Уруғдан ўстирилган гулларни ташқарига экиш учун чиниқтириш
Кўпгина бир йиллик ва гиламли ўсимликлар доимий жойига экилгунча ёпиқ ерда, яъни иссиқхона, бино, плёнкали пана жойлар ва ҳоказоларда етиштирилади. Шундай тайёрланган ўсимликлар қоида буйича нозик бўлади ва уларни очиқ ерга экишдан олдин чиниқтириш зарур.
Ўсимликларни чиниқтириш — бу қатор усуллар бўлиб, уларга кўра ўсимлик очиқ ер шароитида етиштиришга мослашади. Бунда ўсимликларнинг ҳарорати, намлик тебранишларига ва ташқи муҳитнинг бошқа ёқимсиз таъсирларига чидамлилиги ортади.
Ўсимликларнинг совуққа бардошлилиги очиқ ерга экишга узоқ ва мураккаб тайёргарлик билан ортади, очиқ ерга экилган вақтда хужайралар цитоплазмасида чуқур физиологик ўзгаришлар бўлади, бу ҳужайралар ўсимлик кўкаришининг ёмон шароитларга энг юқори мослашишни таъминлайди.
Чиниқтиришда секин-аста етиштириш шароити ўзгаради. Хоналар кўпроқ шамоллатилади, ҳарорат пасайтирилади, тик ёритилганлик кучайтирилади, бунинг натижасида ўсимлик ташқи муҳит шароитига секин-аста мослашади. Кучатларни чиниқтириш учун 10-12 кун зарур, сўнгра улар очиқ ерга экилади.
Манба:
Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».