Алиссум (каменник) гули
Алиссум, каменник, бурачок — крестгуллилар оиласидаги бир йиллик ўсимлик. Ўрта Ер денгизи ва Ўрта Европадан келтирилган. Жанубий Европа нави — денгиз аллиссуми энг кўп тарқалгандир. Туплар навига кўра тарвақайлаган ёки ихчам, баландлиги 10-20 см бўлади. Барглари ингичка наштарсимон. Гуллари оч ва бинафша рангда, хушбўй қалин попукка тўпланган, тўлиқ ривожланганида бутун ўсимликни қоплайди. Июлдан совуқ тушгунча гуллайди лекин манзарасини сақлаш ва гуллаш даврини узайтириш учун пояларини тўлиқ мева тугиш вақтида 5-8 см.га кесиш керак. Шундан сўнг ўсимлик тез ўсади ва иккинчи марта гуллайди.
Уруғлари мартда иссиқхоналарга ёки апрел бошларида очиқ ерларга сепилади. Ўсимлик совуққа чидамли бўлгани учун кеч кузда сепиш ҳам мумкин. Экишдаги ёки яганалашдан кейинги оралиқ масофа 10 см.дир. Куёшли очиқ жойларда яхши ривожланади, лекин сояга ҳам чидамли. Исталган тупроқда ўсади, аммо енгил, озукали ва мўътадил нам тупроқни афзал кўради.
Ҳимоя (бордюр) ўсимлиги сифатида тошли томорқаларда, альп тоғчаларида, гулдонлар ва айвонларда ишлатилади.
Манба:
Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».