Шовул ўсимлигинининг биологик хусусиятлари ва ўстириш усуллари
Биологик хусусиятлари. Rumex acetora L. – маҳаллий номи шовул бўлиб, отқулоқдошлар – Polygonaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик ҳисобланади. Ўсимлик таркибида 81 мг % га яқин С витамини, 8 мг % каротин, В1, В2, К, РР витаминлари, темир, калий, марганец, кремний каби минерал ва олма, лимон, оқсалат кислотаси, эмодий, мой ва эфир мойлари, оқсил, қанд, фловоноид ва смолалар борлиги аниқланган (Ибрагимов, 2016). Илдизи 30% гача таннид сақлайди. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда бу ўсимлик ҳозирги кунда энг асосий сабзавот ўсимликларидан ҳисобланади. Шовул ўсимлигини илдизи ва барглари ҳалқ ва илмий тиббиётда сариқ касаллиги, қон кетиши ва ошқозон – ичак касалликларини даволашда асосий доривор воситалардан ҳисобланади. Шовул ўсимлигини ёввойи ҳолда Европа ва Осиё давлатларида тарқалган бўлиб, биринчилар қаторида Францияда маданийлаштирилган. Кейинчалик бу ўсимликни Ғарбий Европа ва Собиқ иттифоқда экиб ўстирила бошланган (Вехов ва бош. 1978). Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам экиб ўстириб ундан фойдаланилмоқда. Ўсимлик баргларини тўғридан – тўғри салат қилиб, қайнатилган ҳолда турли ҳилдаги таомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Ўсимликдан чорва моллари кўп истеъмол қилганда, зарарланиши ҳам мумкин (Сумневич, 1953).
Шовулни ўстириш. Ўсимлик уруғлари орқали кўпаяди. Уруғлари уч қиррали ёнғоқча бўлиб жигар рангда бўлади. Бўйи 1,5 – 3 мм., эни 1 – 1,5 мм. бўлиб, ниҳоятда майда. Унувчанлик даражаси 95 – 98% ни ташкил этади. Ўзбекистон шароитда ердан қор кетгандан сўнг март ойларида ҳайдалган, ўғитланган ерларда 1 – 1,5 мм чуқурликда экиш ёки сепибустини хаскашлаш орқали ундириб олинади. Худди шундай усулда ҳимояланган тупроқда (парник ва теплица шароитида) ҳам ўсимликни экиб ўстириш мумкин. Баҳорда экиб чиқилган ўсимликларни табиий ёмғир сувлари орқали ҳам, иссиқхона учун ўстирилганларини вақти – вақти билан суғориб, ўстириб олинади. Ўсимликни биринчи йили вегетациясида ўқ илдиз унча чуқур бормасдан, ён томонларга бир қанча ён илдизчаларни ҳосил қилади. Ер устки қисмида биринчи йили фақат розетка баргларини ҳосил қилади. Уларни сони ёз ойларида 6 – 10 тага бориши, бўйи 25 – 30 см., эни 5 – 6 см. гача бориши аниқланди. Баргларни банди ўртача 15 – 20 см бўлади. Ўсимликни ҳаддан ташқари кўп суғориш, ўсимликда турли ҳилдаги замбуруғларни кўпайиб кетишига сабаб бўлади. Очиқ майдонларда экилган ўсимликларда иккинчи йилдан бошлаб генератив фазани бошланиши аниқланди. Бунда пояларни бўйи 50 – 70 см. гача бориб, юқори томондан шохланиши кузатилди. Поядаги баргларда барг бандини қисқариб бориши, сийрак жойлашиши аниқланди. Ўсимлик уруғидан экилган ўсимликлардан май ойининг охиридан бошлаб баргларидан фойдаланиш мумкин. Ҳосилдорлик ўртача 100 – 150 ц. гача бориши мумкин. Иккинчи йили шу майдонлардан ўсимлик уруғини ва кейинчалик баргларини ҳам йиғиб олиш мумкин. Шовул экилган майдонларни ҳар 3 – 4 йилда алмаштириб қайтадан янги плантациялар ҳосил қилиш мумкин. Ҳимояланган тупроқда ўстирилган ўсимликлардан қиш ойларида ҳам кўп масса олиб фойдаланиш мумкинлиги аниқланган.
Манба:
Жабборов А., Джаббаров З.А., Джураева Л.Б. (2017). Шовул – rumex acetoral. ўсимлигини биологик хусусиятлари ва ўстириш усуллари. «Аграр соҳани барқарор ривожлантиришда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси» мавзусидаги профессор-ўқитувчи ва ёш олимларнинг I илмий-амалий конференцияси материаллари тўплами. Тошкент.