Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Балиқларни озиқлантириш учун тирик озуқа организмларни кўпайтириш

24/Noyabr/2024 00:19
  1234

Тирик организмлар сифатида зоопланктон ва фитопланктондан фойдаланилади. Чучук сувли ҳавзаларда парвариш қилиш объекти сифатида планктон қисқичбақасимонлардан – дафния, диаптомуслар, брахионуслар, моина ва артемиядан фойдаланилади.

Моина ректирострис (Moina rectirostris) — личинкаси 0,5мм атрофида, эркаги 1мм гача, урғочиси 1,7мм гача. 3—4 кунда балоғатга етади. Ҳар 1—2 кунда 7 тахлам уруғ қўяди. Тахламда 53 тагача тухум мавжуд. Ҳаёти давомийлиги 22 кун.

Энг қулай шароит: (dH 6—18°, pН 7,2—8,0, ҳарорат  20—24° С, СО2 - 8 мг/л гача, кучсиз аэрация, ёруғлик кунига 14—16 соат. Сунъий етиштириш шароитида қисқчибақачалар минерал ўғитларга (масалан, фосфор тузларини 5 мг/л гача) яхши бардош беради. Уларни ҳар куни хлорелла (200 минг хўжайра/мл) ёки новвойлик дрожжилари (2 мл суспензия 1л сувга). От гўнгидан фойдаланиш ҳам мумкин: 1,5 г/л, ҳар 10 кунда яна 0,8 г/л дан қўшиб бориш керак. (Кочетов, 1988).

Етиштиришнинг яна бир технологияси 1 литр сувга 200 дона ҳисобида жойлаштирилади. Бундан аввал сувга  новвойлик дрожжиларини 1,5г/100л ҳисобида сепилади, ундан сўнг кунора яна 0,7г/100л ҳисобида қўшиб борилади. Бир неча кундан сўнг (одатда 3-5 кун) сув кўкаради. Жараённи тезлаштириш учун унга аквариумда кўкариб қолган сувни қўшиш мумкин. Сув яхши кўкаргандан сўнг унга дафниялар қўйиб юборилади. Ҳарорат 20-250С даражасида ушлаб турилиши ҳамда кучсиз аэрация зарур. Сув ранги оч яшил ёки оч жигарранг тусда бўлиши мумкин. Сувнинг жигарранг тусга кириши шароитни ёмонлашганлигидан дарк беради, бундай ҳолларда озиқлантиришни тўхтатиш зарур. Одатда икки кундан сўнг сув яна яшил ҳолга қайтади, агар бундай ҳол юз бермаса тизимни қайтадан ишга тушириш мақсадга мувофиқ.

Ҳафтасига бир-икки марта 1г/100л ҳисобида аммиакли селитра NH4 NO3 қўшиб туриш керак. Ўстириш жараёнига қон ёки гўшт ювилган сув қўшилиши ҳам яхши натижа беради. Бундан ташқари дафниялар етиштирилаётган идиш тубига бир нечта қум тўлдирилган найчаларни жойлаштириш тавсия этилади. Улар дафниялар озиқланадиган бактериларнинг доимий манбаи бўладилар (Ильин, 1977).

dafniyalar-pqnx5l.jpg (85 KB)

1-расм. Дафниялар

Қимматли маслаҳат: асосан дрожжилар ҳисобига етиштирилган дафниялар кўкартирилган сув етиштирилган дафнияларга нисбатан нимжон ва тўйимлилиги камроқ. Шундай экан сувни яхши кўкартириш ҳамда озуқа рационини турли-туман бўлишига ҳаракат қилиш керак. Хлорелла билан бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса гўнг ёки аммиакли силитра билан!

Бир неча ой ўтиши билан етиштирилаётган дафнияларни силласи қурий бошлайди. Бундай ҳолларда оталанган тухум қўйишга қўзғатиш учун уларга «қишлов» ташкил қилиш керак. Бунга эришиш осон – озиқлантириш миқдорини камайтириб бориш ва кейинчалик тўлиқ тўхтатиш ҳамда озроқ ҳароратни пасайтириш. Бир ҳафтадан сўнг ҳамма популяция ўлади ва оталанган тухумлар массаси пайдо бўлади. Оталанган тухумларни қўзғатишни яхшилаш мақсадида уларни музлатгичда бир неча кун музлатиш ёки қуритиш мумкин. Бундай сунъий диапаузадан сўнг дафния янги куч билан ўсишни бошлайди.

Дафниялардан ташқари аквакультурада уларнинг уруғдошлари – эшкакоёқ циклоплар ва диаптомуслардан (Copepoda отряди) кенг фойдаланилиб келинади. Калориялиги жиҳатдан улар дафниядан қолишмайди ва дафниялар тўғрисида айтилган фикрлар улар учун ҳам тўғри бўлади.

Циклопларни ҳам дафниялар каби етиштириш мумкин, аммо уларнинг серпуштлиги ва кўпайиш тезлиги дафнияларга нисбатан паст. Урғочилари тухум халтачаларидан чиқадиган личинкалар – напулилар янги очиб чиққан балиқчалар учун яхши озуқа ҳисобланадилар ва коловраткалар билан биргаликда «жонли чанг»ни ташкил қиладилар. Аммо балиқчаларни каттарган циклоплар билан озиқлантиришда эҳтиёт бўлиш керак, йирик циклоплар майда балиқчаларга хужум қилиши ва уларни ўлдириши мумкин. Циклопларни дафнияга нисбатан устунлиги улар қишки  диапаузани очиқ ифода этмайдилар ва шунинг учун уларни популяциясини йил бўйи ушлаб туриш осон.

cikloplar-jkm0r.jpg (18 KB)

2-расм. Циклоп

Эшкакоёқли қисқичбақасимонлар вакиллари – циклоплар (Cyclops) ва диаптомуслар (Diaptomus) сув ҳавзаларида йил бўйи учрайдилар, қишда уларни муз остидан овласа ҳам бўлади. Диаптомуслар кенг сув ҳавзалари эшкакоёқли қисқичбақасимонлар гуруҳига киради, уларга узун антенналари ёрдамида сувда «парвоз» қилиш характерлидир. Циклоплар эса қирғоқ олди зонасида бўлишни маъқул кўрадилар. Ўзига хос қисқа сакрашлар билан ҳаракатланадилар. Циклоплар ўлчами 1-5.5мм ва диаптомуслар ўлчами 5мм гача етади.

Циклоплар кўпайишида иккала жинсдагилари иштирок этади. Урғочи циклоп оталанган тухумларни қорин қисмига бириккан иккита тухум халтасида олиб юради.  Диаптомусларда бундай халта битта. Тухумлардан жуда кичик личинкалар – науплиуси очиб чиқади, ташқи кўринишдан улар ота-оналаридан кескин фарқ қилади. Эшкакоёқли қисқичбақасимонлар дафниялар сингари – бактериялар ва бошқа майда организмлар билан озиқланади, аммо улар йиртқичроқ ҳисобланадилар. Уларнинг ёшлари балиқлар томонидан яхши истеъмол қилинади. Бироқ етук циклоплар – балиқ личинкалари ва ёш балиқчалар учун ўта хавфли кушандадир.

Янада кичик шаклда Bosmina уруғига мансуб бошида клюквага ўхшаш  ўсимтаси бўлган ва ўзининг юмалоқ шакли билан характерланадиган Chidorus уруғига мансуб қисқичбақачалар кўп сонли вакиллари учрайди. Босминлар кўп ҳолларда дафниялар овланаётганда тушиб қоладилар – улар давнияларга ўхшайди, бироқ улар икки баробар кичик ва ранги қора. Босминлар қирғоқ бўйларида, кўприк устунлари ва сув ўтлари тўпланган жойларда кўп миқдорда учрайдилар ҳамда  эзилган қора қалампир булутчасини эслатадилар. Босминлар балиқчалар учун фавқулотда тўйимли озуқа ҳисобланади. Басминлар сув ҳавзасида айниқса баҳор ва ёз бошларида кўп бўлади.

bosmina-loringitus-qa2k.jpg (328 KB)

3-расм. Босмин.

Сувнинг тубидаги чўкма қатламда яшайдиган бентос организмларига мансуб турли ҳашаротларнинг (чивин, хирономидларнинг) личинка ва ғумбаклари қимматли озуқа ҳисобланади. Карп ҳар нарсани истеъмол қиладиган балиқ бўлса-да, аммо бентосни айниқса хуш кўради.

Bentoslar-96vm3.jpg (69 KB)

4-расм. Макрозообентоснинг типик вакиллари

 

Дилмурод Шохимардонов

Улашиш: