Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сано ўсимлигини етиштиришга нима дейсиз?

24/Noyabr/2024 03:48
  1246

Сано (Cassia Acutifolia) дуккакдошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 1 метрга етадиган ярим бута ўсимликдир. Сано ксерофит ўсимлик, ёруғсевар ва иссиқсевардир. Ўсимлик намгарчиликни ёқтирмайди. Тупроқ ҳарорати 25—30°С бўлганда яхши ривожланади. Сано учун унумдор, механик таркиби ўртача бўлган тупроқларда экишни тавсия қилинади. Сано экиладиган майдонларни кузда ер ҳайдаш олдидан 20—25 тонна органик ўғит бериб 25—28 сантиметр чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Санони дуккакли ўсимликлар экилган майдонларда экишни тавсия қилинмайди. Экиш олдидан баҳорда тупроқ икки марта бороналанади. Апрель ойларининг ўрталарида тупроқ ҳарорати 18—20°С бўлганда уруғлар экилади. Экишдан олдин санонинг уруғи сульфат кислотасида (3:1 нисбатда) 18—20 минут ушланиб, уни сувда ювиб ва қуритиб ва сабзавот экадиган мосламаларда (СО-4,2 ёки СКОН-4,2) эгат оралари 70 сантиметр қилиб, 2—3 сантиметр чуқурликда уруғлар экилади. Бир гектар ерга ўртача 8—10 кг уруғ сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Сано уруғидан кўпаяди. Санонинг уруғлари 12—15 кундан кейин униб чиқади. Ўсимлик экилгандан кейин ҳаво ҳарорати пасайиб кетса, намгарчилик кўп бўлса ва қатқалоқ бўлган майдонларда илдиз чириш касаллиги билан зарарланади ва униб чиқиши кечикади. Майсалар пайдо бўлгандан кейин 6—8 см чуқурликда культивация қилиниб ва бегона ўтлардан тозаланиб ягана қилинади ва суғорилади. Поялар пайдо бўлгандан сўнг 8—10 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик оралари юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Вегетация давомида санони 6—7 марта суғорилади, гектар ҳисобида 80—90 кг азот, 70 кг фосфор ва 50 кг калий билан озиқлантирилади. Ҳар бир ўғитлаш суғоришдан олдин амалга оширилади. Санонинг хомашёси ўриб олингандан кейин ўсимлик экилган майдонларни, албатта, озиқлантиришни тавсия қилинади.

Маҳсулот тайёрлаш. Санонинг ҳосилини йиғиб олиш муддати, ўсимлик тўлиқ гуллаб, мева ҳосил қилган даврдан (ўсимликнинг барглари мовий рангга кирганда) бошланади. Биринчи навбатда 4—5 кун давомида пастки шохчалардаги барглар қўлда терилади. Иккинчи терим 20—25 кундан кейин амалга оширилади ва бу жараён совуқ тушгунча давом этади. Ўсимликнинг уруғлари (дуккаклари) пишгандан кейин бир неча марта қўлда терилиб тозаланади ва қуритилади. Санонинг териб олинган барглари салқин жойда, брезент устида ёйиб қуритилади. Мавсум давомида яхши парвариш қилинган санонинг ҳар гектаридан 10—12 центнер қуриган барг ва 300 кг гача уруғ йиғиб олиш мумкин бўлади.

alexandrian-senna-834.jpg (137 KB)

 

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: