Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қутуриш ўта хавфли, аммо олдини олса бўлади

21/Noyabr/2024 22:41
  1608

Қутуриш ўта хавфли ўткир ўтувчи вирусли касаллик бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади ва оқибати албатта ўлим билан якунланади. Одам, ҳамма турдаги сут эмизувчи иссиқ қонли ҳайвонлар бу касаллик билан касалланади.

Касалликни нейротроп вирус келтириб чиқаради. Вирус касал ҳайвоннинг бош миясида кўпаяди ва сўлаги орқали ташқи муҳитга чиқади.

Қутуриш касаллигидан оғирроқ дард бўлмаса керак. Неча минг йиллардан бери бу касаллик давосиздир. Рус ёзувчиси А.П.Чехов бу касалликни шундай таьрифлайди:

«Қутуришдан оғир ва мудҳиш касаллик йўқ. Биринчи марта қутурган одамни кўрганимдан кейин беш кунгача телба киши сингари юрдим ва ўша кезда дунёдаги барча кучукбозлардан ва кучуклардан нафратландим».

Касаллик вируси ташқи муҳит шароитларига нисбатан чидамли. Иссиқ ҳарорат (70°С дан юқори) вирусни дарҳол фаолсизлантиради. Совуқда (0°С дан паст) вирус ўз фаоллигини узоқ сақлайди, 1-5 % ли формалин, 3-5% ли фенол, 10 % ли йод ва 1 % ли калий перманганати 10-20 дақиқада вирусни фаолсизлантиради. Шунинг учун қутурган ҳайвон тишлаган ярани кучли совун эритмаси билан яхшилаб ювиш ва кейин бирорта дезинфектор билан ишлов бериш тавсия этилади.

Касаллик вирусига ҳар турли ҳайвон турлича сезгирликка эга. Вирусга ўта сезгир бўлиб тулки, каламуш, сичқон, бўрилар ҳисобланади. Мушук, кўршапалак, сассиқ кузан, оғмахон, қуён, денгиз чўчқалари эса юқори даражада сезгирликка эга. Ит, от, қўй, эчки, маймун ва одамлар вирусга ўртача даражада сезгир ҳисобланади. Ёш ҳайвонлар, ёши каттароқ ҳайвонларга нисбатан касалликка мойилроқ. Вирус қонда, сийдик ва сутда бўлмайди, асосан бош ва орқа мия хужайраларида ҳамда сўлакда бўлади. Касаллик асосан касал ҳайвон тишлаганда сўлаги орқали юқади.

Бу ерда шуни таъкидлаш жоизки, вирус касалликнинг яширин даврида, яъни унга хос клиник белгилар намоён бўлмасдан 10 кун олдин қутурадиган ҳайвоннинг сўлагида бўлади.

Шунинг учун кишиларни ёки соғлом ҳайвонларни ит, мушук, тулки, бўри каби ҳайвонлар, каламуш, сичқон каби кемирувчилар тишласа, уларда қутуриш аломатлари кўринишидан қатъий назар? тишланганлар албатта қутуришга қарши вакцина билан эмланиши шарт.

Табиатда қутуриш вирусини барқарорлигини тулки, бўри, чиябўри сингари ёввойиҳайвонлар таъминлайди. Ит ва мушуклар эса кўпинча касалликни тарқатувчи манбалар ҳисобланади. Агар 10 км2 майдонда ёввойи ҳайвонлар сони 2 бошдан ошмаса, қутуриш жуда кам кузатилади. Касалликнинг қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонлари орасида тарқалмаслиги учун доимо унга қарши кураш тадбирларини ўтказишни талаб этади. Касаллик куз, қиш ва баҳор фаслларида кенг тарқалади, Чунки бу давр ёввойи ҳайвонларнинг куйга келиш ва туғиш ҳамда болаларини ажратиб мустақил ҳаёт кечиришга юбориш вақтларига тўғри келади. Шунинг учун ҳайвонларни куз фасли бошларида эмлаш талаб этилади.

Қутуриш касаллиги 3 хил: шиддатли, фалажли ва тинч шаклларда кечиши мумкин.

Итларда касаллик кўпроқ шиддатли шаклда кечади. Унда 3 та босқич кузатилади. Бошланғич босқичи 12 соатдан 3 кунгача давом этади. Бу пайтда итнинг хулқи ўзгаради, қоронғу бино бурчакларини танлайди, кўп яланади, овоздан, сувдан қўрқади, қаттиқ ҳуради, йўқ пашшани ушламоқчи бўлади, иштаҳаси бузилади, латта, хас, ёғоч каби кераксиз нарсаларни емоқчи бўлиб, уларни ютишга ҳаракат қилади. Тишланган (вирус кирган) жой қичийди. Сўлаги кўпаяди, ютиниш қийинлашади, хириллаб ҳура бошлайди ва аста-секин асабийлашиш босқичига ўтади. Бу босқич 3-4 кунгача давом этади. Ит асабийлашиш даврида ҳайвонларга, одамларга, ҳаттоки эгасига ҳам ҳужум қилади. Уларда қўрқув йўқолади, ҳамма нарсани тишлайверади, овози хириллайди, узоқларга қочишга ҳаракат қилади, чарчаб ётади, сабабсиз қаттиқ ҳуриб ҳаяжонланади, айрим пайтларда фалаж оқибатида улар оғзини ёпа олмайди, пастки жағи осилади, сўлаги ерга оқади. Бу белгилар фалаж бошланишидан далолат беради.

Фалажлик аввало томоқ гўштларида, пастки жағда, кейинги оёқларда, танада ва сўнгра олдинги оёқларда кузатилади. Одатда фалажлик босқичида ҳайвон нобуд бўлади.

Бу ерда шуни таъкидлаш жоизки, кўпинча ит қутуриб, ёғоч, суяк каби нарсаларни ютмоқчи бўлиб ютинади, аммо ютиш мускулларида фалажлик бошлангани туфайли у нарсалар томоғига тиқилиб қолади. Эгаси буни билмасдан томоғида бирор нарса қолган деб уни олмоқчи бўлади. Бундай ҳолатда албатта итни ветеринария мутахассисига кўрсатиш зарур.

Қутуриш касаллигига қарши кураш тадбирлари икки қисмдан: ташкилий хўжалик ва махсус тадбирларидан иборат.

Ташкилий хўжалик тадбирлари қуйидагилардан ташкил топади:

- ёввойи йиртқич ҳайвонларни сонини тартибга солиш ҳамда қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонларини уларнинг ҳужумидан қўриқлаш. Бунинг учун овчилар жамияти ва ўрмон хўжалиги ходимлари билан ҳамкорликда тулки, бўри, чиябўри ва бошқа ёввойи ҳайвонлар сонини 10 км2 майдонда 1-2 бошдан ошмаслигига эришиш, уларнинг феълини ўзгариши ёки касалланишига гумон қилинганда ёки ўлган гавдаси кўзга ташланса, дарҳол ветеринария мутахассисига хабар бериш зарур;

- ветеринария мутахассиси, ободончилик бошқармаси ҳузурида ташкил этилган махсус ит ушлаш бригадаси, туман ички ишлар ходимлари ва овчилар билан биргаликда қутуриш манбаи ҳисобланган дайди ит, мушук, тулки, бўри, шахол ва бошқа ёввойи ҳайвонларни йўқотиши лозим. Эгалик итларни ва мушукларни ободонлаштириш бошқармаси ходими, фуқаролар йиғини, маҳалла қўмитаси ва ветеринария мутахассиси билан ҳамкорликда албатта рўйхатдан ўтказиш талаб этилади;

- аҳоли яшаш жойларида ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни сақлаш қоидаларига қаттиқ риоя қилиш керак. Хўжалик ва корхоналардаги фойдали ҳамда эгали итлар, шунингдек боғланмаган ҳолда ов итлари ҳам кўчада, истироҳат боғларида, бозор ва оромгоҳларда юрса, дайди ҳисобланиб ушланиши ва ветеринария мутахассиси унга муносабат билдириши зарур;

- бошқа вилоят ва туманларга ит сотиш ва олишда, уларни ташишда албатта унинг соғлиги ва қутуришга қарши эмланганлиги тўғрисида маълумот ветеринария гувоҳномада қайд этилган бўлиши керак;

- хўжалик, корхона раҳбарлари ва фуқаролар ўз вақтида ит, мушук-ларни маҳаллий ветеринария мутахассиси кўригидан ўтказиши, қутуришга қарши вакцина билан эмланмаган итларни умуман ҳовлидан ташқарига подага, сурувга чиқармаслик чораларини кўриши шарт;

- қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонларини касалликка гумон қилинган ит, мушук ёки ёввойи ҳайвонлар тишлаган ҳолда ҳайвонларнинг эгаси дарҳол шу худудда хизмат қилаётган ветеринария мутахассисига хабар бериши ҳамда тишланган ва тишлаган ҳайвонларни алоҳида сақлаш тадбирларини бажариши зарур;

- ҳайвонлар ўртасида қутуриш касаллиги аниқланганда ва улар бирор ҳайвон ёки одамни тишлаган бўлса туман ветеринария бош нозири дарҳол у ҳақда юқори ветеринария ташкилотига, туман санитария-эпидемиология станцияси ходимларига хабар бериши шарт.

Махсус ветеринария тадбирлари касалликка ўз вақтида диагноз қўйишдан бошланади. Бунинг учун ветеринария лабораториясига ўлган, қутуриш касаллигига гумон қилинган ит, мушук, тулки, қўй ва бошқа ҳайвонларнинг боши юборилади.

Қутуриш касаллиги аниқланган вақтда у худуддаги барча турдаги қутурган, касалликка гумон қилинган ҳайвонлар ҳамда эмланмаган дайди итлар, мушуклар йўқотилади. Бундан фақат ҳайвонларни ёки одамни тишлаган ҳайвонлар мустасно. Одам ва ҳайвонларни тишлаган ит, мушук ёки бошқа ҳайвонлар махсус ит ушлаш бригада ходимлари томонидан ушланиб ветеринария муассасасига касаллик белгиларини кузатиш учун келтирилади. У ерда 10 кун давомида кузатиш олиб борилади. Агар шу даврда итда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаса, у эмланиб эгасига қайтарилади. Шу кузатилаётган даврда ҳайвон қутуриб ўлса, у дарҳол териси билан куйдирилади.

Касаллик чиққан ферма, пода ёки худуддаги барча турдаги соғлом ҳайвонлар қутуриш касаллигига қарши рўйхат асосида антирабик вакцина билан эмланади. Тишланган ҳайвон 3 кун орасида вакцина билан эмланиши шарт. Қутуришни ёнғин билан таққосласак, эмлаш бу ёнаётган уйдаги одамни қутқаришга ўхшайди. Шунинг учун ўтни ўчиришга қараганда ўт тушишининг олдини олиш, яъни ҳайвонлар ўртасида қутуриш касаллигини олдини олиш – вакцина билан эмлаш афзалдир.

Ит ва мушукларни тартибли сақлаш, дайдиларини эса йўқотиш йўли билан бу оғир ва мураккаб муаммони Норвегия, Швеция, Голландия, бирмунча кейинроқ Англия, Венгрия, Болгария ва Польша каби мамлакатларда муваффақиятли ҳал этишга эришилган. Бу мамлакатларда итлар ўртасида қутуришга қарши аҳолининг оммавий кураши яхши ташкил этилган ҳамда бунда барча аҳолининг қатнашиш зарурлиги давлат томонидан чиқариладиган қарорларда қайд қилинган.

Маълумки, табиатда қутуриш вирусининг барқарорлигини сақловчи ёввойи ҳайвонлар биринчи навбатда дайди итлар, чўпон итлари билан тўқнаш келади. Шунинг учун барча эгали ва дайди итлар қутуришга қарши вакцина билан эмланса, қутурган ёввойи ҳайвон тишлаган ит қутурмайди, чунки унда қутуришга қарши эмлангани учун иммунитет бўлади. Бу эса, қутуриш касаллигини ҳайвонлар ва инсонлар орасида батамом тугатишга олиб келади.

Шундай қилиб, қутуришга қарши кураш ва унинг олдини олишда ветеринария, тиббиёт, ички ишлар, ит ушлаш бригада ходимлари, маҳалла қўмитаси, фуқаролар йиғини ва бутун жамоатчилик фаол хизмат кўрсатсагина, ўтказилган тадбирлар яхши самара беради.

Ф.С.Аламова,

Х.С.Салимов


Улашиш: