликлар: ғўза, маккажўхори, оқжўхори, шоли, қовун, тарвуз ва бошқалар киради. Уларнинг уруғи 10-12° да униб чиқади ва 15-200 да гуллайди. Шунга кўра, уларнинг уруғи кеч, яъни мартнинг охири ва апрелнинг бошларида экилади. Бу ўсимликлар орасида ғўза ўзининг иссиқсеварлиги билан ажралиб туради. Чигит тупроқ ҳарорати 10-12° бўлганда унса ҳам, майсаси 16° да ер бетига чиқади. Унинг нормал ўсиши ва ривожланиши учун ҳарорат 25- 30° дан паст бўлмаслиги шарт, акс ҳолда ғўзанинг ривожланиши сусаяди. Чигит униб чиқиши учун 84°, ғўза шоналаши учун 400°, гуллаши учун 415®, кўсаклар очилиши учун 660°, жами 1560° фойдали ҳарорат зарур.

Кечпишар ғўза навларининг вегетация даври 150-160 кун, чигит униб чиқиши учун 84°, ғўза шоналаши учун 415°, гуллаш учун 700°, кўсаклар очилиши учун 720-800°, жами 1770-2000° фойдали ҳарорат керак.

Иссиқлик режимини бошқариш тупроқ унумдорлигини оширишда ва экинлардан мўл ҳосил етиштиришда муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Экинларнинг турига қараб уруғини униб чиқиши, ўсиши ва ривожланиши учун ҳар хил миқдорда иссиқлик талаб этади.

Ерга солинган чиримаган гўнг, органик ўғитлар тупроқнинг иссиқлик режимини яхшилайди, чунки 1 т гўнг чириганда 4-5 млн. ккал иссиқлик ажралиб чиқади.

Ерга барқарор совуқ тушмасдан олдин чуқур ва сифатли шудгорлаш тупроқнинг иссиқлик режимини яхшилашда самарали тадбир ҳисобланади.

Эгат ва пушталардаги қулай ҳарорат режими тупроқнинг физикавий хоссалари билан боғлиқ ҳолда чигитнинг барвақт ва қийғос униб чиқишига имкон беради. Бундай ерларда чигит текис ердагига нисбатан 5-6 кун олдин униб чиқади.

Тупроқ ҳароратини оширишни ва режимини тартибга солишнинг яна бир асосий омили чигит ёки бошқа экинлар уруғи экилгандан кейин ерларни мульчалашдир. Мульча сифатида чириган гўнг, кўмир кукуни, қора қоғоз ва плёнка каби материаллардан фойдаланиш мумкин.

Манба:

С.А. Азимбоев (2006). Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. Тошкент: Iqtisod-Moliya.

Улашиш: