Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Деҳқончиликда сув тежовчи суғориш усуллари

23/Noyabr/2024 23:05
  1780

Ҳозирги кун амалиётида қуйидаги сув тежовчи суғориш усуллари мавжуд:

Калта эгатлар билан суғориш. Бу усулда эгатнинг узунлиги (икки ўқариқ ўртасидаги масофа) тупроқ шароитидан келиб чиқиб 50–60 м қилиб белгиланади. Бунда оқовага чиқадиган сув миқдори кескин камаяди, эгатлар бутун узунлиги бўйича бир текис намланишига эришилади. Натижада экин даласига берилаётган сув миқдори 15–20 фоизга камаяди.

Эгатлар оралатиб суғориш. Бу усулда экин даласига сув эгатлар орасидаги ҳар бир ариқдан эмас, балки эгат оралатиб, яъни бир ариқдан сув оқизилиб, навбатдаги ариқ қуруқ қолдирилган ҳолда берилади. Бунда тупроқдан сув буғланиши ва тупроққа сув сизилиши кескин камаяди. Натижада далани суғоришга сарфланадиган умумий сув миқдори 20–25 фоизгача камаяди.

Нишаблиги катта бўлган ерларда эгатни бир текис намланишига эришиш ва оқова сув чиқишини камайтириш учун эгатга аввал катта сув сарфи юборилади, сув эгатнинг охирига етиши билан сув сарфи кескин камайтирилади, яъни сув эгатга ўзгарувчан оқимда юборилади. Бунда умумий сув бериш ҳажми 15–20 фоизга камаяди.

Нишаблиги кичик бўлган суғориладиган ерларда эса оқова сув чиқармаслик учун эгат охирини тўсиб, тўсилган сувни тескари оқизиб, эгатлар охирини намлаш ҳам мумкин. Бунда умумий сув бериш ҳажми 15–20 фоизга камаяди. Шундай қилиб, суғоришни сифатли бўлишида ўқариқлар орасидаги масофа, эгатларнинг узунлиги ва эгатдаги сувнинг сарфи алоҳида роль ўйнайди.

Эгат узунлигини дала нишаблиги ва тупроқнинг сув шимиш хусусиятига қараб тўғри танлаш лозим. Агар эгат узун олинса, сув унинг охирига етиб боргунича, сувнинг кўп қисми эгатнинг бош қисмида тупроққа беҳудага сингиб исроф бўлади. Шунинг учун даланинг шароитидан келиб чиқиб сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралиғи 60 см бўлган далаларда эгатлар узунлиги 50–60, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 60–70, қатор оралари 90 см бўлган далаларда эса 60–70 метрдан ошмаслиги керак.

Даланинг бир текис намланиши ҳосилдорликни юқори бўлишини таъминлайди. Эгатнинг бутун узунлиги бўйича тупроқнинг бир текис намланиши учун эгатга берилаётган сув сарфи қумлоқ тупроқларда 0,7–0,8 л/с, енгил ва ўрта қумоқ тупроқларда 0,3–0,4 л/с ва оғир қумоқ ва гилли тупроқларда 0,1–0,2 л/с бўлиши лозим.

Сувдан оқилона фойдаланишда суғоришни ҳар бир ариқдан эмас, балки ариқ ташлаб олиб бориш алоҳида аҳамиятга эга. Бунда суғориш меъёри одатда 600–800 м3 миқдорида белгиланади.     Суғоришни шарбат усулида олиб бориш сувдан самарали фойдаланишда муҳим рол ўйнайди. Шарбат усули қўлланилганда гўнг ғўзани озиқлантирибгина қолмай, балки мульча вазифасини ҳам бажаради. Бунда сувнинг буғланиши ва тупроққа сингиши кескин камаяди. Шарбат усулида суғоришда хандакдан ўтаётган сувни гўнг билан тўлиқ аралашувига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Мульча сифатида шарбатдан ташқари мавжуд эски плёнкалар, қоғоз, сомон ёки турли сув ўтларидан фойдаланиш мумкин. Экинларни суғориш учун, ноанъанавий сув ресурсларидан, шу жумладан чиқит, оқава ва зовур сувларидан фойдаланиш ҳам суғоришга ишлатилаётган сув миқдорини камайтириш имкониятларини яратади.

Айниқса, дарё сувларини етказиш қийин бўлган ҳудудларда, шунингдек, енгил ва ўртача механик таркибли тупроқли майдонлардаги ғаллани суғоришда май ойида зовурлар сувларидан бемалол фойдаланиш мумкин. Бунда зовур сувини тузлик даражаси 3 г/л. дан юқори бўлса уни дарё чучук суви билан аралаштириб ишлатиш тавсия қилинади. Экинларни суғоришга зовур сувларидан фойдаланиш ҳисобига суғоришга ишлатиладиган тоза сувлар миқдорини 15–25 фоизга камайтириш мумкин.

Маълумки, бошоқли дон экинлари, жумладан, кузги буғдой май ойида сутли пишув даврига киради. Ушбу давр кузги буғдой парваришида энг маъсулиятли давр бўлиб, бу пайтда ғаллага озиқ моддалар ва сувнинг етарли даражада етказиб берилиши мўл ҳосил учун мустаҳкам замин яратади. Акс ҳолда, сув етмаслиги оқибатида ғалла донлари пуч бўлиб қолиши ва ҳосил тарози босмаслиги мумкин.

Шунинг учун ғаллани сутли пишув (май ойи ичида) даврида сифатли қилиб суғоришга алоҳида эътибор қаратиш ва маъсулият билан ёндошиш лозим. Ушбу даврда ернинг намлигидан келиб чиққан ҳолда кузги буғдойнинг суғориш меъёри 700–800 м3/га миқдорда белгиланиши лозим. Суғоришни кечаю-кундуз, айниқса, кечаси ташкил қилиш сувни 10 фоизгача тежаш имконини беради ҳамда экинни ривожланиши учун мўътадил микроиқлим шароитини яратади.

Суғориш давомийлиги тупроқнинг механик таркиби, майдоннинг нишаблиги ва суғориш меъёрига қараб 8–12 соатни ташкил этиши лозим.

Майдоннинг нишаблиги катта бўлган айрим ҳудудларда эса суғориш давомийлиги 16–18 соатдан ошмаслиги керак. Шундай қилиб, экинларни суғоришда сувдан фойдаланиш оқилона ташкил этилса, экин даласини суғориш усулини тўғри танланса ва агротехник тадбирлар (айниқса, культивация ва чопиқ) ўз вақтида ўтказилса, энг асосийси суғоришга масъулият билан ёндошилса, шубҳасиз, кўзланган ҳосил етиштирилади.

Муаллифлар: З. Ишпўлатов, С. Маматов. Манба: agro.uz

Улашиш: