Энди ихота ўрмонзорлари кенгайтирилади
Маълумки, атроф-муҳит софлигини таъминлашда дарахтзор, ўрмонларнинг аҳамияти беқиёс. Мисол учун, республикамизнинг катта қисми чўл майдонидан иборатлиги туфайли қишлоқ хўжалиги экинлари кучли қум кўчиш ва иссиқ шамол (гармсел)дан зарар кўрмоқда.
Бунинг шу тарзда давом этиши ҳосилдорликка жиддий талафот етказиши табиий. Шу жиҳатдан олганда турли эрозиялардан зарар кўрган ер майдонларини қайта тиклаш, қишлоқ хўжалиги экинларини шамол ва гармселлардан сақлаш мақсадида ҳимоя (ихота) ўрмонзорларини барпо қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 июнда эълон қилинган "Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши ихота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори айни масалада қилиниши зарур бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди. Унга кўра, ҳудудларда ихота дарахтзорларини барпо этиш учун зарур бўлган кўчатлар мавжуд кўчатхоналарда ўрмончилик талаби асосида иқлим шароитига мос ҳолда танланиб етиштирилди.
Бу борада Навоий вилоятида ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда.
— Воҳамизнинг асосий қисми чўллардан иборатлиги ихота дарахтзорларининг кенг майдонда барпо этилишини тақозо қилади, — дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси етакчи мутахассиси Д. Қаршиев. — Қарорга кўра, 200 гектар майдонда ҳимоя дарахтзорлари ташкил қилиш мақсадида ҳудудимизда келаси йили қиймати 3 миллиард 200 миллион сўмлик бўлган лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бундай дарахтзорлар пахта, ғалла, қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонлар атрофида барпо этилиши кўзда тутилган. Хусусан, Кармана туманидаги "Нарпай", "Чап қирғоқ" каналлари сув истеъмолчилари уюшмалари, "Янгиобод" сувчи ҳудудларида, Қизилтепанинг "Тўдакўл нур", "Ўртачўл юлдузи", шунингдек, Хатирчи, Конимех, Навбаҳор туманларининг бир нечта манзилларида ихота ўрмонзорлари яратилади. Уларда жами 400 мингдан ортиқ Элдор сосна, туя компакт, Шарқ туяси, айланд, клён, амарфа, ясин, каталпа, каштан каби манзарали, олма, ўрик, ёнғоқ, ток, анор, писта, бодом ва бошқа мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Бу билан 1500 гектарга яқин майдонда шамол эрозияси ҳолати барқарорлашувининг таъминланишига эришилади. Айни пайтда келгуси йил ҳимоя ўрмонлари учун бошқарма тизимидаги хўжаликларда 542 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар етиштирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қўмитанинг ўрмончиликда илғор давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган "Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси"да ҳам турли эрозиялардан зарар кўрган ер майдонларини қайта тиклаш, ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш, ерлардан фойдаланишга имтиёзли шароитлар яратиб, ажратиб бериш тизимини жорий этиш ташаббуслари илгари сурилган эди. Шунингдек, ҳужжат орқали республикамизда "Дарахт экиш куни"ни белгилаш таклифи халқимиз эътиборига ҳавола қилинди.
Хулоса ўрнида айтганда, қарор ижроси концепцияда билдирилган фикрларнинг амалий ифодаси бўлади. Бу табиатни асраш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигига путур етишининг, сув хўжалиги объектларини қум босишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Манба: "Дўстлик байроғи" газетаси