Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экологик барқарорликни таъминлаш бўйича янги қадамлар

22/Noyabr/2024 00:51
  1631

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси келгусидаги вазифалар ва мақсадларни рўёбга чиқаришда бош дастуриламал ҳисобланади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Мурожаатда экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Чунончи, бугун кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифаларни қамраб олган. Унда экологик хавфсизликни таъминлашга доир чора-тадбирларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган.

Хусусан, Давлат дастури лойиҳасининг “Ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” номли 5.2-йўналишида Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур концепциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан, трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш бўйича халқаро анжуман ташкил этиш ва ўтказиш каби тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида мамлакатимиз табиатдан оқилона фойдаланиш сиёсатини изчил амалга оширмоқда. Ер ва сув ресурсларини бошқариш, экин майдонларини оптималлаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олиш борасида муайян ютуқларга эришилди. Кўрилган чора-тадбирлар эвазига ҳар йиллик сувни истеъмол қилишни 14 миллиард куб метрга, қишлоқ хўжалигида эса ҳар гектарга сув сарфини икки баробардан зиёдга камайтириш, суғорилаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.

Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни барқарорлаштириш учун 5,5 миллиард доллар йўналтирилди. Бундан ташқари, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлар билан биргаликда Орол денгизининг қуриган тубида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни яратиш, коллектор-дренаж сувларини қочириш тизимини яхшилаш, аҳоли турмуш шароитлари даражасини юксалтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Сўнгги ўн йил давомида Оролнинг қуриган тубида саксовул ва бошқа тузга чидамли ўсимликлар турларидан қарийб 350 минг гектар ўрмон барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарни ташкил этди.

Мурожаатномада махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келаси йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида жаҳон ҳамжамиятининг Орол фожиасига алоҳида эътиборини қаратди.

2018 йил 24 августда Оролни қутқариш халқаро фонди муассисчи давлатлар раҳбарлари Саммитида Президентимиз Ўзбекистон трансчегаравий дарёлардан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига риоя этган ҳолда адолатли ва оқилона фойдаланиш тарафдори бўлиб, Марказий Осиё давлатлари билан сув-экологик муаммоларни конструктив ва ўзаро манфаатли асосда, яхши қўшничилик руҳида ҳал этишда яқин ва фаол ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, Президентимиз БМТ томонидан қўллаб-қувватланган ҳамкорлик асосида Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича Траст фондини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Айни пайтда ушбу фонд ўз фаолиятини бошлади. Норвегия ҳукумати Траст фондининг илк сармоядори бўлди. Бу қарор жаҳон ҳамжамияти ва Марказий Осиё мамлакатларининг Оролбўйи минтақасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлди.

Шунинг учун ҳам Мурожаатномада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди, деб қайд этилди.

Албатта, Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида бу борадаги ишларимизни янада фаоллаштириш, инвестициялар жалб этиш, табиатни асраш, мамлакатимиз экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича муҳим амалий қадамлар қўйилади. Бунга жорий йилда амалга ошириладиган Давлат дастури муҳим пойдевор бўлади.

Абдураҳим Қурбонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси.

Улашиш: