Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда сабзавот етиштириш (2-мақола)

22/Noyabr/2024 02:04
  1447

Кўчат етиштириш

Помидор уруғларига экишдан олдин замбурғ ва вирус касалликларига қарши ишлов берилиши лозим бўлади. Уруғларни экишдан олдин турли инфекциялардан тозалаш учун қуритиш шкафида олдин икки сутка 50°С ҳароратда ва кейин бир сутка 75-80°С ҳароратда сақланиши лозим бўлади, шундай ҳароратда барча вируслар нобуд бўлади. Уруғларни экиш махсус тайёрланган 35×50×8 см катталикдаги экиш яшикларига ёки тўғри иссиқхона ерига 1-1,5 см чуқурликда амалга оширилади. Ҳар 1 м2 майдон ҳисобига 8-10 г уруғ сарфланиши лозим. Уруғлар тез униб чиқиши учун нам тупроққа экилади. Уруғ экиб бўлингач, устидан чириган гўнг, қипиқ аралашмаси билан мульчаланади, кейин эса устига полиэтилен плёнкаси ёпиб қўйилади. Ушбу тадбир очиқ майдондагига нисбатан тупроқ юзасида намлик ва ҳароратни доимо юқори бўлишини таъминлаб, 5-6 кунда экилган уруғларни ердан тўлиқ униб чиқишига имкон яратади. Лекин қуёшли кунларда плёнкадан фойдаланишда ундаги тупроқ қароратини 35-37°С гача кўтарилиб кетиши уруғни қуритиб қўйиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Шунинг учун ҳароратни доимо назорат қилиб бориш, тупроқ ҳарорати меъёридан ошиб кетса плёнкани очиб қўйиш лозим. Помидор уруғларининг ердан униб чиқиши учун иссиқлик меъёри 24-26°С. Уруғларнинг бир қисми ердан униб чиқиши билан устига ёпилган плёнкалар олиб ташланади (акс холда, униб чиққан ниҳоллар жуда ўсиб кетиб, ётиб қолади).

Ниҳолларда 1-2 тадан чинбарг пайдо бўлган даврда уларни 10×10 см катталикдаги озиқали стаканчаларга кўчириб ўтказилади. Ниҳолларни кўчириб ўтказишдан бир сутка олдин уларни қондириб суғорилади, бу эса уларни осон кўчириб олинишини таъминлайди. Кўчириб олинган ниҳоллар хилланади, нозик, ўсишдан орқада қолган нихоллар чиқитга чиқарилади. Кўчатларни суғоришда жуда эҳтиёт бўлиш лозим, уларни ўта намланиб кетиши ёки тупроғи қуриб қолишига йўл қўймаслик керак, суғоришни ҳаво очиқ кунлари эрталаб бажарилгани маъқул.

Юқори сифатли кўчатда 8-9 тадан барги бўлиб, баландлиги 18-20 см, новдасининг қалинлиги эса 0,8-1,0 см бўлиши лозим. Кўчатларни парваришлаш даврида улар орасидаги касалланганлари, ўсишдан жуда орқада қолган, нозик кўчатларни чиқитга чиқариб, олиб ташланади.

Помидор ўсимликлари ташқи муҳит шароитларига жуда сезгир бўлиб, уларнинг бу хусусияти ўсимликларда гулшода пайдо бўлиши даврида яққол намоён бўлади.

Ниҳолларда биринчи иккита чинбарг пайдо бўлиши ва уларни дастлабки ўсув даврида ҳаво ҳарорати кундузи 13-16°С, кечаси 11-13°С гача пасайтирилиши, айниқса, эртаги навларда биринчи гулшодасидаги мева сони кўп бўлиши натижасида ҳосилдорлик юқори бўлишини таъминлайди. Кейинчалик ҳаво ҳароратини очиқ кунларда 20-24°С, булутли кунларда 18-19°С, кечаси эса 16-17°С атрофида сақланиши лозим.

Ҳаводаги СО2 гази миқдори кундуз кунлари 0,15-0,20% бўлиши лозим. Ҳароратни меъёридан юқори бўлиши ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишини тезлаштиради, натижада меваларни етилиши тезлашади, новда ҳосил бўлиши камайиб, мевалари майдалашиб қолади. Ҳарорат паст бўлганда эса мева тугиши бошланиши кечикиб, ўсимликларни новдалаши кучайиб, гулшодалардаги мева тугиш сони кўпаяди, натижада умумий ҳосилдорлик юқори бўлади Ҳарорат кечалари 14°С дан паст бўлганда чангдон ўсмайди ва мева тугиш бўлмайди, ҳарорат 33-35°С дан юқори бўлганда ҳам чангдонлари стерил бўлиб мева тугиш жараёни бўлмайди. Ҳаво ҳароратини меъёрда бўлиши учун доимо уни созлаб туриш, помидордан юқори ҳосил олиниши таъминлайди. Тупроқнинг қулай ҳарорати ҳам ёруғликка боғлиқ бўлиб, 16-20°С атрофида бўлади, Тупроқ ҳарорати 16°С дан паст бўлиши фосфор моддаси ютилишини кескин сусайтиради, кейинчалик эса сувни ҳам қабул қилинишини камайтириб, ўсимлик ўсишини чеклаб қўяди. Тупроқ ҳарорати 28°С гача кўтарилиши, шу билан бирга тупроқ таркибидаги нордонликнинг кўпайиши нафақат ўсимликни ўсишдан тўхтатиши, балки унинг фузариоз касалига чидамлилик хусусиятини ҳам йўқолишига сабаб бўлади.

Помидор ўсимликлари ёруғликка жуда талабчан бўлиб, улар кўчатлари иссиқхонага экилгандан кейин декабрь-январь ойларида ёруғлик етишмаслиги натижасида одатдагига нисбатан чангдонларида чанг ҳосил қилиш камаяди. Шу туфайли биринчи гулшодасида қишки-баҳорги ўсув даврида мева тугиши жуда суст бўлади. Маҳсулот олиш учун экилган майдонларда бундай бўлишини олдини олиш мақсадида ТУ (трихлорфеноксиуксус кислотаси) препаратидан фойдаланиш лозим. Уруғлик майдонларида эса ўсимликларни силкитиб чиқиш (ёғоч билан сўри симларига уриб чиқиш) кенг қўлланилади ёки ҳар бир гулшодани тебратгич ёрдамида тебратиб чиқиш яхши тадбир ҳисобланади.

Ўсимликларда фотосинтез жараёнларини тўлиқ амалга оширишда ҳарорат ва ёруғликдан ташқари ҳаво таркибидаги СО2 гази миқдори катта аҳамиятга эга. СО2 газини ҳаводаги таркиби меъёрида бўлиши учун унинг ҳавода 0,15-0,2 фоиз атрофида бўлишини таъминлаш. Помидор ўсимликлари унча кўп бўлмаган ҳаво намлигига қараганда тупроқ нами юқори – 80-90 фоиз бўлишига талабчандир.

Ҳаво нисбий намлиги эса 60-70 фоиз атрофида сақланиши лозим. Ҳаво намлиги бундан ошиб кетиши ўсимликларда мева тугиши ёмонлашиши ва уларнинг кулранг чириш, кладоспориоз ҳамда фитофтора касалликлари билан зарарланишига сабаб бўлади. Ҳаво нисбий намлигини пасайтириш шамол ҳайдовчи парраклар орқали амалга оширилади. Суғориш куннинг биринчи ярмида қуёшли кунларда ўтказилади. Қуёш радиацияси кўпайиб бориши ва ҳаво нами миқдорига қараб бир ҳафтада 1-2 маротаба суғориб, шу билан бирга озиқа бериб борилади. Ўғитларни бериш миқдори тупроқ таркибини аниқлаб, керак бўлса, барги орқали аниқлаб, кейин ҳисоблаб чиқилади.

Экиш ва парваришлаш

Қишки-баҳорги экиш мавсумида (уруғларни, кўчатларни) экиш ишлари куз ойларидан бошланиб, бу даврда ёруғлик жуда камайган бўлади. Помидор уруғларини экишни октябрь ойи охири-ноябрь бошларида бошланади, кўчатларни экиш эса ноябрь ойи охири-декабрнинг биринчи ўн кунлигида амалга оширилади. Помидор учун ҳавони яхши ўтказувчан, зараркунандалар билан зарарланмаган ва патоген тупроқлар лозим. Кўчатларни қўш қатор усулда 80+80х40см оралиқда экилади. Экиш олдиндан ковлаб суғориб олинган кўндаланг чуқурчаларга стаканнинг 3 дан 2 қисми кўмиб бажарилади. Жуда эртаги экиш муддатида экиладиган ўсимликлар гуллаш даврида бўлиши лозим. Кечроқ экиш учун эса нисбатан ёш кўчатларни экишга рухсат этилади.

Кўпинча помидор ўсимликларида вегетатив ўсувчи новдалари кучли ўсиб кстиб, мева тугиши камайиб кетади, бу ҳолатни ғовлаб кетиш деб аталади. Новдалари қалинлиги 2,5-3,0 см. га етиб, юқоридаги барглари тўқ яшил рангга киради ва буралиб ўсади. Бундай ҳолат асосан кўпинча тупроқда (бодрингдан сўнг) нитратли азот миқдори жуда кўпайишидан содир бўлиб, ўсимликлар илдиз қисми жуда кучли ривожланиб ва ортиқча намгарчилик кам сабаб бўлади. Чириган қипиқ солиш ва биринчи мева тугилгунча суғоришни тўхтатиб туриш ўсимликлар меъёрида ўсишини таъминлайди. Бундан ташқари ушбу даврда (биринчи гулшодасида) мева тугишини яхшилаш мақсадида ўсимликларни озиқлантириш даврларида таркибида азоти бўлган озиқа моддалари бермаслик керак.

Агарда иссиқхоналарда қипиқ бир текис солинмаса, баъзи ўсимликларда азот моддасига талаб кучаяди, шунда фақат ушбу ўсимликларни қўшимча озиклантириб чиқиш зарур.

Бизнинг истиқболли навларимиз тупроқлардаги озиқ моддаларга жуда талабчандир.

Экишдан олдин ва ўсув даврида органик ҳамда минерал озиқа моддаларни солишдан фақат тупроқни агрохимик аниқлаш натижаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Органик моддалар миқдори 20 фоиз атрофида сақланиши керак, бунинг учун кузги-қишки экиш даврида тупроққа асосий ишлов беришдан олдин ҳар бир гектар иссиқхона майдонига камида 400 тонна чиринди ва 100-150 тонна ғоваклаштирувчи модда (қипиқ, сомон майдаси ва бошқалар) солиниши зарур.

Тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 г тупроқда 100 мг, нитратли ва аммиакли азот миқдори эса 25-30, сувда эрувчи калий 50-60 мг/100 г атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари тупроқ таркибидаги хлор миқдори ҳар 100 г тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 25-30 мг/100 г, калций эса камида 100-120 мг бўлиши лозим.

Азотли ўғитларни калийли КNО3 ва калцийли Са (NО3)2 селитра шаклидаги берилгани маъқул, калийли ўгитларни сульфат калий К2SО4 шаклида (таркибда), фосфорлийларни эса қўш суперфосфат Са (Н2РО4)2 шаклида ёки ўсув даврида якка аралашмали калий фосфат шаклда берилади. Экилган кўчатларнинг каноп ипли сўриларга боғлаб чиқилади, боғлашда илдиз бўғизини қаттиқ сиқиб қўймаслик, канопни қаттиқ тортиб боғлаб қўймаслик керак.

Ўсимликларга битта пояли қилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6-7 см дан ўсиб кетмасдан уларни ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимлик учини ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади, сўрини симли қисмигача ўсгач эса кўндалангига ўраб турилади. Ундаги мевалари пиша бошлаши даврида гулшодадаги барча ундаги пастки баргларини олиб ташланади. Бу ишни ҳар ҳафтада бир маротаба бажарилиб 1 маротаба 1-2 тадан барги олиб ташланади. Ўсув мавсумининг тугалланишигача 6-7 ҳафта давомида ўсимлик учки қисмини юқоридаги гулшода тепасида 2 тадан барг қолдириб чимдиб турилади. Меваларни тўлиқ етилиб пишмасдан ёки қизил бўлиб пишган даврларида ҳар ҳафтада 2-3 маротаба терилади.

Кўкламги экиш мавсуми – ушбу мавсумдаги плёнкалик иссиқхоналарнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларда очиқ майдонлар учун кўчатлар етиштириб олингандан сўнг помидор экиб парваришланади. Бу даврда экиш учун тезпишар, детерминант, очиқ майдонларга экилганлари ҳосили пишгунча юқори ҳосил олишни таъминловчи Субҳидам помидор навидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бунда плёнкали иссиқхоналарда помидордан юқори ҳосил етиштиришда экиладиган кўчатнинг сифати катта аҳамиятга эга. Плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштириш худди ойнали иссиқхоналар учун кўчат етиштиришдаги каби бажарилади.

Экиш муддати – плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштиришда уруғни январь ойининг биринчи ярмида экилади Баҳорда иссиқхонага экиш учун 50-55 кунлик кўчатлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай кўчатлар баландлиги 35-40 см, 1 тадан гулшодаси ва ўртача 8-10 тадан барги бўлади.

Помидор кўчатлари плёнкали иссиқхоналарга экилгандан кейин парваришлаш жараёнлари

Плёнкали кўкламги иссиқхоналарга помидор кўчатларини февраль ойининг иккинчи ярмидан, март ойи бошларигача экилади. Экиладиган кўчат ёши ҳосилининг етилиш муддатларига таъсир этади. Кузатув натижаларига кўра, Субҳидам навининг 55 кунлик кўчатлари экилганда меваларининг етилиши, экилгандан кейин 50-55 кун ўтгач апрель ойи охири-май бошларида бошланади.

Экишнинг ҳар 10 кунга кечикиши ҳар 1 м2 майдондан олинадиган ҳосил миқдорини 1,8-2,0 кг. гача, умумий ҳосил эса 1 кг. гача камайишига олиб келади. Помидор ўсимликларини озиқа майдонининг катта-кичиклиги тупдаги барг пайдо бўлиши ва тупнинг ўсиш кучига қараб белгиланади. Бу эса асосан экиладиган нав хусусиятига ва етиштиришдаги шароитларига, яъни ёруғлик миқдори, озиқа ва иссиқликка боғлиқдир.

Субҳидам нави кўчатларини 80×40 см оралиқда ёки ҳар 1 м2 майдонга 3 тупдан экиш тавсия этилади. Ўсув даврида тупни 1-2 новдали қилиб шакл берилади, ҳар бир новдада 6-8 тадан гулшода қолдирилади.

Ўсимликлардаги бачкилар 3-5 см узунликка етганда уларни доимо олиб ташлаш лозим. Бачкиларни йўқотиш оралиғи об-ҳаво шароити ва ўсимликларни озиқа билан таъминланишига боғлиқ. Шуни назарда тутиш керакки, серёғин кўклам даврида ҳамда азотли ўғитлар билан меъёридан ортиқ озиқлантириш бачки новдаларнинг одатдагидан тез ўсишига олиб келади.

Маълумки, кўчатлар экилгач, орадан 8-10 кун ўтгач, ўсимликлар суриладиган канопга боғлаб чиқилади. Плёнкали иссиқхоналарда помидор учун лозим бўлган қулай шароитни яратиш жуда мураккабдир. Ҳавонинг нисбий намлиги 60-65 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Намлик кўрсатилган меъёрдан ошиб, 70-75 фоизга етиши иссиқхонада қўнғир доғланиш, кулранг чириш ва фитофтороз касалликлири ривожланиши учун шароит яратади.

Помидор учун ҳаво ҳароратининг қулай меъёри ҳаво очиқ кунларда 26°С, булутли кунларда шундан 2-4°С пастроқ ва кечалари эса 18°С атрофида сақланиши зарур. Помидор ўсимликларини парваришлашда уларни шамоллатишга алоҳида эътибор бериш, яъни юқоридан шамоллатиш билан бирга ён атрофларидан ҳам шамол бериш керак.

Ҳаво булутли кунларда ялписига касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳаво намлигини камайтириш керак. Бунинг учун иссиқхона бир йўла ҳам шамоллатилади, ҳам иситилади.

Ҳаво алмашинишини яхшилаш учун меваларининг пишиши бошланиш даврида ўсимликлар гулшодаси пастидаги барги олиб ташланади (1 ҳафтада 2-3 дона). Бу тадбир эрталаб бажарилади ва кейин иссиқхона яхшилаб шамоллатилади. Помидор ўсимликларини кам суғориш, яъни ҳар 1 м2 майдон ҳисобига 15-20 л берилиши лозим. Тупроқдаги намликни ЧДНСдан 70-80 фоиз атрофида сақланади.

Намлик меъёридан кўпайиб кетиши ўсимлик гуллари, мевалари тўкилишига, мевалари ёрилиб кетиши. учидан чириш касаллиги пайдо бўлишига сабаб бўлади, мева таркибидаги кальций миқдори 0,7 фоиздан камайиб кетса, ушбу ҳолат кучаяди.

Суғоришнинг мураккаблиги шундан иборатки, сув қуйилганда фақат кўпроқ намланиши лозим, ўсимлик ва ҳаво қуруқ бўлиши керак. Бундай суғориш учун ер остидан сув бериш ва эгатлардан суғориш усули энг самарали ҳисобланади. Суғоришдан кейин эгатлар устига қуруқ тупроқ сепиб мульчаланади. Сув ҳарорати 20°С дан кам бўлмаслиги керак. Ноқулай об-ҳаво ёки тупроқ шароитларида озиқа моддаларини ўзлаштирилиши, илдиздан ташқари озиқлантириш орқали тўлдириб борилади.

Помидорнинг эртаги экиш мудцатларида ёруғлик етишмаслиги ва намлик кўпайиб кетиши оқибатида унинг гуллари чангланиши қийинлашади, чунки унинг гулдони очилмайди, шунинг учун гул шодаларига ТУ, Бизон ва бошқа ўстирувчи моддалар билан ишлов бериш тавсия этилади.

Помидорни озиқлантиришда бериладиган минерал ўғитлар миқдори кўпроқ таркибини аниқлаш натижаларига мувофиқ ҳисобланади. Ўсимликлар жадал ўсиб, ялписига мева тугиши даврида тупроқдаги азот ва калий ўғитларини мутаносиблиги 1,0:1,5 бўлиши лозим.

Мева пишиши бошланишидан 1-2 ҳафта олдин, баргда хлороз бўлишининг олдини олиш учун озиқлантиришда озиқа таркибидаги магний миқдорини кўпайтириш ёки (MgSO4 – 0,5%) ушбу микроўғит билан илдиздан ташқари озиқлантирилиши зарур.

Ўсимликлардаги биринчи меваси пишиши даврида ва кейинги ойлар давомида уларни тўғри озиқлантирилаётганини аниқлаш мақсадида ўсимлик учидаги 2-3 та барги гулшодасидаги гулларнинг очилиши муддатларини кузатиб бориш катта аҳамиятга эга. Агарда кундузи иккита юқоридаги барг енгил ўралса, кечаси эса тўғриланса, агар гулшодасида бир вақтда 2-3 та гули очилса, демак ўсимликлар нормал шароитда ўсаётган бўлади, шунинг учун тупроқ ва ҳаво ҳароратларини суғоришни ва озиқлантиришни ўзгартириш шарт эмас.

Юқорида тавсия этилган парвариш усулларини иситиладиган плёнкали иссиқхоналарда Субҳидам помидор навини парваришлашда қўллаш ҳар 1 м2 майдондан 8-10 кг. дан, иситилмайдиган плёнкали иссиқҳоналарда эса 6–7 кг. дан ҳосил йиғиб олиш имконини беради.

Бодрингнинг партенокарпик дурагайи – Стелла F1 навини парваришлашнинг айрим хусусиятлари

Гетерозис, партенокарпик Стелла F1 бодрингини дурагай нави Россиянинг Сабзавотчилик илмий-текшириш институти селекционерлари томонидан яратилган. Қишки-баҳорги экиш мавсумида уруғи ердан тўлиқ униб чиққандан то биринчи ҳосили теримигача ўсув даври 48-55 кунни ташкил этади. Бодрингнинг партенокарпик дурагайи, асалари билан чангланувчи навлардан кескин фарқланади, яъни улар жуда ривожланган барг, поя ва илдиз қисмига эга, шу туфайли жуда ҳосилдордир. Шу билан бирга улар ташқи муҳит шароитларига, жумладан, ёруғликка, иссиқликка ва тупроқ таркибидаги намликларга жуда талабчандир. Улар ташқи муҳит шароитларини кескин ўзгаришига чидамсиздир.

Партенокарпик бодринг дурагайларини бошқа навлардан муҳим устунлиги унинг мевасида аччиқтаъми йўқлигидир. Партенокарпик бодрингларни чанглатиш керак эмас, чанглатиш уларга салбий таъсир этади, яъни мевалари қинғир қийшиқ бўлиб, натижада улар сифати пасаяди.

Урғочи гул ҳосил қилиш усули бўйича партенокарпик дурагайлар учта гуруҳга бўлинади:

I – аралаш гулловчи ёки ҳам эркак, ҳам урғочи гул ҳосил қилувчи (Барнацлец, 440 ва бошқ);

II – урғочи гули кўп, эркак гули эса жуда кам миқдорни ташкил этувчи (Кукарача, Зозуля);

III – фақат урғочи гул ҳосил қилувчи, эркак гуллари ҳеч ҳосил қилмайдиган (Бирюса, Лаза, Стелла) дурагайларидир.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов


Улашиш: