Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қандай қилиб томорқадан йилига 3 марта ҳосил олиш мумкин? (1-мақола)

22/Noyabr/2024 02:12
  1517

1-вариант

Биринчи ҳосил. Асосий майдонга экин экиш учун экин ер майдонни кузда 27-30 см чуқурликда шудгорлаб эгат олиб қўйилади. Сўнг февраль ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб (об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда) картошка экини плёнка остига экилади.

Картошка уруғи 1 сотихга 30 кг экилади. Экилган картошка униб чиққандан кейин 20 кун ўтказиб ҳар сотих майдонга 32 кг.дан суперфосфат, 5 кг калий ва 48 кг.дан сульфат аммоний – жами 85 кг минерал ўғит ўсимликлар ёнига солиниб, чопилиб, енгил суғорилади. Суғорилгандан сўнг 15 кун ўтказиб чопиқ ўтказилади. 100 кг маҳаллий ўғит билан суғорилади.

Картошка ўсимликларини зараркунанда ва касалликлардан кимёвий ва биологик усулларда ҳимоя қилиш 3 марта қўлланилади. Суғорилган ер етилгач, 48 кг сульфат аммонийни қатор ораларига солинади.

Ўсимлик яна суғорилади ва нами кетгач, яна бир суғорилади, жами 4 маротаба суғорилади. Картошка июнь ойида йиғиштириб олинади. Ҳосил 220-250 ц/га олинганда сотихидан 220-250 кг.гача картошка ҳосили олинади.

Иккинчи ҳосил. Оралиқ экин экиш учун ер майдони шудгорланиб эгат олинади. Кўчатидан экиладиган помидор, ширин қалампир ёки бақлажон экилади. Помидор, бақлажон ва ширин қалампирларни етиштиришда экиш учун тайёрланган эртапишар навлар кўчатларнинг бўйи 16-20 см.гача, 6-8 дона барги бўлган кўчатлар экилади.

Экиш тугалланиб кўчатлар тўлиқ тутиб олгач, 10-12 кун ўтгандан кейин уларга биринчи ишлов берилиши лозим. Чопиқни 75 кг суперфосфат ва 15 кг калий – жами 90 кг минерал ўғит солиниб 12-14 см чуқурликда, кўчатлар атрофлари билан енгил юмшатилади. Биринчи ишловдан 13-15 кун ўтгандан кейин ўсимлик суғорилади. Иккинчи ишлов бериш тадбири ер етилиши билан 15-16 см чуқурликда ўсимлик атрофидаги бегона ўтлардан йўқотиш учун яхшилаб чопиб чиқилади. Тупроқ таркиби, ер ости суви чуқурлигига кўра ўсимликлар ёппасига гуллаш даврида 9-10 кун оралатиб, кейинчалик ҳосил тугиш даврида 6-7 кун оралатиб суғорилади. Пишиш даври 90-110 кунни ташкил этилади. Бунда август ойининг учинчи ўн кунлигигача териб олинади. Ҳосилдорлик 200-220 ц/га олинганда сотихидан 200-220 кг.гача картошка ҳосили олинади.

Учинчи ҳосил. Шолғом-турп, редиска, кўкатлар такрорий муддатда экилади. Ҳосил 45-50 кунда пишиб етилади.

Шолғом ва турп уруғи ёзда 15-25 августда сепилади. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см қилинади. Бир  сотихга турп уруғи 0,04-0,05 кг, шолғом уруғи 0,02-0,03 кг сарф бўлади. Турп уруғ 2 см, шолғом уруғи 1,5 см чуқурликда экилади.

Уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Чунки ягана ўз вақтида қилинса ўсимликлар бир пайтда пишиб етилади ҳамда товарбоп ҳосилдорлик юқори бўлади. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади.

Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат. Буз тупроқ ерларда 1 сотих ерга соф холда 1,25 кг азот, 0,93 кг фосфор, 0,62 кг калий солиш керак.

Манба: mehnat.uz


Улашиш: