Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Писта зараркунандаси: писта мевахўри

23/Noyabr/2024 22:17
  1174

Писта меваларининг бош зараркунандаси писта мевахўридир. Писта мевахўрининг қуртлари фақат писта мевалари ичида ривожланиб, бошқа зараркунандалар билан биргаликда (писта уруғхўри, писта қалиноғи ва ҳ.) айрим йилларда ўсимликларнинг 50% мевасини нобуд қилиши мумкин. Қуртлар пиллада қишлайди. Уларнинг ғумбакка айланиши апрелнинг биринчи ўн кунлигида гуллаш якунланган ва новдаларда тугунчалар шаклланишнинг бошланғич босқичида бошланади. Капалакларни учиб чиқиши апрел ўрталарида, тухум қўйиш апрелнинг охирида кечади. Туғилган қуртлар дарҳол мева тугунларига киради ва мева куртагини ейди. Шаклланишга улгурмаган мевалар қуриб қолади ва тўкилади.

Дарахтларингизда писта мевахўри пайдо бўлганини қандай аниқлаш мумкин. Мевахўр пайдо бўлишининг биринчи аломати – мева этида тешикнинг пайдо бўлиши. Тешиклар бир ёки бир нечта писта мевахўри. бўлиши мумкин. Тешик атрофида қора доғлар кўринади ва қатрон ажралиб чиқади.

pista-mevaxori-54jhj31.png (458 KB)

Писта мевахўри

Мевахўрга қарши курашиш. Писта мевахўри қуртларига қарши курашиш учун ўрмон хўжалигида ишлатишга рухсат этилган БИ-58 (фосфамид, фозалон ва бензофосфад), препарати ишлатилади. Аввал препаратни ҳар бир ҳудудда мавжуд бўлган хўжалик, гулчилик ёки ихтисослаштирилган дўкондан сотиб олинг. Препаратни 0.2-04.% концентрацияда сувга аралаштиринг. Аралаштиришга доир қўлланма препарат қадоғида бўлиши керак. Бутун дарахтни эмас, балки мевахўр билан зарарланган ёнғоқлар новдаларига ишлов бериш лозим. Зарарланиш ўчоғлари жойлашган дарахтлар новдаларига пуркаш керак. Энг асосийси – зарарланиш ўчоғлари аниқланган ва пайдо бўлган вақтнинг ўзидаёқ дарҳол йўқ қилиш лозим. Одатда бу апрелнинг ўрталарида рўй бериши мумкин.

Пуркаш вақтида препарат одамлар учун деярли хавфсиз бўлишига қарамай, дока ниқобдан фойдаланиш лозим. Аммо тўлиқ хавфсизликни таъминлаш учун фосфамидни қўллашдан кейин 5-10 кун давомида чорва боқиш, 3 кун давомида пичан ўриш, 11-24 кунда мева йиғиш тақиқланади.

Препарат осонлик билан илдиз тизими ва ерусти аъзолар (поялар ва барглар) орқали ўсимлик ичига сингади, тепага кўтарилувчи оқим билан тарқалади ҳамда зараркунандалар учун зарарли миқдорда тўқималарда тўпланади. Фосфамид сўрувчи ҳашаротларга қарши препарат сарфи 0,7-2 кг/га меъёридан келиб чиқиб қўллаш самаралидир. Асосий мақсад меваларни сақлаб қолиш бўлган пистазорларда сарф 3-15 кг/га меъёрдан келиб чиқиб пуркалади.

Писта мевахўрига қарши курашда микробиологик препаратларни ҳам ишлатиш мумкин:

-  Дендробацилин – сарф меъёри 1-3 кг/га;

-  Гомелин – сарф меъёри 1-3 кг/га;

-  Депидоцид – сарф меъёри 1-2 кг/га.

Уларнинг барчаси БИ-58 каби қўлланади.

Юқорида санаб ўтилган препаратларга ёш қуртлар айниқса таъсирчан. Пистанинг фенологик ривожланишига кўра биринчи ишлов бериш гуллашнинг якунланиши – мева тугишнинг бошланишига тўғри келади. Иккинчи ишлов беришни мева тугунлари нормал ривожланган (нўхот катталигига етган) вақтдан 8-10 кун ўтгач амалга оширилади. Мевахўр аломатлари пайдо бўлганда бу ишлов беришни ўтказиш шарт, акс ҳолда мевахўрнинг охиригача нобуд бўлмаган личинкалари ерга тушиб, у ерда қишлайди, кейинги йили муаммо яна такроралиниши мумкин.

Манба:

Чернова Г.М. ва бошқалар (2014). Ўзбекистон арид турдаги адирларида навлар асосида хандон писта ўрмонзорларини етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: