Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қуёнларнинг кўпайиши

23/Noyabr/2024 20:21
  1181

Бўғоз қуёнлар болалашига беш кун қолганида эмизаётган болаларидан ажратилади. Қуён олдиндан дезинфекция қилинган  қафасга «туғруқхона»га қуйилади. «Туғруқхона»нинг тешиги қуён катагининг полидан 10 см юқорида бўлиши зарур. Агар тешикча пол билан тенг бўлса, янги туғилган қуён болалари эмиш учун онасини қидириб, «туғруқхона»дан четга чиқиб қоладилар ва катак тешикларидан ерга тушиб кетишлари мумкин. «Туғруқхона»нинг тешиги 10 см баландликда бўлганида қуёнчалар уянинг ичида айланиб юради. Она қуён эса вақти-вақти билан кириб қуёнчаларни эмизиб туради.

Олиб қўйиладиган «туғруқхона»ни тайёрлаш қийин эмас, икки томони очиқ яшикнинг бир томонидан диаметри 25 см ли юмалоқ ёки тўғри бурчакли тешик очилиб, қуён қафасининг ичига маҳкамланади. «Туғруқхона»нинг ўлчами, яъни узунлиги 60 см, эни 40-45 см, баландлиги 50-60 см қилиб ясалади.  Ана шу даврда қуён катагига қуруқ барг, похол ёки ёғочнинг қириндилари ташланса, улардан қуён тўшама сифатида фойдаланади.

quyon-tugruqxonasi-02kgd96.png (190 KB)

Қуённинг болалаши кўпинча кечаси, кам ҳолларда эрталаб ёки кундузи рўй беради ва болалаши 10-30 дақиқагача давом этади. Қуёнбоқар туғилган қуёнчаларни санайди. Агар улар сочилиб кетган бўлса, бир ерга тўплаб, устидан она қуённинг момиғи (жуни) билан ёпиб қўяди.

Баъзан она қуён ўз боласини еб қўйиш  ҳоллари ҳам учрайди. Биологияда бу ҳодисани мандализм деб аталади. Бунинг асосий сабаби қуённинг туғиш даврида сувга ташна бўлиши ва катакда етарли миқдорда сув бўлмаслигидир. Болалаш даврида она қуённинг сувга бўлган эҳтиёжи жуда ортиб кетади. Бинобарин, қуёнларнинг болалаши яқинлашган сари катакда сувни узмаслик керак. Она қуёнлар ўз боласини еб қўйишининг бошқа сабаби ҳам бор. Баъзан янги туғилган туксиз қуёнчаларнинг айримларида териси зарарланиши туфайли тўқима суюқлиги ташқарига чиқиб қолиши мумкин. Болалаш пайтида она қуён организмида минерал моддалар (калий, фосфор, натрий ва хлор) етишмайди. Шу сабабли у янги туғилган ўз болаларини ялаб қуритаётганида тўқима суюқлигига маҳлиё бўлиб, ўз боласини еб қўяди. Бу ҳол она қуёнларни уларнинг бўғозлик даврида озиқ рационининг таркибида минерал моддаларнинг етарли бўлишини таъминлаш зарурлигини тақозо  этади.

Агар она қуён боласини иккинчи марта болалаганида ҳам еб қўйса, минерал моддалар етарли бўлсада, уни наслчилик гуруҳидан ажратилиб, бўрдоқига боқилади ва сўйилади.

Баъзан она қуён туққанидан кейии безовталаниб депсинади, овқат емайди. Бундай ҳолат кузатилганда она қуён тезда қочирилиши керак. Чунки қуёнлар туққанидан кейин тезда куюкиши мумкин. Айрим ҳолларда эса она қуён сути бўлмаганлиги ёки сут безлари касалланганлиги туфайли болаларини эмизмай, уларни у ёққа, бу ёққа ирғитади. Шунда қуёнбоқар она қуённи синчиклаб текшириб, безовталик сабаби аниқланади. Зарур бўлса ветеринария шифокорини чақириб тегишли чора-тадбир кўрилади.

Она қуён ҳамма вақт ҳам барча туққан болаларини (5-7 та, ҳатто 11 тагача бола беради) ўзи боқа олмайди. Бундай ҳолларда қуёнчаларнинг бир қисмини серсут «ўгай она қуён»га қўшиб қўйилади. Бунинг учун она қуён вақтинча катакдан олиниб, унинг жуни билан кўчириб ўтказилаётган қуёнчалар беозор ишқаланади. Сўнгра у «ўгай она қуён»нинг уясига солиниб, усти шу қуённинг жуни билан ёпиб қўйилади. Ўгай она қуённинг ҳиди қуёнчаларга сингигач, она қуён уларни бемалол эмизаверади.

Қуёнбоқар шу нарсани ҳам ҳисобга олиши керакки, қўшиб қўйилаётган қуёнчалар ёши жиҳатидан бир-биридан катта фарқ қилмаслиги керак. Биринчи марта болалаган она қуёнлар 5-6 та болани бемалол боқади, катта ёшдагилари 6-8 та, серсут қуёнлар эса 10-12 та қуёнчани бемалол боқа олади.

Манба:

Нурматов А.А. ва бошқалар (2016). Хонадонларда, кўп тармоқли фермер  ҳамда бошқа тоифадаги хўжаликларда  куён боқиш бўйича тавсиянома. Тошкент.

Улашиш: