Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хонадонда буқа парваришлашга оид тавсиялар

22/Noyabr/2024 01:54
  1659

Юртимизда чорва, асосан, аҳолининг шахсий хўжалигида ва фермер хўжаликларида боқилади. Маълумотларга қараганда, ҳозир юртимизда қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликлари сони тўрт юздан ошган, уларда салкам 100 минг бош юқори наслдор қорамоллар парваришланмоқда.

Хўш, уй шароитида буқа семиртиришда нималарга эътибор қаратиш керак?

— Дастлаб гўшт учун боқиладиган буқа зоти танланади, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Аъзамжон НУРМАТОВ. — Бўрдоқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан ёш, зотдор буқачаларни сотиб олса ҳам бўлади. Уларни қисқа муддатда семиртириб, сифатли ва кўп миқдорда гўшт олиш мумкин.

— Буқанинг парвариши қандай бўлади?

— Агар кўнгилдагидек боқилса, 15-18 ой ичида 6-8 ойлик буқачаларнинг тирик вазни 400-480 килограммга етиши мумкин. Бунинг учун уларни кўк ўт, силос, сенаж, пичан, илдизмевалилар, терт, дон, пахта шулхаси, кунжара, шрот ва беда билан озиқлантириш талаб этилади. Уларнинг кўпи томорқанинг ўзидан чиқади.

Кўк ўт мол организми учун энг афзал ва қимматли озуқа ҳисобланади: енгил ҳазм бўлади ва яхши ўзлаштирилади. Вояга етган қорамолга бир кунда 70 килограммгача кўк ўт бериш мумкин. Буқа учун қишда силос энг арзон ва тўйимли озуқа ҳисобланади. У эса маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимликлар поялари, илдизмеваларни майдалаб, бир-бири билан аралаштирилиб тай­ёрланади. Вояга етган буқага кунига 40 килограммгача силос берилади. Пичан томорқада ўстирилган беда ва қир-адир, далалардан ўрилган ўтлардан тайёрланади. Беда гуллай бошланганда ўриб олинса, тўйимлилиги юқори бўлади. Молларга бир кунда 10-12 килограмм пичан берилади. Сенаж ҳам қорамол учун қимматли озуқадир. У томорқадан чиқадиган беда ва дуккакли экин пояларидан тайёрланади. Илдизмевалилар — қанд ва хашаки лавлаги, сабзи молга куз ва қишда 15-30 килограммгача майдалаб берилади. Терт ем (кепак, шрот, кунжара, дон майдалари) ва дағал озуқа (сомон, хашак)нинг аралашмаси. Сомон ва хашак сувда 2-3 марта ювилиб, 25 фоизгача ем ва чорва бошига 30 грамм ош тузи қўшилгач, яхшилаб аралаштирилади. Кейин илиқ сувда 10-12 соат ивитиб қўйилади. Битта молга 5-6 килограмм берилганда жуда иштаҳа билан ейди ва тез ҳазм қилади. Кунжара, шротни молга кунига 2-3 килограммдан бериш мумкин.

Буқа яхши ва тўғри боқилса, тирик вазнига кунига 800-1200 грамм оғирлик қўшилиб боради.

Манба: “Оила даврасида” газетаси


Улашиш: