Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ҳосил йиғиб олингандан сўнг меваларда кузатиладиган касалликлар ва уларга қарши кураш

23/Noyabr/2024 22:06
  1135

Кузда териб олинган олма ва нок мевалари одатда 6-10 ойгача сақланади. Бу вақт ичида уларни 100 тадан кўпроқ микроорганизм турлари зарарлаши ва ҳосилнинг анча қисмини (мисол учун АҚШда 15-25 фоизини) нобуд қилиши мумкин.

Олма, нок ва беҳи меваларининг кўк моғор касаллиги. Кўк моғор билан зарарланиб чириётган мевалардан зах ҳиди келади. Мева қобиғи оч ёки тўқ жигарранг тус олади, тўқималар юмшаб, бўтқага ўхшаб қолади, соғлом тўқимадан осон ажралади. Кўп мамлакатларда омборхоналарда мевалар совуқда (0-4oC) ёки назорат остидаги шароитда (0-4oC, 1-3% кислород ва 8% дан кам карбонат ангидрид) сақланади. Назорат остидаги шароит қўлланиладиган омборхоналарда кўк моғор меваларда кам (~1% да) учрайди. Омборхонадан ташқарига олиб чиқарилган мева устида олдин замбуруғнинг оқ тусли мицелийси, кейин мицелий, конидиофора ва конидияларидан ташкил топган кўкиш-яшил моғор ҳосил бўлади.        Қўзғатувчи замбуруғларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ҳар хил субстратларда кенг тарқалган, аммо улар меваларни зарарлаши хабар қилинмаган; меваларда ҳам кенг тарқалган бўлиши тахмин қилинади.

Меваларнинг кулранг моғор касаллиги омборхоналарда сақланаётган нокнинг энг муҳим, олмада эса, кўк моғордан кейин 2- ўриндаги касаллиги ҳисобланади. Зарарланган мева устида четлари ноаниқ, туси тўқсариқдан оч-жигарранггача бўлган доғлар ривожланади. Улар вақт ўтиши билан ўсади, жигарранг ёки тўқ-қўнғир тус олади. Нокнинг яшил меваларида сув шимганга ўхшаш кулранг-яшил, кейин қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади. Ҳали пишиб етилмаган олма ва нок меваларининг чириган қисмлари қаттиқ бўлиб, соғлом қисмидан осон ажралмайди, улар кейинчалик юмшайди. Бутунлай чириган мевалар қайноқ сувда пишгандай тус олади ва улардан шароб ҳиди келади. Юқори намликда чириётган мевалар устида оқ ёки кулранг-оқ моғор ривожланади, конидиялар пайдо бўлгач, моғор кулранг тус олади.

Олма ва нок меваларининг альтернариоз чириши. Касаллик олма ва нок меваларида дунёнинг барча мамлакатларида тарқалган, аммо кам учрайди. Унинг аҳамияти меваларга кўк ва кулранг моғорга қарши бензимидазол фунгицидларидан биронтаси билан ишлов берган ҳолларда ошади. Зарарланган мева пўстида думалоқ, жигарранг ёки қора, қаттиқ, қуруқ яралар пайдо бўлади. Кейинчалик зарарланган жойлар ғовак бўлиб қолади, мева этида қора, узун доғлар ривожланади. Нам шароитда яралар устида қора моғор ҳосил бўлади. Совуқ шароитда яралар секин ўсади ва 5 ойдан сўнг уларнинг диаметри 2,5 см гача етади. Замбуруғ космополит бўлиб, ҳар хил субстратларда Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган, аммо мевалардан ажратиб олингани ҳақида хабарлар мавжуд эмас.

Олма ва нок меваларининг мукороз чириши. Касаллик олма ва нокда кўк ва кулранг моғорга нисбатан кам учрайди. Зарарланган тўқима юмшайди, оч-жигарранг тус олади, 0оС ҳароратда 2 ой ичида мева бутунлай чирийди. Мевадан ичида споралари мавжуд бўлган суюқлик оқади. Омборхоналарда касаллик нок ва олмадан олмага ўтмайди, аммо нокка ўтади. Ўзбекистонда меваларда қайд этилмаган, аммо учраши тахмин қилинади.

Олма ва нок меваларининг фиалофороз чириши. Касаллик олма ва нок меваларида учрайди ва унинг аҳамияти меваларга бензимидазол фунгициди билан ишлов берган ҳоллардагина кузатилади. Меваларга ишлов бериш учун қўлланиладиган фунгицидлардан имазалил юқори, цирам ўртача даражадаги самарага эга. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ гифомицет  Phialophora malorum, синонимлари Sporotrichum malorum ва S. carpogenum. Ўзбекистонда қайд этилмаган, аммо учраши тахмин қилинади.

Олма ва нок меваларининг кладиоспоророз чириши. Касаллик олма ва нок меваларида учрайди ва унинг белгилари альтернариоз ва фиалофорозники билан бир хил. Меваларда думалоқ ёки тухум шаклли, бироз ботиқ, кенглиги 2 см гача бўлган, тўқ-жигарранг-қора доғлар ҳосил бўлади. Қўзғатувчи замбуруғ гифомицет Cladosporium herbarum – табиатда барча жойларда кенг тарқалган сапротроф ва космополит тур. Ўзбекистонда меваларда қайд этилмаган, аммо учраши тахмин қилинади.

Олма ва нок меваларининг ризопус чириши. Одатда жароҳатланган, совуқ урган ёки пишиб, тобидан ўтган олма ва нок мевалари зарарланади. 4оС  ёки пастроқ ҳароратда сақланган мевалар зарарланмайди. Қўзғатувчилар зигомицет замбуруғлар Rhizopus stolonifer (синоними R. nigricans) ва R. arrhizus. Бу турларни ажратиш учун уларни сунъий озуқа муҳитида 36оС ҳароратда ўстириш лозим; бу ҳароратда R. arrhizus ўсади, R. stolonifer эса ўсмайди.

Олма ва нок меваларининг бошқа моғор ва чиришлари. Олма, нок ва бошқа меваларни яна қуйидаги 30 тадан кўп замбуруғ турлари, жумладан Acremonium implicatum, Aspergillus spp., Cephalosporium carpogenum, Ceratocystis adipose, Chaetomium spp., Cladosporium herbarum, Clethridium corticola, Coleophoma empetri, Coniothyrium spp., Cylindrocarpon magnusianum, Endomycopsis mali, Epicoccum nigrum, Fusarium spp., Geotrichum spp., Gliocladium viride, Greeneria uvicola, Helminthosporium papulosum, Microdiplodia sp., Mycosphaerella tulasnei, Nigdospora sphaerica, Nodulisporium hinneleum, Pestalotia hartigii, Phoma spp., Pyrenochaeta mali, Seimatosporium lichenicola, Trichoderma harzianum, Trichothecium roseum ва б. зарарлаши мумкин. Омборхоналарда паст ҳароратда сақланган мевалар бу замбуруғлар билан кам ҳолларда зарарланади.

Йиғиб олинган меваларнинг касалликлари билан кураш чоралари

Меваларни териб олишдан олдин дарахтларга таркибида бензимидазол бўлган билан бирор фунгицид ёки (бензимидазолга чидамли Penicillium турлари мавжуд бўлса) бензимидазолли фунгицидга дифениламин қўшиб пуркаш; меваларни териш, яшикларга жойлаш ва омборхонага ташиш пайтида механик жароҳатлардан асраш; териб олинган меваларни дарҳол рефрижераторларда совитиш (жуда муҳим); мева қўйишдан олдин омборхоналарнинг девори, шипи, поллари ва полкаларни пухта дезинфекция қилиш; агар сақлашга қўйиладиган мева олдин ювилса, мева ювиладиган сувга бензимидазол ва дифениламин ёки каптан қўшиш ёхуд меваларни хлорланган ёки илиқ сув билан ювиш; омборхоналарда мевалар совуқ ҳароратда (0-4oC) ёки назорат остидаги шароитда (0-4oC, 1-3% кислород ва 8% дан кам карбонат ангидрид) сақланишини таъминлаш тавсия қилинади.

Манба:

Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов (2010). Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: