Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Топинамбур ўсимлиги ва уни етиштириш технологияси

23/Noyabr/2024 22:23
  1281

Ишлатилиши. Топинамбур ўсимлиги ошқозон ва ичак функцияларини фаоллаштиради, унда учрайдиган, касаллик қўзғатувчи бактерия, вирус ва зараркунандаларга нисбатан чидамлиликни оширади. Туберкулёз, остеохондроз, буйрак касалликлари, грипп, ангина, онкологик касалликларни олдини олишда ва даволашда энг самарали ўсимлик ҳисобланади.

Топинамбур (Helianthus tuberosus) асосан чорва учун озиқ ўсимлиги сифатида фойдаланилади. Тиббиётда унинг туганагидаги инулин моддаси ишлатилади. У совуққа чидамли, қисқа кун ўсимлик бўлгани учун шимолий вилоятларда ҳам етиштириш мумкин. Уни  ер устки қисми 6 градусли совуққа ҳам бардош бера олади. Туганаги музлагани билан эриб яна ўз ҳолига келиши мумкин. Топинамбур бошқа маданий ўсимликларга нисбатан Ўзбекистоннинг барча тупроқ иқлим шароитларида (шўрланган ерлардан ташқари) мосланувчандир.

Етиштириш технологияси. Топинамбур алмашлаб экиш тизимида жуда эҳтиёткорлик билан жойлаштирилмаса ва ерда неча йил ўсиши ҳисобга олинмаса, у ўзидан кейин экиладиган ўсимликларга бегона ўтлар каби катта зарар етказиши мумкин. Топинамбур бир ерда 10 йил, ҳатто 40 йилгача ўстирилганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Лекин бир ерда 3—4 йил мобайнида етиштиришни тавсия қилинади. Топинамбурдан бўшаган ерларга беда экилса, у йил давомида 5—6 марта ўрилиши натижасида ер нокидан ўсиб чиққан ниҳоллар йўқотилади ва ер ундан тозаланади. Топинамбурга ишлатиладиган агротехник тадбирлар картошканинг ишловига жуда яқин туради.

Топинамбур экиладиган ерларни кузда шудгор қилишдан олдин гектарига 30—40 тонна гўнг ва 40 кг дан фософор ўғити бериб 27—30 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Ер нокининг 25—50 граммлик туганаклари экилади. Уни кесиб экилса ҳосилдорлиги 25—30 фоизга камайиб кетиши мумкин. Агар туганак жуда йирик (70—80 г) бўлса, уни экишдан олдин кесиб экилгани маъқул. Кесилган туганакларни фақат баҳорда экишни тавсия қилинади. Кузда экилса ундан режалаштирилган ҳосилни олиш мумкин бўлмайди. Бир гектар майдонга 50—60 минг туганак ёки 0,6—2,0 тоннагача уруғ экилади.

Топинамбур етиштириладиган иқлим шароитига кўра икки муддатда февраль ойининг охири-мартнинг бошланишида ва октябрь охири-ноябрь бошида экилади. Экиш чуқурлиги экилаётган туганак ҳажмига боғлиқ бўлиб, у 5—12 см чуқурликда 70 х 35 х 40 см схемада экилади. Экилгандан сўнг ниҳоллар кўкариб чиққунича ер бир-икки марта бороналанади. Ниҳоллар тўлиқ кўкариб чиққандан кейин ҳар суғоришдан сўнг кўчат оралари культивация қилинади. Агар бегона ўтлар кўпайиб кетган бўлса қатор оралари чопиқ қилинади. Топинамбур тупроқ таркибидаги озиқа элементларни кўпроқ талаб қилади. Унинг бир тонна ҳосили тупроқдан 3 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 4,5 кг калий элементини олиб чиқиб кетади.

Топинамбурни ўғитлаш энг муҳим агротехник омиллардан ҳисобланади. Ўсимлик азот ва фосфор ўғитига анча талабчан. Топинамбур экилаётган азотли ўғитларнинг 15—20 фоизини ва фосфорли ўғитларнинг қолган 20—25 фоизини, ўсимлик униб чиққандан кейин азотли ўғитларнинг 30 фоизини, шоналаш даврида эса 50 фоизини солинади. Калийли ўғитларни ҳаммасини ер ҳайдаш олдидан солинади. Умуман мавсум давомида топинамбур экилган ерларга гектарига 120—150 кг азот, 70—80 кг фосфор ва 60 кг калий ўғити билан озиқлантириш тавсия этилади. Ўсимликни озиқлантириш суғоришдан олдин оширилади. Вегетация давомида топинамбур 8—10 марта суғорилади. Ўсув даври 120—200 кун бўлади. Топинамбур ҳаётининг иккинчи ва учинчи йили у ўсаётган ерни эрта баҳорда 2—3 марта борона қилиш билан бошланади. Иккинчи ва учинчи йили топинамбур ўсимлиги кўпайиб кетади, шунинг учун қатор ораси культивация қилинади, ўғитланади ва ундаги ортиқча ўсимликлар олиб ташланади. Топинамбурни фақат туганагидан эмас, поя қаламчаларидан ҳам кўпайтириш мумкин. Топинамбур пояси Ўзбекистон шароитида октябрь охирида, туганаклари эса ноябрь охирида силос йиғадиган комбайнлар билан йиғиштирилади. Туганак ҳосилини йиғиштириш қиш фаслигача давом этади. Топинамбур оқ чириш касаллиги билан зарарланади, ундан ташқари симқурт, май қўнғизи ва шолғом каналари уни зарарлайди. Уларга қарши анабазин сульфат сепилиши керак.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: