Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Аҳоли томорқаларида турп етиштириш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 01:17
  1388

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Андижон-9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари.

Уруғ танлаш. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг (10 сотихга 2 т) чириган гўнг. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Турп асосан ёзда экилади. Турп уруғи марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август, жанубий минтақаларда 20 август-20 сентябрда сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 50-60 г турп уруғи сарф бўлади ва 1,5 см чуқурликда экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.

Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15-16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини юмшатилиб борилади.

Ўғитлаш. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга тук ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг/га меъёрда солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Турпга зараркунандалардан – узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан – ун-шудринг ва оқ чириш катта зарар етказади. Зараркунандаларига қарши 10 сотих экин майдонига Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади.

Касалликларга қарши – 72,2% с.э.к. Превикур 150 мл, Курзат Р н.кук. 200-250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60-70 л сувда тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Экин совуққа чидамли бўлса-да, илдизмеваси тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиниши керак. Ўртача 10-15 см катталикдаги турп мевасининг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 5-10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.

Р.Ҳакимов, Б.Азимов


Улашиш: