Харид Қилиш Саватчаси

Жами

рН кўрсатгичи нимани билдиради?

23/Noyabr/2024 16:05
  1320

Тупроқнинг энг муҳим кўрсатгичларидан бири бу – рН дир. рН-бу водород кўрсатгичи бўлиб, сувдаги эркин водород ионлари концентрациясини билдиради.  Ушбу тушунчани соддалаштирадиган бўлсак, рн сувдаги Н+ ва ОН- миқдорий нисбатидан келиб чиқиб аниқланади.

Мисол учун: агар сувда Н+ ионлари кўп бўлса сув кислоталиги юқорироқ бўлади. ОН- ионлари кўп бўлса сув ишқорийлиги ортиб боради.

Эслатма: рН даражаси ўз-ўзидан ортиб бориш хусусиятига эга.  Дистилланган сувда ушбу ионлари бир-бирини мувозанатлаштириб туради. Бундай ҳолатларда сув рН=7, яъни нейтрал.

Эсда тутиш зарур!

Тупроқнинг кислоталиги ёки ишқорийлигига унинг агрохимик хусусиятлари ва ўсимлик ривожланиши бевосита боғлиқ.

Кислоталик ўсимликларни озуқа элементлари билан таъминланишида асосий ўринни эгаллайди. Кислоталиги ёки ишқорийлиги юқори бўлган тупроқларда сабзавот экинлари жуда қийин ривожланади. Бундан келиб чиқадики, бундай тупроқлардан юқори ҳосилдорлик кутиш ўринсиз. Тупроқнинг рН баланд (рН>9) ёки паст (pH<4) бўлиши ўсимлигингиз илдизлари учун зарарлидир. Ушбу ҳолатларда озуқа элементлари ўсимлик томонидан ёмон ўзлашади ёки ўзлаша олмайдиган шаклларга ўтиб қолади.

Кислоталиги оптимал бўлган тупроқларда ўсимликлар ундаги озуқа элементларини ёки солинган минерал ўғитларни бемалол ўзлаштира олади, тупроқнинг физик хусусиятлари яхшиланади.

Кислоталиги юқори рН = 4,0-5,5 тупроқларда қуйидаги ҳолатлар кузатилади:

• Темир, Марганец ўзлашиши осон бўлади, лекин концентрацияси токсик даражага етади.

• Фосфор, калий, олтингугурт, кальций, магний ва молибден ўзлашиши қийинлашади.

• Ўсимликлар касалликларга тез чалинади ва ҳашаротлар хужумига мойил бўлиб қолади.

• Микроорганизмлар фаоллиги тўхтайди.

Ишқорийлиги юқори рН>7,5  тупроқларда қуйидаги ҳолатлар кузатилади:

• Темир, маганец, фосфор, мис, цинк, бўр ва аксарият микроэлементлар ўзлашиши қийинлашади

• Тупроқнинг капилярлиги, сув ўтказувчанлиги ва фильтрлаш хусусиятлари тушиб кетади.

Тупроқлар қуйидагича бўлади:

• Ўта кислотали, pH<4,0

• Кучли кислотали, pH=4,1-4,5

• Кислотали, pH=4,6-5,0

• Нейтралга яқин, pH =5,6-6,0

• Нейтрал, pH= 6,1-7,0

• Ишқорий, pH=7,1-8,0

• Кучли ишқорий, pH>8,1

Сабзавотларни тупроқнинг химик ҳусусиятларига талаблари турлича. Аксарият сабзавотлар нейтрал ва нейтралга яқин рН=5.0-7.0 га эга тупроқларда яхши ўсади.

Тупроқнинг кислоталигини қуйидаги аниқлаш усуллари мавжуд:

• Атрофда ўсаётган бегона ўтларга қараб, сабаби улар тупроқнинг кислоталик даражасига таъсирчан ва ўзига хос “индикаторлар”ролини бажаради.

• Лакмус қоғози ёрдамида.

• Портатив рН-метр ёрдамида.

• Чуқур анализ ўтказиш мақсадида тупроқ намуналарини агрохимик лабораторияга топшириш орқали.

Қуйида сабзавотлар учун рН нинг оптимал даражалари жадвали келтирилган:

Сабзавот тури

Оптимал даража

Сабзавот тури

Оптимал даража

Ошқовоқ

6,0-6,8

Петрушка

5,0-7.0

Қовоқча

6,0-6,8

Картошка

4,5-6,5

Қовун

6,0-6,8

Ширин қалампир

5,5-6,0

Бодринг

6,0-6,8

Карам

6,0-6,8

Томат

6,0-6,5

Пиёз

5,5-6,5

Саримсоқпиёз

5,5-7,5

Редиска

6,0-6,8

Сабзавотларнинг кислоталик оптимал оралиғини аниқлаб олиб қаерда ва қандай экин экиш кераклигини билиш мумкин, агар тупроқнинг кислоталиги юқори бўлса оҳак солиш орқали тушириш мумкин ёки ишқорийлиги баланд бўлса таркибида гипс мавжуд бўлган материаллар солиш орқали пасайтириш мумкин бўлади.

pH ни бошқариш

рН ни тушириш учун фосфор кислотаси, кўтариш учун калий гидрооксиди ишлатилади. Ёки қуйидаги жадвалдан фойдаланишингиз мумкин:

рН ни туширади

рН ни кўтаради

Фосфор кислотаси

Калий гидрооксиди

Олтингугурт кислотаси

Калий карбонати

Азот кислотаси

Озиқ-овқат содаси

Лимон кислотаси

Умид Ахунов, Agrohouse

Улашиш: