Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кунжут етиштириш афзалликлари

22/Noyabr/2024 02:00
  1660

Оқ донли кунжут уруғларидан юқори сифатли ҳолва, туш-бўёқлари, турли ширинликлар тайёрланиши сир эмас. Кунжут аслида иссиқсевар дала экини. Туманимиз иқлим шароитида унинг "Тошкент-122" ва "Қора Шаҳзода" навларини етиштириш яхши самара беради.

Шу вақтга қадар кунжут бизда озиқ-овқат мойи олиш учунгина экиб келинаётганди. Ҳолбуки, дунё саноатида ўсимликдан консерва, кондитер, нон ва нон маҳсулотлари учун, тиббиётда эса дори-дармон тайёрлашда кенг ишлатилади. Осиё ва Африка давлатларининг қадимий экини ҳисобланган ўсимлик бугун Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Туркманистон, Тожикистон сингари қатор МДҲ мамлакатларида етиштириладиган асосий қишлоқ хўжалик экинига айланди.

Кунжутнинг шифобахш хусусиятлари талайгина. Абу Али ибн Сино кунжут уруғи ва мойи ёрдамида қон қуйилган аъзолар, шишлар ва астма хасталикларини даволаган. Шунингдек,  нафас йўллари билан оғриган беморларга истеъмол қилиш ҳам тавсия этилади. Ёғининг қон таркибидаги тромбоцитлар миқдорини кўпайтириш ва қон ивишини тезлатиш хусусиятига эга эканлиги қон касалликларини даволашда энг самарли усулдир.

Шартли суғориладиган ерларга экиладиган бўлса, яхши ва сифатли ишлов бериш талаб этилади. Бир гектар майдон учун 6-8 килограмм уруғ сочишнинг ўзи кифоя. Сувли ерга экилган экин пишиб етилгунга қадар кўпи билан икки марта суғорилади. Шу боис экинни лалми ерларда етиштириш орқали ҳам ундан юқори ҳосил олиш мумкин.

Кунжут бир йиллик ўсимлик бўлиб уруғи 15-16 даража ҳароратда униб чиқади. Такрорий экин сифатида экиб ҳам яхши ҳосил олиш мумкин. Энг муҳими, озиқ моддаларга унчалик талабчан эмас. Экин экилган майдоннинг ҳар гектарига ўртача 90-100 килограмм азот, фосфор, калий ҳамда 8-10 тонна маҳаллий ўғит бериш тавсия этилади. Унинг ўртача ҳосилдорлиги 10-12 центнергача, суғориладиган ерларда бу кўрсаткич 17-19 центнердан ҳам ошиши мумкин.

Кунжут ўсимлиги ўзидан чангланади. Бироқ асаларилар қўйилган майдонда ҳосилдорлик янада юқори бўлиши табиий. Меваси кўсакча дейилади. Унда уруғлар сони 70-80 донагача жойлашган бўлиб, минг донасининг вазни 3-5 грамм атрофида бўлади.  Айни вақтда ерга қадалган ўсимлик август-сентябрь ойларида пишиб етилади.

Хидирали Ботиров,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори


Улашиш: