Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Баъзи қуруқ меваларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида...

21/Noyabr/2024 07:41
  1046

Қуруқ мевада янги узилган меванинг барча фойдали хусусиятлари сақланиб қолгани сабабли йил давомида витаминларга бой мевалардан тановул қилиш имкони бўлади.

Анжир қоқиси А, С ва В гуруҳидаги дармондорилар ва магний, темир, натрий, фосфор, калий, қальций каби моддаларга жуда бой. Танада калий етишмовчилиги натижасида юзага келадиган асаб ва юрак хасталикларида жуда фойдали. Темир моддасига бойлиги сабаб гемоглобин етишмовчилигида катта ёрдам беради. Уни мунтазам истеъмол қилиш ошқозон-ичак касаллиги ва қон таркибидаги холестерин миқдори ортиб кетишининг олдини олади. Анжир қоқисини сутда қайнатиб ичиш йўтал, кўкйўтал ва бронхитда жуда фойдали. Танада хавфли ўсимталарнинг ривожланишига тўсқинлик кўрсатади.

У қалқонсимон без фаолиятини нормаллаштиришда, организмдаги паразитларни чиқаришда қўл келади. Анжир қоқи саратон ҳужайралари ривожланишининг олдини олади ва терини витаминлар билан таъминлайди.

Туршак ўзида А,В,С дармондорилари ва калий, магний, темир, фосфор, глюкоза, фруктоза, сахарозани сақлайди. Туршак ичакни тозалаб, унинг фаолиятини яхшилайди. Анимияда ҳам жуда фойдали саналиб, уни мунтазам истеъмол қилиш билан қонни тозалаш мумкин. Туршак юрак-қон томир хасталикларида самарали фойда беради. Кўриш қобилиятини ҳам яхшилайди. Шу билан бирга, соч ва тери ҳолатини яхшилайди.

Майиз таркибида темир, калий, хлор, магний, фосфор каби моддалар ҳам мавжуд. У уйқуни яхшилайди. Таркибидаги В гуруҳига мансуб витаминлар асаб тизимини мустаҳкамлайди. Темир моддаси етишмовчилигида беқиёс самара кўрсатади. Калий ва магний эса юрак-қон томир ва асаб тизими касалликларида яхши натижа беради. Касалликдан сўнг қувватга кириш ва иммунитетни мустаҳкамлашда унга тенг келадигани йўқ.

Олхўри қоқиси ўзида калий, кальций, темир, йод, марганец, асал, С,Е,РР ва В гуруҳи витаминларини сақлайди. Ортиқча елни ҳайдашда самараси катта. У овқат ҳазмини яхшилайди. Юрак, буйрак ва жигар хасталигидан азият чекадиган беморларга ҳам фойдали. Танадаги моддалар алмашинувини фаоллаштиради. Бошқа қуритилган мевалар каби олхўри қоқиси ҳам иммунитетни мустаҳкамлайди.

Хурмо А, В1, В2, В6, С витаминлари ва темир, фосфор, калий, натрий, руҳ, фтор ва кобальтга жуда бой. Танадаги ишчанлик қобилиятини ошириб, шамоллашда ҳам жуда фойдали. Кўп миқдорда витаминлар сақлаши сабаб қишда фаол меҳнат қилиш ва шодон юришимизга кўмаклашади. Қуритилган хурмо қувват манбаи саналади. Таркибида пектин моддаси борлиги боис ичак фаолиятини меъёрлаштиради. Асаб ва юрак-қон томир тизимини ҳам яхшилайди. У қонда гемоглобин миқдорини оширади.

Салбий таъсирлари

Барча қуритилган мевалар қувватга бойлиги боис эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш лозим.

Қуритилган меваларнинг ширинлигини инобатга олиб, қандли диабет касалига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.

Қоқилар ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси хасталиги қўзғалган беморларга ҳам мумкин эмас.

Шу билан бирга, бу меваларга аллергия ҳолатларида ҳам тавсия этилмайди.

Манба:

1.       od-press.uz

2.       darakchi.uz

Улашиш: