Навоийда 800 тонна пилла етиштирилади
Навоий вилоятида пиллачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир. Жумладан, мавжуд тутзорлар кенгайтирилиб, кўчатлар сафи тўлдирилди, дея хабар беради ЎзА.
Пилла кластер усулида етиштирилмоқда. “Кармана пилла хазинаси”, “Навоий ипак қурти уруғи”, “Кармана Ал-Азиз ипаги” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Хатирчи пилла хазинаси” хусусий корхонаси бу борада ижобий натижаларга эришаётир.
– Соҳада тажрибага эга қатор фермер ва оилавий хўжаликлар пилла парваришидек жуда нозик ишни якунига етказиб, етиштирилган ҳосилни буюртмачиларга етказиб бермоқда, – дейди “Навоий ҳудудий агропилла” масъулияти чекланган жамияти бош агрономи Х.Очилов. – Ипак қурти парваришида уларга етакчи мутахассисларимиз яқиндан кўмаклашди. Натижада ҳосилдорлик ортди. Айни кунгача тарқатилган 1135 қути ипак қуртининг ҳосили терилиб, корхоналарга 63,3 тонна пилла топширилди. Унинг бир қисми энг сифатли нав – уруғлик учун сараланди. Ўртача ҳосилдорлик бир қутидан 56 килограммни ташкил этмоқда.
Кармана туманидаги “Севолтепа равнақи”, Қизилтепа туманидаги “Нигорабону Севарахон”, “Аҳмад Намоз”, Навбаҳор туманидаги “Қаҳҳор Саид” фермер хўжаликлари пиллакорлари белгиланган режани ортиғи билан бажарди.
Вилоятда пилла топшириш қизғин давом этмоқда.
Манба: ЎзА. Муаллиф: Нуриддин Раҳимов.