Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Андижонликлар биринчи бўлиб ўлкамизда банан етиштиришни йўлга қўйишди!

24/Noyabr/2024 00:58
  2004

Асака туманида юртимизда биринчи бўлиб банан етиштириш йўлга қўйилди, деб ёзади «Оила даврасида» газетаси.

Кўз тегмасин, бозорларимиз турли меваларга сероб. Заминимизда етиштирилган мевалар хуштаъми билан ­дунёга машҳур. Шу билан бирга, бободеҳқонларимиз ҳатто, хорижда ўсадиган меваларни ҳам тупроғимизга, иқлим-шароитимизга мослаштирмоқда. Маълумки, кўп цитрус мевалар четдан каттагина валюта эвазига келади. Шу боис нархи ҳам анча қиммат. Агар улар ўзимизда етиштирилса-чи?

Асака туманидаги «Сабо ҳамкор» масъулияти чекланган жамияти иссиқхона комплексида жорий йилнинг 15 апрелида 5 минг туп банан кўчати ўтқизилди. Банан етиштириш — Ўзбекистон учун янгилик.

— Туркиянинг «Аsiya Modern Serachilik» компанияси билан тузилган шартномага асосан, иссиқхона ускуналарини келтириб монтаж қилдик, — дейди «Сабо ҳамкор» МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Дадажонов. — Ажратилган 5,8 гектар ер майдонининг 3 гектарида иссиқхона комплекси барпо этдик. Унинг 2 гектарига банан,1 гектарига гидропоника усулида помидор экдик.

— Иссиқхонада банан етиштириш ғояси қандай пайдо бўлди?

— Туркиялик ҳамкорларнинг иссиқхонада банан етиштиришини кўриб, «Ўзимизда ҳам етиштирса бўлмасмикан?», деган фикрни ўйладим. Олиб келиб синаб кўрдик, ўхшади. Мана, иссиқхона қурдик ва экдик.

— Илгари ҳам банан экиб кўриш тажрибаси кузатилганми?

— Ҳа, кузатилган. Айримлар ўз ҳовлисида банан экиб синаб кўрган. Албатта, фақат ўзи учун. Аммо мана бундай саноат миқёсида, инновацион технологиялар асосида етиштириш биринчи марта амалга оширилмоқда.

— Қачон ва қанча муддатда ҳосил олинади?

— Аслида банан кўчатининг ўсув даври 11 ой. Яъни, биринчи марта шунча муддатда меваси пишади. Аммо ўсиш (вегетация) даврида танасида, дейлик, икки-уч ойлардан сўнг, қўшимча шохлар ўсиб чиқади ва улар ҳам ҳосилга киради. Хуллас, бориб-бориб, ҳар 7-8 ойда ҳосил олинаверади. Бир туп банандан ўртача 45-50 килограммгача ҳосил олиш мумкин.

— Ҳозир қайси навларидан ўтқизгансиз?

— Серҳосил «Пастак Кавендиш» нави ўтқизилган. Таъми жуда ширин. Тез қорайиб кетмайди. Унинг бир марта экилган кўчатидан 12-15 йил давомида ҳосил олиш мумкин. Банан аслида дарахт эмас — ўт.

— Бу иш кетган харажатларни қанча вақтда оқлайди?

— Ҳисоб-китобларга қараганда, икки йил ичида кредитни тўлиқ ёпиб, учинчи йилдан соф даромад ола бошлаш мумкин.

— Парвариши қандай? Инжиқ экин эмасми?

— Инжиқ эмас. Фақат иссиқхона ичида банан яхши кўрадиган ҳарорат ва намлик меъёрида ушлаб турилса, вақтида суғорилса бас. Банан +14 дан +30 даражагача бўлган ҳароратни яхши кўради. 14 даражадан паст бўлса, уйқуга кетади, 30 дан юқори бўлса, меваси ва гули тўкилиб кетади. Қуёшсевар ўсимлик эмас. Намлик даражаси иссиқхона ичида 70-80 фоиз бўлиши лозим. Кесиб ташланган шохлари ва чиқитлари майдалаб тупроққа аралаштирса, жуда яхши ўғит бўлади. Ҳатто, унумсиз, ориқ ернинг ҳам ҳосилдорлигини оширади. Иссиқхонада шамоллатиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш, озиқлантириш ишларини атиги битта оператор бажаради.

— Суғориш-чи?

— Бу ишни икки хил усулда ташкил этганмиз. Юқоридан ёмғирлатиб, пастдан томчилатиб. Банан тагидаги тупроқнинг лой бўлиб кетиши ёки жуда қақраб кетишини ёқтирмайди. Суғориш жараёнида сувга керакли минераллар, ўғитлар ва озиқ моддалар қўшилади. Агар ўсимликларда бирор касаллик аниқланса, юқоридан дорили аралашма пуркалади.

— Неча киши иш билан таъминланган?

— Биргина банан етиштиришда 25 киши доимий иш билан банд. Улар бошламасига ўртача 700-800 минг сўм ойлик олмоқда. Ҳосил мавсумида ва келгусида ишлар тўла йўлга қўйилганда маошлари янада ошади, албатта.

— Фаолиятингизни янада кенгайтириш ниятингиз борми?

— Албатта. Давлатимиз раҳбари Асакага қилган ташрифи чоғида ҳам буни бутун республикага ёйиш борасида қимматли кўрсатма ва топшириқлар берди. Агар республикамизда банан етиштиришни хоҳловчи тадбиркорлар бўлса, ёрдамга тайёрмиз. Уларга ана шундай иссиқхоналар қуриш, банан экиш ва уни қандай етиштиришда тажрибаларимиз билан ўртоқлашамиз.

— Банан, помидордан ташқари яна қандай экинлар экишни йўлга қўймоқчисиз?

— Келгусида Грузиядан мандариннинг «Сатсума» навини олиб келиб иссиқхонага экмоқчиман, яна ананас етиштиришни ният қилганман.

Банан:

• ичак микрофлорасини яхшилайди;

• овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради;

• таркибидаги темир анемия профилактикасида мухим ҳисобланади;

• иммунитетни мустаҳкамлайди;

• суяклар мустаҳкамлигини таъминлайди.

Манба: od-press.uz.   Муаллиф: Нурпўлат Нурқулов

Улашиш: