Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бактерияли ўғитлар

21/Noyabr/2024 13:27
  991

Тупроқ ҳосилдорлигини оширишда, атмосфера азотини микроорганизмларга жалб қилиш катта аҳамиятга эгадир. Шундай бактериялар мавжудки, улар ўсимлик учун яроқсиз ҳолдаги бирикмаларни улар учун яроқли кўринишга келтира оладилар. Тупроқда бундай микроорганизмларнинг ривожланишини кучайтириш учун бактерияли препаратлар қўлланилади.

Нитрагин фақат дуккакли ўсимликлар илдизида яшовчи тугунакли бактерияларни ўз ичига олади. Улар ҳаво азотини ўзлаштирадилар. Турли дуккакли ўсимликлар учун махсус бактерия турлари мавжуд. Улар уруғ билан бирга жуда кам миқдорда солинади. 1 гектар ерга етадиган уруғни қайта ишлаш учун шу бактериядан 500 см3 талаб қилинади. Нитрагин олдин сувда эритилади, сўнг шу суюқлик билан экиш учун мўлжалланган уруғлар чайилади.

Қайта ишлаш соя жойда амалга оширилади, чунки қуёш нурлари бактерияларни нобуд қилади. Шунинг учун уруғлар булутли кунда сепилади ва тупроқда яхшилаб кўмилади. Бактериялар илдизларда ривожланиб, тугунаклар кўринишида илдизни йўғонлаштириб туради.

Азотобактер тупроқда эркин яшовчи микроорганизмлар — азотобактеринларни уз ичига олади. Улар ҳавонинг эркин азотини ўзлаштириб, уни ўсимлик озиқланиши учун яроқли бирикмаларга айлантирадн. Азотобактер ўсимлик, айниқса, кўп йиллик ўтлар илдизлари ажратадиган органик кислоталар билан озиқланади.

1 г. азотобактеринда 50— 100 млн. ҳужайра мавжуддир. Азотобактеринни ёзнинг биринчи ярмида органик ўғитлар, суперфосфат, кул билан бирга, албатта, нам тупроққа солинади. Маданийлаштирилган тупроқда ва айниқса, органик қолдиқлар билан компостлаштирилиб, ҳўлланилганда яхши натижа беради. Уни уруғ ва тугунаклар билан бирга солиш мумкин. Шу мақсадда уруғларни сув билан ҳўллаб, азотобактерин сепилади ва пухталик билан аралаштирилади. Меъёри гектарига 3 кг дан (1-2 бутилка) 6 кг гача (2-3 бутилка) бўлади.

Фосфоробактерин. Фосфорли бактериялар органик бирикмалар фосфорини ажратиш (минераллаштириш) хусусиятига эгадир. Бу препарат каолин билан аралашган бактериялар спораларини ўз ичига олади. 1 гектар ерга экиладиган уруғ микдори 1 л сувда эритилган 5-10 г препарат билан қайта ишланади.

АМБ препарат и аммиак чиқарувчи, яъни нитрификация жараёнини амалга оширувчи органик моддаларни парчаловчи бактерияларни ўз ичига олади.

Силикатли бактериялар тупроқнинг асосий таркибий қисмларидан бири — алюмосиликатларни парчалаш хусусиятига эгадир, уларнинг маълум бир қисми ўсимликлар учун яроқли ҳолга келтиради.

Манба:

Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: