Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қон бити (Eriosoma lanigerum Hausm) - мевали дарахтлар зараркунандаси

23/Noyabr/2024 19:53
  1252

Зарари. Олма, нок ва бошқа мевали дарахтларнинг илдизини, тана ва шохларининг ширасини сўриб, дарахтларни кучсизлантиради. Битнинг шира сўрган жойларида ғуддалар пайдо бўлади, улар кейинчалик ёрилиб, чирийди. Қон бити тушган ёш дарахтлар кўпинча қуриб қолади, катта дарахтлар эса кучсизланиб, ҳосили жуда камайиб кетади. Қон бити кўп тушган шохлар қурийди.

Таърифи. Қанотсизи тўқ қизил бўлиб, усти мумсимон парли оқ ғубор билан қопланган. Қон бит танаси тухум шаклида, қанотсиз бит вояга етганда узунлиги 2,1–2,6 мм. Қанотли битнинг oқ пари фақат қорнининг учида бўлади. Гавдаси цилиндр шаклида бўлиб, узунлиги 2,2 мм. Тухуми чўзинчоқ, бўйи 0,5 мм, юпқа оқ чанги бор, дастлаб зарғалдоқ рангда, 3–6 кундан кейин эса, жигар ранг тусга киради.

Ҳаёт даври. Қон бити ҳар хил ёшдаги личинка ва вояга етган ҳашаротлик ҳолатида олма дарахтларининг илдизларида, пўстлоқ ёриқларида ва йўғон шохларининг асосида қишлайди. Февраль охири, март ойи бошларида битлар уйғониб, дастлаб қишлаган жойларида озиқлана бошлайди, сўнгра дарахтларга ўрмалаб чиқиб, пўстлоғи нозик ёки зарарланган жойларига ўрнашиб олади. Битларнинг галалари сидирға мум пар билан қопланади. Қон бити ёз бўйи 15–17 та бўғин беради. Апрель охири, май ойи бошларида личинкаларнинг бир қисмида қанот бошланғичлари пайдо бўлади ва улардан қанотли битлар етишади. Дастлаб қанотли битлар жуда кам бўлиб, август охири, сентябрь ойида кўплаб пайдо бўлади. Янги боғларга кўчат билан тарқалади.

Уйғунлашган кураш чоралари. Қон битининг кўпайишига йўл қўймаслик ва дарахтларни касалликлардан сақлаш учун олма дарахтларининг кесилган ва чақаланган жойларига ёғ билан боғ қоришмаси ёки лойқа лой суркаб қўйилади. Қон бити тушган боғ ва кўчатзорлардан кўчатларни фумигация қилмасдан олиш ярамайди. Куртаклар бўртиш вақтида ёғли препаратларни қишлаётган зараркунандаларга қарши пуркаш энг самарали ҳисобланади.

Кураш чораси: Куртаклар бўртиш вақтида минерал мойлар билан таркибида хлорпирифос ёки диазинон бўлган воситаларни аралаштириб ишлов берилади. Вегетация даврида эса таркибида спиротетромат ёки диазинон бўлган препаратлар билан ишлов берилади.

69.jpg (10 KB)

 

Манба:

Олма зараркунандалари  ва касалликларига қарши кураш. Маълумотнома. БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, 2016.

Улашиш: