Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тадбиркорларни қийнаётган биргина масала...

23/Noyabr/2024 07:51
  1159

“Agro kompleks Karakalpakstan” мажмуаси — Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг йирик лойиҳаларидан бири, деб ёзади “Халқ сўзи online”.

Унинг умумий қиймати 32 миллиард сўмга тенг. Маҳаллий тадбиркор ва АҚШлик инвестор ҳамкорлигида фаолияти йўлга қўйилаётган мазкур мажмуа ўз ичига 5 та объектни жам қилган. Кўзланган режага кўра, бу ерда озуқа-ем тайёрлашдан тортиб, гўшт маҳсулотларини етказиб беришгача бўлган жараён ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда чорвачилик хўжалигини ташкил этиш ишлари якунига етказилаётир.

Лойиҳа ишлари қисқа фурсатларда, ортиқча муаммо ҳамда тўсиқларсиз амалга ошириляпти. Тадбиркорларни қийнаётган биргина масала, бу — хориждан олиб келинаётган қурилиш конструкцияси деталлари учун бож тўловларининг бир оз қимматлигидадир.

Эътибор беринг, мазкур хўжаликни барпо этиш учун Россия Федерациясидан олиб келинаётган жиҳоз ва ускуналарнинг айримлари ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилади. Маълумки, белгиланган тартиб-қоидаларга кўра, четдан кириб келаётган товар ва ускуналарнинг аналоглари юртимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган бўлса, унда барча божхона тўловларини тўлиқлигича амалга ошириш зарурлиги белгилаб қўйилган.

Лекин, ушбу корхона учун зарур бўлган анжомларни бир қисмини Ўзбекистондан, қолганини Россиядан олиб келишнинг ҳам сира иложи йўқ. Сабаби, келтирилаётган конструкция яхлит ҳолда сотилади. Шу боис, мазкур ноқулай вазиятдан чиқиш ва корхонани тезроқ ишга тушириш мақсадида агрофирма раҳбарлари Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича республика комиссиясига ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва истиқболли лойиҳани тезлаштириш мақсадида хориждан келтирилаётган хом ашё ва ускуналар учун белгиланган тартибда божхона имтиёзларини тақдим этиш чораларни кўришмоқда.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: