Иссиқхонада тупроқ грунтларини тайёрлаш ва ўғитларни қўллаш
Тупроқли иссиқхоналардаги тупроқ аралашмалари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур. Улардаги муҳитнинг оптимал нисбатлари (ҳажмнинг 20-30 % - қаттиқ, 40-50 % - суюқ, 30-35 % - газсимон), умумий бўшлиқлар – 70-80 % ва сув билан тўлдириладиган капилляр бўшлиқлар – 40-50 %, органик моддалар – 30 %, намлик сиғими – 40-55 %, ҳаво сиғими – 25-30 % оралиқларда бўлиши керак. Бир килограмм тупроқдаги ҳаракатланувчи шаклларнинг энг катта миқдорлари – азот учун 40-60, фосфор учун – 120-130, калий учун – 160-240 мг, тупроқ эритмаси концентрацияси 3 г/л дан ортмаслиги керак. Бунда энг мақбул физик хусусиятлар, жумладан бирикманинг зичлиги 0,4-0,6 г/см3, реакция муҳити эса, яъни рН=6,2-6,6 оралиқда бўлиши лозим. Улар токсик аралашмалар ва инфекциялардан ҳоли бўлиши зарур. Кўпгина ҳолларда иссиқхоналарни бевосита дала шароитидаги қоплама тупроқ-грунтларда қуриш мумкин. Улардан фойдаланишда қуйидаги таркиблардан бири олинади: 65% дала тупроғи ва 35% чиритилган гўнг; 70% дала тупроғи, 25% чиритилган гўнг ва 5% қум.
Мазкур тупроқ аралашмасига ҳажм бирлиги бўйича 20% миқдорда олдиндан майдалаб, ерга кўмиб қўйилган материаллар (ёғоч қириндиси, шоли кепаги, майда сомон, ғўзанинг майдаланган чаноқлари) қўшилади (1-жадвал).
1-жадвал. Қоплама тупроқ аралашмасининг таркиби, %
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, янгидан қуриладиган иссиқхоналарда дала тупроғидан фойдаланиш мумкин. Бунда ҳар м2 юзага 30-40 кг (300-400 т/га) сомонли гўнг ёки чиринди ҳамда 20-30% ҳажмдаги олдиндан майдалаб кўмиб қўйилган чириндилар аралаштирилади.
Бундай иссиқхоналарда тупроқлар 15-20 йил хизмат қилиши мумкин. Улар учун ҳар йили 15-20% миқдорда янги тупроқ тайёрланади. Бу тупроқ 5-6 см қалинликдаги сидириб олинган эски тупроқнинг ўрнига солинади. Эски тупроқлар ҳам кўмиб қўйилиб, зарарсизлантирилиб, 2-4 йилдан сўнг қайта ишлатилиши мумкин. Узлуксиз фойдаланиладиган тупроқ аралашмаларига ҳар йили асосий экинларни экишдан олдин 20-25 кг/м2 миқдорда гўнг солинади. Тупроқ аралашмасининг зичлиги 1,0 г/см3 дан ортганда, унга ғоваклантирувчи материаллар солинади.
Ўғитлаш тизимига сабзавот экинларини экишдан олдин тупроққа ўғит солиш ва ўсимликларни вегетация даврида илдизлари орқали озиқлантириш жараёнлари киради.
Қорақалпоғистоннинг тупроқ аралашмасида органик моддалар миқдори кам ҳамда минерал элементлар билан тўйиниш даражаси меъёрдан оз бўлган шимолий туманлари шароитида тупроқни озиқлантиришда қуйидаги миқдорлар тавсия этилади: помидор учун N – 190-230, P2O5 – 230-450, K2O – 170-280, MgO – 100-170 кг/га (г/10 м2); бодринг учун N – 84-168, P2O5 – 230-245, K2O – 130-260, MgO – 30-60 кг/га (г/10 м2). Асосий озиқлантиришда минерал ўғитлар шудгорлаш ёки ер текислашдан олдин солинади. Уларни, тўйинтирувчи минерал элементлар миқдорини ҳисобга олган ҳолда, гўнг билан аралаштириб ҳам солиш мумкин. Бу эса минерал ўғитлар миқдорини камайтириш имконини беради.
Асосий ўғитлашдан сўнг 4-6 ҳафта давомида ўсимликлар илдиздан озиқлантирилмайди. Кейинчалик ўсимликларни илдиздан озиқлантиришда қуйидаги ҳолатларга амал қилинади.
Ўсимлик илдизи атрофига солинадиган ўғитнинг умумий миқдори ҳар м2 га 70 граммдан ортмаслиги зарур, эритманинг умумий концентрацияси эса 0,7 % дан ошмаслиги тавсия этилади. Унинг оптимал концентрацияси 0,15-0,20 % оралиғидадир. Бир марта озиқлантиришда эритманинг сарфи 8 л/м2, суғориш давомийлиги эса 10 минут қилиб белгиланади. Қуруқ ўғитларни тупроқ юзасига уни юмшатиб солиш, ўсимликнинг илдиз тизимига шкаст етказади. Шу туфайли ўғитни тупроқ юзасига сочмасдан, уни суғориш йўли билан амалга оширган маъқул. Бу усулдаги кейинги ўғитлаш жараёнлари ҳар 10 кунда бир марта амалга оширилади.
Бир марта алмашлаб экиш давомида ўсимликларни озиқлантиришда 1 гектар ерга бодринг учун 300-350 кг азот, 450-500 кг калий, помидор учун эса 200-250 кг азот ва 120-170 кг калий солинади.
Ўсимликларни илдиздан озиқлантиришда турли хил органик ўғитлардан фойдаланилади. Улар олдин сувда ачитилиб, ерга солишда сувга қуйидаги нисбатларда аралаштирилади: паранда гўнгида 1:10-12, қорамол гўнгида 1:3-5, гўнг шарбатида эса 1:2-4 нисбатлар олинади. Ўсимликларни органик ўғитлаш минерал ўғитлаш билан алмашиниб туриши лозим. Уларнинг биринчиси тупроқни микрофлора ва озиқлантирувчи моддалар билан бойитса, ҳаво – корбанат ангидрид билан, иккинчиси эса енгил ўзлаштириладиган тўйинтирувчи моддалар билан бойитади. Лекин, ўсимликларни органик ўғитлар билан озиқлантириш, тупроққа инфекциялар тушиш хавфини оширади.
Тупроқ ҳарорати пасайганда ёки ўсимлик илдизи қисман шикастланганда, тўйинтирувчи элементлар ўсимлик танасига меъёрдагидек ўтмайди. Бундай ҳолатда уларни баргидан озиқлантириш зарурати юзага келади. Бироқ, бунга жуда берилиб кетмаслик лозим, чунки ўсимликни илдизидан озиқлантирмаслик баргларнинг тез қаришига олиб келади. Бу усулда, яъни барг орқали озиқлантиришда бодринглар учун 0,3 % ли тўйинтирувчи эритмадан фойдаланилади. Эритманинг 10 литрида 10-12 грамм суперфосфат (сувдаги эритмаси), 10-12 грамм калийнинг фосфор ишқорли аралашмаси, 5-7 грамм аммиакли силитра ёки мочевина бўлади. Помидорда эса 0,4 % ли тўйинтирувчи эритманинг 10 литри таркибида юқорида санаб ўтилган элементлар, мос равишда, 8-10, 10-15 ва 15 грамм миқдорларда бўлади. Ўсимликларни барглари орқали озиқлантиришни булутли кунларда кундузи, қуёшли кунларда эса тунги соатларда амалга ошириш лозим.
Иссиқхоналарда ҳам очиқ тупроқларда ишлатиладиган минерал ўғитлардан фойдаланиш мумкин. Бироқ, улардан эритилган ҳолатда фойдаланиш маъқулдир. Охирги йилларда иссиқхоналарда кўпроқ мураккаб ўғитлар қўлланилмоқда. Уларнинг турли маркаларида (Россиянинг Акварил, Финландиянинг Кемира Комби, Кемира Универсал ва бошқ.) азот, фосфор, калий ва магний турлича, лекин ўзаро мутаносиб нисбатларда бўлади. Ушбу маркаларнинг кўпчилигида микроэлементлар ҳам мавжуд бўлади. Ўсимликларни илдиздан озиқлантиришда уларнинг сувдаги эритмасидан фойдаланиш маъқул кўрилади. Ўзбекистондаги иссиқхоналар учун сувда эрийдиган мураккаб ва оддий ўғитларнинг кенг ассортиментини чет эл фирмалари етказиб беради. Иссиқхона учун ўғитни танлашда, ўғитнинг фойдаланиладиган маркаларининг барча турларини, улардаги тўйинтирувчи элементларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли нисбатларда аралаштириш ва битта идишда эритиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Манба:
Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press.