Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Эчки нимаси учун боқилади?

22/Noyabr/2024 18:40
  1749

Маълумки, эчкичилик соҳаси дунё мамлакатлари ва юртимизда қадимдан ривожланиб келган бўлиб, бунда асосан эчкидан олинадиган маҳсулотлар муҳим рол ўйнайди. Булар сут, гўшт, мўйна, жун, тери, тивит ва шох ҳисобланади. Статистик маълумотларга асосан бугунги кунда эчкиларнинг 361 та зоти аниқланган ва улар дунёнинг 169 та давлатида тарқалган. Шунингдек, дунё бўйича жами эчкилар сони 750,0 млн. бошдан ортиқ. Бунинг мамлакатимизда 3,3 млн. бошга яқин эчкилар мавжуд.

Эчки турлари

Олинадиган маҳсулот турига қараб эчкилар бир неча зотларга ажратилган, жумладан:

Дағал жунли эчкилар. Оқ, қора, малла, кулранг, қора-ола, малла-ола ва бошқа тусда бўлади. Такаларининг тирик вазни 40-50 кг, айримлари 70 кг, она эчкилар 35-40 кг, баъзилари  50 кг, улоқларнинг онасидан ажратилган пайтдаги тирик вазни 15-25 кгни ташкил этади.

Она эчкилардан 5-6 ой давомида 200-205 литр сут соғиб олиш мумкин. Эчкилардан сут соғиш анъанага айланмаган, бироқ боласидан ажралган она эчкилар вақтинча соғилади.

Сержун эчкилар. Асосан Наманган вилоятининг Поп, Чуст ва Косонсой туманларида учрайди. Туси кўпинча оқ, кулранг ва қора бўлади. Тирик вазни ва сут маҳсулдорлиги дағал жунли эчкилардан бироз зиёдроқ.

Узун тивитли эчки. Хўжалик учун фойдали белгилари билан ажралиб туради.

Ангор эчки. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўтган асрнинг 50-йилларидан буён илмий асосда урчитиб келинади. Маҳаллий жайдари эчкилар ангор зотли такалар билан чатиштирилмоқда. Асосан тивит олишга мўлжалланган эчки зоти ҳисобланади. Ўртача 150 г тивитдан бир дона рўмол тайёрланади. Маҳсулоти табиий, экологик тоза.

Сутдор эчкилар. Улар асосан хонадонларда урчитилади, халқ селекцияси усулида кўпайтирилади. Ҳар бир она эчкидан лактация (сут келиши) даврида 280-350 литр дан сут соғиб олинади. Бугунги кунда сутдор эчкиларни боқиш билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги фермер хўжаликлари шуғулланади.

Эчкиларни кўпайтириш асосан табиий ҳамда сунъий уруғлантириш усулда амалга оширилади.

Эчкилар асосан баҳор, ёз ва куз мавсумида асосан яйловларда ўтлатиш усулида ва қиш мавсумида ёпиқ фермаларда боқилади.

Манба: “Менинг мулким”


Улашиш: