Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахтларда бактериал некроз касаллиги

27/Noyabr/2024 10:35
  1207

Зарарлари. Бу данакли мевали дарахтларнинг бактериал (юқумли) касаллиги бўлиб, дарахт танаси ва шохларида модда алмашинувини таъминловчи хужайраларни нобуд қилади. Натижада, шохлар қурийди ва дарахт бутунлай зарарланган ҳолларда қуриб қолиши мумкин. Дарахт пўстлоғини кесиб кўрсангиз унинг остида қизғиш-жигарранг доғларни кўришингиз мумкин. Дарахт пўстлоғидан суюқлик ёки ёпишқоқ елим оқиши бу касаллик белгисидир. Дарахт куртаклари, гуллари ва ёш новдалари хам бу касаллик билан зарарланиши ва нобуд бўлиши мумкин. Дарахт пўстлоғи қораяди ва барглар қурийди. Баъзан бу касаллик ёш мевалар устида тўқ жигарранг ботиқ яраларни юзага келишига сабаб бўлади. Агар гилос меваси зарарланса, унинг шакли батамом бузилади.

kasallikdan-yelimchiqishi-358fg6.png (305 KB)

1-расм. Елим чиқиши бактериянинг ривожланиши аломатидир.

Ҳаёт цикли

a)     совуқдан зарарланган дарахтларни (бу дарахтларнинг пўстлоғида ёриқлар бўлиб, улар бактериянинг тушиши учун замин яратади);

b)     кучсиз тупроқларда ўсаётган дарахтларни;

c)      механик сабаблар билан зарарланган дарахтларни, масалан - нотўғри буталанган ёки ҳайвонлар томонидан зарар етказилган ёки кетмон ва трактор каби қурилмалар билан шикастланган);

d)    нематодалар чувалчанглар томонидан илдизлари зарарлаган дарахтларни.

Бу бактерия кузда барглар тўкилгандан сўнг улардан дарахт танасида қолган чандиқлар орқали юқади. Касаллик куз охиридан то баҳоргача фаол ривожланади. Дарахтлар баҳорда уйғонишни бошлаганидан сўнг бу касаллик таъсирига анча чидамли бўлади. Шунга қарамасдан, нам баҳор ҳавоси гулларни ёки ёш новдаларни касаллик билан зарарланишига сабаб бўлиши мумкин. Кеч баҳорда ҳароратниг исиши касаллик ривожланиш даражасини сезиларли даражада секинлаштиради. Жуда иссиқ ҳавода бактерия ривожланишдан тўхтайди ва кеч кузнинг салқин ҳавосида яна ривожоланишда давом этади. Бу касаллик бошқа касалликлардан фарқли ўлароқ, қишда ривожланади ва баҳорда ривожланишдан тўхтайди.

kasallikdan-qurigan-daraxt5sjf92.png (1.11 MB)

2-расм. Касаллик туфайли қуриган дарахт.

Қарши кураш чоралари

1.     Данакли мевали дарахтларни тупроқ pH<5/5 (тупроқдаги таркибидаги водородлар таркиби) юқори бўлган ёки олдиндан бундай бактерия билан зарарланган ерларга экиш тавсия қилинмайди. Шу билан бирга, дарахтларни остида қаттик қатлам бўлган саёз ва қумли тупроқларга экмасликка ҳаракат қилинг. Бундай шароитларга экилган дарахтларда бу касаллик ривожланиш хавфи кўпроқ.

2.     Бу касалликка чидамли пайвантаклардан фойдаланинг:

·      Гилос пайвантаги “Махейлеб” ўрта меъёр, “Маззард” нисбатан чидамли. “Колт” пайвантаги эса чидамсиздир.

·      Шафтолининг “Ловел” ва “Нимагард” пайвантаклари бу касалликка ўрта меъёр чидамли.

·      Олхўрининг “Миробалан” ва “Мариана” пайвантаклари эса бу касалликка чидамсиз ҳисобланади. Шунинг учун олхўрига шафтолининг “Ловел” пайвантагини ишлатиш тавсия қилинади.

·      Ўрикнинг уруғдан кўпайтирилган пайвантаклари чидамсиз бўлгани сабабли, ўрикка ҳам шафтолининг “Ловел” пайвантагини ишлатиш тавсия қилинади.

3.     Кўчатларни камида 40 см (80 см гача) ердан баландликда пайванд қилинг. Бу унинг касалликдан зарарланиш эҳтимолини камайтиради.

4.     Агро-техника талабларига риоя қилинг:

·         Дарахтларни кўп суғорманг. Бу уни заифлашишига олиб келади ва касалликка мойил қилиб қўяди.

·         Дарахтларингизнинг яхши ривожланиши учун ўғитлардан ёки компост (органик ўғит) дан етарли миқдорда фойдаланинг. Уларни кўп миқдорда ўғитламанг, бу ҳам дарахтларнинг керагидан ортиқ ўсиб кетишига олиб келади. Агар сиз гўнгдан фойдалансангиз, яхши чиритилган гўнгдан фойдаланишга ҳаракат қилинг ва дарахт танасига яқин солманг, аксинча дарахт танасидан 15-20 см узоқликка солинг.

·         Буталаш ишларини қишда эмас ёзда олиб боринг. Чунки қиш касалликнинг ривожланиши учун қулай вақт. Буталаш учун энг яхши вақт ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг (июль – август ойлари). Дарахтлар ичида узоқ вақт намлик қолиб кетмаслиги учун уларни ичига кўпроқ қуёш тушадиган ва ҳаво айланиб турадиган қилиб буталанг.

·         Дарахт танаси ва унинг сув йиғилувчи шох тарқаган жойларини оҳак билан оқланг (оҳакка оз миқдорда мис сульфат қўшинг). Буталашдан кейин очилиб қуёшда куйиши ва бунинг оқибатида заифлашадиган асосий шохларни ҳам оқлаш, уларни касалланишдан ҳимоя қилади.

5.     Бутунлай қуриб қолган ёки қуриётган шохларни дарҳол кесиб ташланг.

6.     Ёзда дарахтнинг касаллик туфайли нобуд бўлмаган лекин зарарланган шохларининг касаллик теккан қисмини пичоқ билан ўйиб кесиб ташланг, ва шу ерга мис сульфат-оҳак аралашмасидан суртиб қўйинг.

Манба: mevazor.uz

Улашиш: