Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирларда кетоз касаллиги шакллари ва уни даволаш

27/Noyabr/2024 03:26
  1396

Сигир кавш қайтарувчи ҳайвондир, унинг кетозга чалиниши ҳам шу хусусияти билан боғлиқ. Овқат ҳазм бўлиш жараёнида қориндаги углеводлар қонга глюкоза кўринишида эмас, учувчан ёғ кислоталари кўринишида сингади, ундан фақат пропион кислота глюкоген хусусиятга эга. Сирка кислотаси глюкоза манбаи эмас. Кетон таначалари яралишидан аввал эса сигир ошқозонига сифатсиз озуқа билан бирга ёғ кислоталари кириб боради. Сигир меъёрида озиқлантирилганда унинг қорнида учувчан ёғ кислоталари нисбати қуйидагича бўлиши керак: 65 фоиз сирка кислотаси, 20 фоиз пропион кислотаси ва 15 фоиз ёғ кислотаси.

Сигирларда кетоз келиб чиқишининг асосий сабаблари:

·        рационида илдизмева ва пичан етишмаслиги, бунинг устига тўйинтирилган (омухта ем) озуқаларни кўп бериш;

·        сигир сути (соғини) кўпайтирилганида оқсилли озуқани кўплиги билан бирга энергетик танқислик;

·        сигир сутдан қолган пайтда энергетик ва оқсилли озуқани кўп бериш;

·        таркибида ёғ кислотаси бор сифатсиз озуқа (ачиган силос) бериш.

Касалликка сабаб бўлувчи омиллар қаторида семизлик, гиподинамия, қуёш нурларининг етишмаслиги, яшаш жойини шамоллатмаслик, рационда витамин ва микроэлементлар танқислигини санаш мумкин.

Моддалар алмашинувининг бузилиш даражаси, қондаги кетон таначалари йиғилиши ҳамда бошқа ички аъзоларнинг шикастланиши сабабли глюкоза ва ишқор захираси миқдорининг қон таркибида пасайишига қараб касаллик ўткир, ярим ўткир ва сурункали кўринишда ўтади.

Кетознинг ўткир шаклида сигир асабийлашади, тана мускуллари титрайди, тишларини ғижирлатади, сўлаги кўп оқади, олдинга интилади, умуртқа соҳасидаги териси таъсирчанлиги ошади. Сўнг ҳайвон кайфиятидаги безовталик тундликка алмашади, беҳушликкача етиб бориши мумкин, баъзида орқа оёқлари фалажланади. Касал сигир, кўпинча, мудраб ётади, тана ҳарорати паст бўлади.

Касалликнинг ўртача ўткир кўринишида сигирнинг овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади, иштаҳаси айнийди: сифатли пичан ва омухта ем ейиш ўрнига ёмон хашак ва остидаги гўнгга беланган тўшамани кавшай бошлайди. Нафас чиқарганида ацетон ҳиди сезилади, бу ҳид сути ва сийдигидан ҳам анқийди.

Касаллик натижасида сути камайиб кетади (50 фоиз ва ундан кўпроққа), оғир ҳолатларда эса айрим сигирлар бутунлай сут бермай қўяди, чунки сут безлари фаолияти тўхтайди.

Кетоз сурункали кечганида ўткир кўринишидаги аломатлар енгилроқ шаклда намоён бўлади.

Ветеринар врачи кетознинг ҳар қандай кўринишида кетон таначаларини лаборатория текшируви ёрдамида қондан, сутдан ва сийдикдан аниқлайди.

Кетоз, кўпинча, туғруқдан кейинги асоратлар билан пайдо бўлади: йўлдошнинг ушланиб қолиши, туққандан кейинги эндометрит, тухумдон касалликлари.

Клиник белгиларга асосланиб, қон, сут ва сийдикда кетон таначалари мавжудлигини лабораторияда текшириб (Росс, Розер, Лестраде пробаси), сигир озуқа рациони ва парваришини таҳлил қилиб кетоз касалига ташхис қўйилади.

Ферма шароитида, даставвал, сут сифати ўзгарганига эътибор қаратиш лозим: янги соғилган сут кўпикланмайди, юпқа қаймоқ қатлами юзага келади, сутда тахир таъм ва ацетон ҳиди бўлади.

Даволаш

·        Кетоз билан оғриган сигир профилактик озиқлантиришга ўтилади, яъни унинг рационида омухта ем миқдори камайтирилади, яхши сифатли пичан, сенаж ва илдизмевалар кўп-кўп берилади (8-10 кг гача);

·        рационга қиём (патока) қўшилади;

·        сифатсиз озуқалар, хусусан, ёғ кислотаси кўп бўлган силос бериш тўхтатилади.

Рационда қанд-протеин нисбати 1:1 ёки 1:1,5 гача етади.

Рационда витаминлар ва микроэлементлар етишмаса, мушакка 15-20 мл тривитамин ёки тетравит юборилади, шунингдек, микроэлементлар берилади.

Касаллик авжига чиққанда дарҳол венага 300-600 мл 20-40 фоизли глюкоза эритмаси кунда бир-икки марта (ҳолатига қараб) юборилади. Узоқ муддат глюкозани юқори дозада жўнатишга тўғри келса, бир вақтнинг ўзида мушакка 100-200 таъсир бирлигида (ЕД) инсулин юбориш мақсадга мувофиқ.

Қиём (суткасига 500дан 1000 граммгача) билан бирга юқори дозадаги глюкозани венага қуйиш соғайишига катта ёрдам беради (қондаги кетон таначалари миқдори 3-4 марта камаяди)

Юрак фаолиятини кучайтириш учун тери остига 20 мл 20 фоизли кофеин-бензоат натрий эритмаси юборилади. Ошқозонолди атониясига чалинган сигирларга руменатор воситалар берилади (1 л сувга 10-15 мл оқ маралқулоқ-чемерица дамламасидан солиб ичказилади). Безовталанганида тинчлантирувчи дорилар берилади.

Кетознинг енгилроқ шаклида сигирга 150-500 гр шакар сувда эритиб ичирилади, 1 соатдан сўнг мушак ичига 100 таъсир бирлигида инсулин юборилади.

Бундан ташқари, кетозни даволашда сигирга натрий пропионат (100-250 гр), натрий лактат (125-250 гр), аммоний лактат (100-120 гр), пропиленгликоль (125-500 гр) берса бўлади. Пропиленгликолнинг энергетик аҳамияти зўр, аммо нархи қиммат – 1 кг 14-17 минг сўм туради. Шунинг учун шакардан фойдаланган мақбул, чунки у арзон.

Кетозни тезроқ даф қилиш учун сигирга кунда 2 маротаба ректал ҳуқна қилиш мумкин. Клизмада натрий гидрокарбонатнинг (истеъмол содаси) 5 фоизли эритмасидан фойдаланилади ёки 80-150 гр истеъмол содаси сув билан ичкарига юборилади.

Кетоз профилактикаси учун озуқа рациони мувозанатланган бўлиши керак. Кундалик емиши таркибида сифатли пичан 8 кг дан кам бўлмаслиги; илдизмевалар (умумий рационнинг 8-18 фоизида), омухта ем (25-30 фоиз), фақат юқори сифатли силос ва сенаж берилиши керак.

·        Сигир рационидаги қанд-протеин нисбатини 0,8-1,5 даражада тутиб туриш керак (100 гр протеинга 80-150 гр қанд). Рационда шундай миқдорда углеводлар бўлса, қорин микрофлораси фаолияти, учувчан ёғли кислоталар синтези, В, С, К витаминлар ўз меъёрида бўлади.

·        Сигир сути кўпайган ва сутдан қолаётган даврда энергетик танқисликка йўл қўймаслик ва оқсилни ортиқча бермаслик керак.

·        Илдизмевалар бўлмаса, рационга озуқавий қиём ёки 150-250 гр шакар киритилади.

·        Витаминлар етишмаса, 10 кунда бир марта 10-20 мл тривит ёки тетравитни мушак орасига юбориб турилади.

·        Сутдан чиққан сигир семира бошласа, рацион 15-20 фоизга қисқартирилади.

·        Қишда молхонада боқилган маҳалда сигирларни ҳар куни ташқарида 2-3 км масофага айлантириб келиш зарур. Бунда ҳайвон қонидаги кетон таначалари мушаклар ҳаракати чоғида ютилади ва утилизацияга учрайди.

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: