Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Эртаги кунгабоқар парвариши

22/Noyabr/2024 02:22
  1704

Дунё деҳқончилигида мойли экинлар ичида кунгабоқар асосий экин турларидан бири ҳисобланиб унинг ҳосидорлиги гектарига ўртача 13-14 центнерни ташкил этади.

Уруғида 55 фоизгача сақланадиган мой аъло сифатга эга бўлиб, у асосан инсон истеъмоли учун ишлатилади. 

Республикамизда мой ишлаб чиқариш учун кунгабоқар (асосий экин сифатида) эртаги муддатда ва кечки муддатда такрорий экин сифатида экилади. Кунгабоқарни эртаги ва кечки муддатларда экиш учун энг аввало вилоят туманларининг иқлим шароитлари, навларнинг ўсиш даври ва ҳосилорлигини ҳисобга олиш зарур. Ҳозирги пайтда кунгабоқарнинг 20 турдан ортиқ навлари ва дурагайлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва қишлоқ хўжалик экинлари реестрига киритилган. Бу экишга тавсия этилган навларнинг ўсиш даври 80-130 кунни ташкил этади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ўсиш даври 100 кундан кўп ва юқори ҳосилли ўртапишар навларни асосий экин сифатида эртаги муддатларда экиш мақсадга мувофиқдир. Биз ўрганган кўп йиллик маълумотларнинг кўрсатишича, вилоятнинг фермер хўжаликларида 5 апрелдан кечикмасдан уруғларни экиш лозим бўлади. Кунгабоқарни экиш олдидан ерни 28-33 см. чуқурликда ҳайдаш билан бир вактда гектарига 10-15 тонна гўнг солиш зарур. Минерал ўғитларнинг йиллик меъёри, соф ҳолда фосфорли ўғит гектарига 145 килограммдан ва калийли ўғит 200 килограммдан берилади. Азотли ўғитларнинг йиллик (гектарига 200кг.га) меъёрининг 30 фоизини уруғни экиш билан бир вақтда бериш мақсадга мувофиқ. Уруғлар қатор ораси 70 см. ва 5-7 см. чуқурликда, ҳар бир уя ораси 25 см. ҳолатда экилиши ёки бир гектарда 55-60 минг туп ўсимлик ўстиришни режалаштириш керак. Бундай қалинликда ўстириш учун майсалаш давридан кейин ниҳолларда икки жуфт барг пайдо бўлиши кузатилади. Бу даврда ўсимликлар ораси 25 см. оралиқда, битта ўсимлик қолдирилиб ягоналаш ўтказилади. Шундан кейин эгатлар ораси культиватор ёрдамида 8-10 см. чуқурликда юмшатилади ва бир вақтда азотли ўғит йиллик меъёрининг 30 фоиз қисми берилади. Об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда жўякларга сув таралади. Майсалаш даврида 26-28 кундан кейин ўсимликнинг ўсиш нуқтасида юлдузча шакл пайдо бўлади. Ёсиш нуқтасида юлдузча шаклнинг пайдо бўлиши, гул тўплам яъни саватча пайдо бўлиши билан изоҳланади. Шу даврда 10-12 см. чуқурликда иккинчи культивация ўтказилади ва бир вақтда азотли ўғит меъёрининг қолган 40 фоиз қисми берилади. Иккинчи озиқлантириш даврида бир гектар ерга 650-700 метр/куб ҳисобида суғорган маъқул.

Кунгабоқар ўртапишар навларида майсалашидан 30-40 кундан кейин саватча пайдо бўлиш даври ва 55-60 кундан кейин гуллаш жараёни содир бўлади. Бу ўсимликнинг нозик даврлари ҳисобланиб, бу даврда озиқ моддаларга ва намликка таъсирчанлиги юқори бўлади. Яъни ўсиш даврида ўзлаштириладиган умумий намлик миқдорининг 45 фоизи талаб қилинади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда гуллаш даврида бир марта, гуллашдан кейин пишишгача бир марта гектарига 750-800 метр/куб меъёрда суғориш талаб этилади. Бундан ташқари кунгабоқар писталарининг мағзи тўқ бўлиши ва уруғдаги мой миқдорининг юқори бўлишига, гуллаш даврида чангланиш ва уруғланиш жараёнларининг нормал ўтиши катта аҳамиятга эга. Ўтказилган тажрибаларнинг кўрсатишича юқорида айтилганидек, уруғлик белгиланган муддатлардан эрта экилса, майсаларнинг бир вақтда униб чиқмаслиги туфайли ўсимликларнииг бўйи ҳар хил бўлиш ҳолатлари кузатилади. Шу билан бирга намлик кўп, ҳароратнинг паст бўлиши таъсирида замбуруғли касалликлар намоён бўлади. Агар белгиланган муддатдан кечикиб экилса, ўсимликнинг гуллаш даври саратон ойининг жуда иссиқ кунларига тўғри келиб қолади. Кунгабоқар экинида фотосинтетик жараёнининг нормал ўтиши учун 25-26 даража иссиқлик энг қулай ҳарорат ҳисобланади. Кунлик ҳароратнинг 30 даражадан юқори бўлиши чангчининг ҳаётчанлигига салбий таъсир қилади. Бундан ташқари кунгабоқар асосан 95 фоиз асаларилар ёрдами билан чангланиб уруғланади, 5 фоиз қисми эса зарарли ҳашоратлар ва капалаклар орқали чангланади. Кунгабоқар ўртапишар навларининг гуллаш жараёни (чангланиш ва уруғланиши) 11-12 кунда бўлиб ўтади. Эртаги кунгабоқарнинг гуллаш даври бошланиши билан бир гектарга битта асалари уясини жойлаштириш ҳосилдорликни 12-14 фоиз ошишини таъминлайди. Агар кунгабоқар ўстирилган майдон жуда катта бўлса, мавжуд арилар уларни чанглатиб улгурмаслиги мумкин. Экин майдонида жойлаштириладиган ари уялари бир-биридан 150 метр масофадан узоқ бўлмаслиги керак. Арилар уяларини эгатларнинг бошидан ва охиридан бир-бирига рўпара қилиб жойлаштириш яхши самара беради. Гуллаш давридан 30-35 кун ўтгандан кейин уруғларнинг физиологик пишиши ва 35-40 кундан кейин саватчанинг орқа томони сариқ тусга кириши билан 8-10 кундан кейин кунгабоқарнинг тўлиқ пишиши кузатилади. Уруғдаги намлик 10-12 фоиз бўлганда ҳосилни йиғиштиришга рухсат берилади.

Агар кунгабоқарнинг “Слава” ва “Дилбар” навлари экилиб, вегетация даврида юқорида кўрсатилганидек агротехнологик қоидаларга амал қилинса, гектаридан 26-28 центнердан ҳамда “Душко”, “Дукот”, “Владимир” ва “ЛГ-56-35” дурагай навларидан 30 центнердан зиёд ҳосил олишга эришилади.

М. ЛУКОВ, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти доценти

М. АБДУРАШИДОВА, агрономия факультетининг 2-курс талабаси


Улашиш: