Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Зироатнома: сумод, яъни гўнгни билиш ҳақидаги фасл

22/Noyabr/2024 06:49
  1000

Барча паррандаларнинг гўнги, ўрдак гўнгидан ташқари, дарахтлар учун яхши. Тўрт оёқли ҳайвонларнинг гўнги ичида эшак, от ва хачирнинг гўнглари энг яхшилари ҳисобланади. Улардан ҳам яхшироғи қўй ва эчки гўнгидир. Улардан кейинда туя ва мол гўнги туради. Чўчқанинг гўнги аччиқ бодомдан бошқага ярамайди. Паррандалар ичида кабутарнинг гўнги энг яхшиси ҳисобланади.

Қўшимча:

Гиёҳ ва ўсимликлар учун ўғит ҳисобланадиган ва ҳар хил нарсалардан ҳосил бўладиган ўғитларнинг барчаси “нури” ва “пори” деб аталади. Агар ернинг кўкартириш қувватини сақлашни истасалар, ўша ердан чиққан маҳсулнинг бир қисмини ёки унинг ўрнини эгаллайдиган бирор нарсани ерга бериш керак. Шу мақсадда ерга “нури” солиш албатта зарур.

Қўй ва эчкининг гўнги от гўнгига қараганда жуда қувватли ва таъсирлидир. Қаттиқ ҳамда совуқ бўлган ерга ундан берилса, муносиб бўлади. Уларнинг олти араваси хосиятда от гўнгининг тўққиз араваси ўрнини босади. Отнинг гўнги (нами кетиб) қуруқ тортмайдиган ва гиёҳлар шуни хоҳлайдиган ерларда гиёҳларни тез ўстиради ва фойда келтиради. Мол гўнги табиати жиҳатидан улардан совуқдир. Уни қуруқ ва иссиқ ерларга ва сувни кўп ичадиган жойларга солинса, нажосат ва нури каби кучли ўғитлардан аралаштириб, ишлатилса кўп фойдага эга бўлинади.

“Нурийи махлут” – ҳар хил нарсаларнинг бир-бирига қўшилмасидан иборатдир. Агар деҳқон “нури” йиғмоқчи бўлса, уни ҳар хил жойлардан, масалан, ариқ ва зовур тупроқларидан, чириган қамишлардан, хашак, барг, эски уйларнинг томидаги тупроқлардан, эскирган, нураган деворлардан, кўчаларнинг чанг-тупроқларидан, ахлатлар, уйдан чиққан кулллардан, палос, либосларнинг парчаларидан, суяклардан, майда чармлардан, чириган нарсалардан олиб бир ерга тўплангандан кейин улардан яхши ва аъло “нури” ҳосил бўлади. Нуриси бўлмаган кишилар бироз уриниш билан кўпгина “нури” ҳосил қилиши мумкин.

Катта ва моҳир деҳқон шундай деҳқонки, озгина уриниш ва куч сарфлаш билан кўпгина “нури” йиғишнинг йўл-йўриғини билади. “Нури” омборларини то ундан фойдалангунга қадар икки-уч қарич миқдоридаги тупроқ билан кўмиб қўйиш албатта лозимки, шунда ҳаво ва ёмғир сабабли ундан қувват кетмайди ва хосиятлари зое бўлмайди. Тирмоҳда ерни баҳорда экишга тайёрлашни истасалар, ерни “нури” тўккандан кейин тезда ҳайдаб, тупроқ билан кўмиш керак. Ундан сўнг сув берилади.

Манба:

Зироатнома. Тражимон: Маҳмуд Ҳасаний. Тошкент: "Меҳнат", 1991

Улашиш: